Ҳужжат кучини йўқотган " " 28.09.2020
ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
Фармони
ЖУМҲУРИЯТДА НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА ЎТКАЗИШ ҲАҚИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Жумҳуриятимизда инсоний қадриятларни янада камол топтириш, ўз-ўзига ишонч руҳи ва миллий ғурурни мустаҳкамлаш, дўстлик, биродарлик, ҳамжиҳатлик. меҳр-шафқатни улуғлаш, маданий ва тарихий анъаналарни давом эттириш ҳамда ривожлантириш, асрлар давомида шаклланган урф-одатлар ва удумларни эъзозлаш мақсадида Наврўз байрамини кенг нишонлаш юзасидан қуйидагилар амалга оширилсин:
1. Дам олиш куни сифатида белгиланган 21 мартда ўтказиладиган Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилсин. Бу байрамни ўтказишда 1990 йилда тўпланган ижобий тажрибаларни давом эттирган ҳолда тўла фойдаланилмаган имкониятлар ҳам ишга солинсин. Байрамга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тадбирларида жумҳуриятнинг ҳар бир фуқароси якдиллик ва ҳамжиҳатлик билан фаолият кўрсатсин.
2. Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жумҳурият ташкилий қўмитаси тасдиқлансин.
3. Ҳар бир ташкилот, вазирликдан тортиб, Советлару — маҳалла қўмиталаригача ҳамма жойда байрамни ўтказиш ишларига жавобгарлик аниқ белгилаб қўйилсин. Жумҳурият ҳудудидаги корхоналар, муассасалар, жамоа ва давлат хўжаликлари, ширкатлар, жамоат ташкилотлари ўз имкониятларидан келиб чиқиб, байрам тадбирларини тегишли транспорт воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат моллари, тўй-ҳашам ашёлари билан таъминласинлар ҳамда сарф-харажатларни ўз зиммаларига олсинлар. Умумхалқ хайрия ҳаракатларида фаол иштирок этсинлар. Фуқароларнинг, жамоаларнинг Наврўз умумхалқ байрамини ўтказишдаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватласинлар.
Байрам аҳолининг барча табақалари истак ва хоҳишларига, ҳар бир жойнинг ўз шароитларига қараб ўтказилсин.
4. Наврўз умумхалқ байрами анъаналарига биноан, ҳар бир фуқарога иззат-икром кўрсатилсин. Қариялар, болалар, беморлар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, бева-бечора ва боқувчисидан ажралганларга меҳр-шафқат кўрсатишга алоҳида эътибор берилсин.
Ўзбекистон ССР Телевидениеси ва радиоэшиттириш давлат қўмитаси билан жамоат ташкилотлари, бадиий жамоалар ўтказадиган хайрия узлуксиз кўрсатуви — телемарафон ҳар томонлама қўллаб-қувватлансин.
5. Наврўз байрамини ўтказиш борасида қўшни жумҳуриятлар билан дўстлик, ҳамкорлик ва маданий алоқалар янада кучайтирилсин. Ўзаро вакиллар юбориш, меҳмон қабул қилиш тадбирлари ишлаб чиқилсин.
6. Оммавий ахборот воситалари байрам ўтказиш жараёнларини кенг ёритсинлар. Бу ишда журналистларнинг масъулияти оширилсин.
Қайси йўналишдаги ахборот воситасида бўлишдан қатъи назар, Наврўз умумхалқ байрамини ёритиш — ягона ғоя — инсонни улуғлаш, миллий ғурурни кўтариш, ҳамжиҳатлик, биродарлик, меҳр-шафқат, тинч-тотувлик мақсадлари ва ғоялари билан йўғрилсин.
7. Байрамга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жумҳурият ташкилий қўмитасига байрам тадбирларида ташаббускор бўлган, фаоллик кўрсатган, фидокорона меҳнат ва ижод қилган кишиларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш ва тақдирлашга тавсия этиш топширилсин.
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 12 февраль,
ПФ-143-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 5-сон, 96-модда)