|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 20.06.2016
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОБЪЕКТЛАРИДА, ШАҲАРЛАРИДА, ШАҲАР КЎРИНИШИДАГИ ШАҲАРЧАЛАРИДА, ТУМАНЛАРНИНГ МАРКАЗЛАРИДА ВА АҲОЛИ ЯШАЙДИГАН БОШҚА ЖОЙЛАРДА ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИНИНГ ЁНҒИН СОҚЧИЛИГИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 июндаги 200-сонли «Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасидаги аҳоли яшаш жойларини, объектларни ёнғинга қарши ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, ёнғин соқчилигини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки:
а) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳарбийлаштирилган ёнғин соқчилиги алоҳида давлат аҳамиятига эга бўлган ёки ёнғин чиқиш ва портлаш хавфи кўпроқ бўлган объектларда, шунингдек, аҳолиси 50 минг ва ундан зиёд бўлган шаҳарлар (рўйхати илова* қилинмоқда)да ташкил этилади.
* Илова келтирилмайди.
Ташкил этилаётган ҳарбийлаштирилган ёнғин соқчилигининг ходимлари сони ва тузилмаси тасдиқланган ходимлар сони ва уларни сақлаш учун бюджетдан ажратилган маблағлар доирасида Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади;
(1-банд «а» кичик банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг профессионал ёнғин соқчилиги қолган объектларда, шаҳарларда, шаҳар кўринишидаги шаҳарчаларда, туманларнинг марказларида ва аҳоли яшайдиган бошқа жойларда ташкил этилади.
Профессионал соқчилик ташкил этилиши лозим бўлган шаҳарлар, шаҳар кўринишидаги шаҳарчалар, туманларнинг марказлари ҳамда аҳоли яшаш жойлари рўйхати ва ушбу соқчилик ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади (йилига бир марта 1 сентябрда);
в) халқ хўжалиги объектларини ёнғиндан сақлаш (Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва «Ўздавзахира» қўмитаси объектлари бундан мустасно) корхоналар, ташкилотлар, муассасалар раҳбарларининг Ички ишлар вазирлиги органлари билан тузиладиган шартномаларига кўра амалга оширилади.
Ҳарбийлаштирилган ёки профессионал ёнғин соқчилиги ташкил этилиши зарур бўлган халқ хўжалиги объектлари рўйхати ва ушбу соқчилик ходимлари сони амалдаги нормалар ва қоидалар асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади;
(1-банд «в» кичик банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 9 мартдаги 113-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 10-сон, 118-модда)
г) Ички ишлар вазирлигининг ёнғин соқчилигини маблағ билан таъминлаш учун харажатлар:
шаҳарларни муҳофаза қилувчи ҳарбийлаштирилган ёнғин соқчилиги бўйича — Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобига;
(1-банд «г» кичик банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
шаҳарларни, шаҳар кўринишидаги шаҳарчаларни, туманлар марказларини муҳофаза қилувчи профессионал ёнғин соқчилиги бўйича — Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобига;
(1-банднинг «г» кичик банди учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
саноат корхоналарининг ва бошқа объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминловчи ҳарбийлаштирилган ва профессионал ёнғин соқчилиги бўйича — тегишли корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар билан тузиладиган шартномаларга кўра олинадиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади;
д) ўт ўчирувчилар депоси қурилиши шаҳарларда, шаҳар кўринишидаги шаҳарчаларда, туманларнинг марказларида ва аҳоли яшаш жойларида шаҳарлар ҳамда туманлар ҳокимликларининг ижроия аппаратлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, капитал қўйилмалар режаси бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва олдини олиш чора-тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган давлат суғуртаси бўйича тўловлардан ушлаб қолинадиган маблағлар ҳисобига, шунингдек, улуш асосида объектлар томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига, саноат ва бошқа объектларда эса корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан ажратиладиган ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади;
(1-банднинг «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
е) ўт ўчирувчилар депоси биноларидан фойдаланиш ва уларни жиҳозлаш, ўт ўчириш, ҳисоблаш ва кўпайтириш техникалари, автотранспорт, ёнилғи-мойлаш материаллари, махсус кийим-бош, алоқа воситалари, диагностика аппаратлари, жиҳозлар ва ёнғиндан сақлаш бўлинмалари учун ёнғин-техника асбоблари сотиб олиш:
шаҳарларда ташкил этиладиган ҳарбийлаштирилган ёнғин соқчилиги бўйича — Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобига;
(1-банднинг «е» кичик банди иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
шаҳарларда, шаҳар кўринишидаги шаҳарчаларда, туман марказларида ва аҳоли яшаш жойларида ташкил этиладиган профессионал ёнғин соқчилиги бўйича — шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига;
ёнғинга қарши воситалари ва автомат сигналлари бўлган халқ хўжалиги объектларида ташкил этиладиган ҳарбийлаштирилган ва профессионал ёнғин соқчилиги бўйича — тузилган шартномаларга мувофиқ корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади;
ж) ёнғин соқчилиги бошқармалари ва бўлимлари штатига — ҳарбийлаштирилган ёнғин соқчилиги бўйича;
ёнғин соқчилиги бошқармалари ва бўлимлари штатига, шунингдек, давлат ёнғин назорати бўлимлари (бўлинмалари, инспекциялари) штатига — профессионал ёнғин соқчилигига раҳбарлик қилувчи қўшимча ходимлар лавозимларини жорий этиш тегишли равишда ҳарбийлаштирилган профессионал ёнғин соқчилиги ходимлари сони ва иш ҳақи фонди ҳисобига амалга оширилади, лекин у соқчиликнинг ҳар бир тури ходимлари умумий сонининг 4 фоизидан ошиб кетмаслиги керак.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 1996 йилдан бошлаб Ички ишлар вазирлигига мазкур қарордан келиб чиқадиган харажатлар учун маблағлар ажратишни назарда тутсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар:
ўт ўчириш депоси биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал тузатиш, халқ хўжалиги объектларини ва аҳоли яшаш жойларини ёнғин техникаси, ёнғин-техника жиҳозлари, ёнғинга қарши ҳимоя қурилмалари билан таъминлаш ва уларни соз ҳолда сақлаш юзасидан чора-тадбирлар кўрсинлар;
ёнғин хавфсизлиги нормалари ва қоидалари талабларини бажармаганлик ва уларни бузганлик учун раҳбарларни ҳамда мансабдор шахсларни қаттиқ интизомий жавобгарликка тортсинлар.
4. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1966 йил 27 июлдаги 384-сон ва 1977 йил 11 августдаги 525-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 20 март,
112-сон