Ҳужжат кучини йўқотган " " 30.04.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТ ИШЛАБ ЧИҚАРИШГА ДАВЛАТ МОНОПОЛИЯСИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Тасдиқланган стандартларга мувофиқ алкоголли маҳсулот ишлаб чиқаришни тартибга солиш, унинг тегишли технологияси ва сифатини таъминлаш, шунингдек уни сотиш устидан назоратни кучайтириш мақсадида:
1. Озиқабоп спирт ишлаб чиқаришга давлат монополияси ўрнатилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5656-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.02.2019 й., 06/19/5656/2586-сон)
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5656-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.02.2019 й., 06/19/5656/2586-сон)
3. «Ўзмевасабзавотузумсаноат» ва «Ўзкимёсаноат» уюшмалари «Ўздавстандарт» ҳамда бошқа тегишли идоралар билан биргаликда бир ҳафта муддатда озиқабоп спирт, ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳуқуқини олиш учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан, шу жумладан корхоналар амалдаги стандартларга мувофиқ ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг технологияси ва сифатини, шунингдек уларни сотиш юзасидан белгиланган тартибни таъминлашларига нисбатан қўйиладиган талаблар рўйхатини тузиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси:
корхоналар, шу жумладан хорижий сармояни жалб этган корхоналар алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳуқуқини олишлари учун уларга рухсатномалар бериш тартибини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан банд бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 1997 йилнинг 1 сентябрига қадар синчиклаб ҳисобга олсин ҳамда корхоналарга алкоголли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳуқуқини олишга рухсатномалар бериш учун ушбу Фармон талабларига мувофиқ уларнинг рўйхатини белгиласин.
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ, 1998 йил 1 январдан бошлаб амалга киритиладиган вино-ароқ маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун лицензия йиғимининг қатъий белгилаб қўйилган ставкаларини бир ой муддатда ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 14 августдаги 398-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алкоголли маҳсулот ишлаб чиқаришга давлат монополиясини жорий этиш тўғрисида»ги Фармонини бажаришга оид чора-тадбирлар ҳақида»ги қарори.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ҳафта муддатда амалдаги қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
6. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 19 июнь,
ПФ-1790-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 7-сон, 178-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.02.2019 й., 06/19/5656/2586-сон)