Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ ТАРКИБИДА ЯНГИОБОД МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ ТУМАНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
Сирдарё вилоятининг Жиззах вилоятига туташ Ховос ва Боёвут туманларининг жанубий ҳудудлари ижтимоий-иқтисодий ривожини жадаллаштириш, раҳбарлик самарадорлигини ошириш, аҳолига транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатишни яхшилаш, фуқароларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадларида, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таклифини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Жиззах вилояти таркибида Сирдарё вилояти Ховос ва Боёвут туманлари ҳудудларининг бир қисми ҳисобига умумий майдони 717,4 квадрат километрга тенг, ҳокимият ижроия органларининг алоҳида ўзига хос структурасига эга бўлган Янгиобод маъмурий-ҳудудий тумани тузилсин (1-илова).
2. Янгиобод маъмурий-ҳудудий тумани таркибига Ховос туманидаги Баландчақир, Пасткичақир, Пучуғой, Паркент, Янгиобод, Сайдон, Мелиобод, Намингон, Чаканд, Мўғол, Варқин, Марказ, Болғали, Пасткисармич, Юқорисармич, Жўлангар, Искандар, Тўқбой, Соҳибкор, Совот, Баёт, Хўжамушкент, Феруз, Эрганакли, Уювли, Қўшқанд, Чанговул, Ҳавотоғ, Учтургон аҳоли пунктлари ҳамда Боёвут туманидаги Қўриқ аҳоли пункти ўтказилсин.
3. Янгиобод маъмурий-ҳудудий туманининг маркази деб Баландчақир аҳоли пункти белгилансин.
4. Жиззах, Сирдарё вилоятлари ҳамда Янгиобод маъмурий-ҳудудий туманининг чегаралари график чизмага (2, 3, 4-иловалар) мувофиқ тасдиқлансин.
5. Жиззах вилояти доирасига киритилаётган ҳудудда жойлашган сайлов округлари бўйича сайланган Сирдарё вилояти Кенгашининг депутатлари — халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг депутатлари эканлиги, янги тузилган Янгиобод маъмурий-ҳудудий тумани ҳудудида жойлашган сайлов округлари бўйича сайланган Ховос тумани Кенгашининг депутатлари эса — халқ депутатлари Янгиобод тумани Кенгашининг депутатлари эканлиги белгилаб қўйилсин.
6. Халқ депутатлари Янгиобод туманининг Кенгаши Янгиобод маъмурий-ҳудудий тумани давлат ҳокимиятининг ваколатли вакиллик органи деб ҳисоблансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Янгиобод маъмурий-ҳудудий тумани ҳокимият ижроия органларини тузиш ва улар фаолият кўрсатишига доир масалаларни кўриб чиқсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 15 апрель,
774-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 5-сон, 126-модда)