|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 28.03.2024
|
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Халқ депутатлари Бухоро ва Қашқадарё вилоят Кенгашларининг 2005-2006 йиллардаги фаолияти тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 мартдаги КҚ-704-IV-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Сенат Кенгашининг айрим қарорларига ўзгартириш киритиш, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш масалалари бўйича гуруҳ томонидан халқ депутатлари Бухоро ва Қашқадарё вилоят Кенгашларининг 2005-2006 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги масала ўрганиб чиқилди.
Мазкур вилоятларнинг Кенгашлари ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ равишда олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 8 июндаги 173-I-сонли Қарори билан тасдиқланган ва тавсия қилинган Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг намунавий регламенти ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ равишда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2007 йил 9 мартдаги 305-I-сонли Қарори билан киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг регламентлари ҳамда мазкур Кенгашларнинг доимий комиссиялари тўғрисидаги низомлар қабул қилинди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг сессияларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенатнинг ва Сенат қўмиталарининг қарорлари ижро этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги тўғрисида»ги 2006 йил 29 июнда қабул қилинган 200-I-сонли Қарори муҳокамаси ўтказилган. Халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятига тааллуқли ҳужжатлар ҳисобини юритиш ва уларни тизимга солиш ишлари амалга оширилмоқда.
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашида ҳам, Қашқадарё вилоят Кенгашида ҳам Регламент ва Низомга мувофиқ саккизтадан доимий комиссия фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Президент фармонлари ва қарорларини, Олий Мажлис Сенати қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларини ҳаётга татбиқ этиш борасида изчил иш олиб бориш мақсадида вилоятларнинг вакиллари бўлмиш сенаторларга ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссияларига вилоятларнинг муайян ҳудудий бирликлари бириктириб қўйилган.
Бухоро вилояти халқ депутатлари Бухоро шаҳар ва Вобкент туман Кенгашларининг, шунингдек Қашқадарё вилояти халқ депутатлари Қарши шаҳар, Яккабоғ, Чироқчи, Шаҳрисабз, Китоб, Касби туман Кенгашларининг доимий комиссиялари ишларида ижобий ўзгаришлар бўлди.
Шу билан бирга Бухоро ва Қашқадарё вилоятларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ишларида камчиликлар ва фойдаланилмаган резервлар ҳам мавжуд.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари ишида баъзан юзаки ёндашув ҳоллари қайд этилмоқда. Режа асосидаги қатор масалаларни ўрганишга мутахассислар жалб этилмаётир, ишчи гуруҳлар тузилмаган, ўрганилаётган муаммоларни янада чуқурроқ таҳлил этиш учун саволномалар тайёрланмаяпти, оқибатда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларнинг сабабларини аниқлаш юзаки кечмоқда.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари томонидан назорат фаолиятларини амалга оширишда ҳам камчиликлар бор. Доимий комиссияларнинг қарорлари ижроси ҳамиша ҳам назорат қилинмоқда деб бўлмайди, бу қарорларда кўпинча ижро муддати белгиланмайди, доимий комиссияларнинг қарорларини бажариш юзасидан корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисобот бериши амалиёти қўлланилмаяпти, доимий комиссияларнинг иши кўп ҳолларда масалани муҳокама этиш ва қарор қабул қилиш билан чекланиб қолмоқда.
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига ажратилган махсус хоналар зарур ижтимоий-сиёсий адабиётлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда фойдаланиш учун керакли бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан етарли даражада таъминланмаган.
Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда уларни аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ишларининг аҳволи талаб даражасида эмас. Хусусан, Бухоро вилоятининг Қоракўл, Жондор, Олот туманларида, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Қамаши туманларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан муҳокама қилиниб маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламлари эътиборига етказиш бўйича тарғибот гуруҳлари тузилмаган.
Туман ва шаҳар Кенгашларининг ҳамда улардаги доимий комиссияларнинг йиллик иш режалари тузилаётганда баъзи ҳолларда туманнинг, шаҳарнинг мавжуд муҳим муаммолари ўрнига ҳар йили бир йўналишдаги деярли бир хил масалаларни ўрганиш белгиланмоқда.
Халқ депутатлари Бухоро ва Қашқадарё вилоят Кенгашларининг 2005-2006 йиллардаги фаолияти юзасидан Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш масалалари бўйича гуруҳнинг, шунингдек халқ депутатлари Бухоро ва Қашқадарё вилоят Кенгашларининг ахборотларини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоят Кенгашларининг 2005-2006 йиллардаги фаолияти юзасидан Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш масалалари бўйича гуруҳнинг, шунингдек халқ депутатлари Бухоро ва Қашқадарё вилоят Кенгашларининг ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида 2006 йил 24 февралдаги «Мамлакатимиз тараққиётининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш фаолиятимиз мезони бўлиши даркор» деган маърузасида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 12 февралда бўлиб ўтган, 2006 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2007 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида илгари сурилган ҳамда «Ижтимоий ҳимоя йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар Бухоро ва Қашқадарё вилоятларининг халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида халқ депутатлари Бухоро ва Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижро этилишини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин, минтақаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ва тегишли доимий комиссияларнинг мажлисларида муҳокама этсин, қабул қилинган қарорлар ижроси устидан назорат ўрнатсин;
маҳаллий Кенгашлар ҳамда уларнинг доимий комиссияларининг йиллик иш режаларини минтақанинг энг долзарб муаммоларини инобатга олган ҳолда тузсин;
маҳаллий Кенгашларнинг мажлисларида доимий комиссияларнинг ҳамда депутатларнинг амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботларини тинглаб борсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари билан биргаликдаги мажлисларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш амалиётини кенг жорий этиш чора-тадбирларини назарда тутсин.
3. Минтақалардан сайланган сенаторлар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада жонлантиришга амалий ёрдам берсинлар. Сенаторларнинг ўзлари сайланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида мунтазам равишда ҳисоб бериб бориши амалиётга жорий этилсин.
4. Ушбу қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилиши жараёни тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига 2007 йил 15 декабрга қадар ахборот тақдим этилсин.
6. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш масалалари бўйича гуруҳ раҳбари Ғ. Алиевнинг зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 23 август,
368-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 8-сон, 412-модда)