Ҳужжат кучини йўқотган " " 30.04.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЕР РЕСУРСЛАРИ, ГЕОДЕЗИЯ, КАРТОГРАФИЯ ВА ДАВЛАТ КАДАСТРИ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2003 йил 9 декабрдаги ПФ–3358-сон Фармонига мувофиқ ҳамда ердан фойдаланиш, геодезия ва картография соҳасидаги бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ердан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва ер муносабатларини тартибга солиш, Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия, картография ва давлат кадастри Бош бошқармаси тугатилиб, уларнинг негизида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (Ўздавергеодезкадастр) ташкил қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги ПФ-5065-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 22-сон, 415-модда)
3. Белгилансинки, Ўздавергеодезкадастр қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги геодезия, картография ва давлат кадастри Бош бошқармасининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
4. Давлат бюджети маблағлари ҳисобига бажариладиган ер-кадастр, ер тузилиши, тупроқ ва геоботаника соҳасидаги ишлар қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилиши белгилаб қўйилсин.
5. «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 24 июлдаги ПФ–2059-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилсин.
7. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 15 октябрь,
ПФ-3502-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 42-сон, 445-модда; 2017 й., 22-сон, 415-модда)