Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ ЎҚИТУВЧИЛАРИНИНГ МЕҲНАТИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА ОИД ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Жамият турмушида ва ёш авлодни тарбиялашда умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг тутган ўрнига алоҳида аҳамият бериб, шунингдек педагог ходимларнинг муқим ўрнашиб қолишлари учун зарур шароитларни яратиш мақсадида:
1. 1994 йилнинг 1 октябридан умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва раҳбарларининг иш ҳақи Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича малака даражасини ошириш ҳамда қўшимча ҳақ ва устамалар тизимини тартибга солиш ҳисобидан ўртача 20 фоиз оширилсин.
2. Иш ҳақини ошириш билан боғлиқ харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида ушбу Фармонни рўёбга чиқаришга, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим ходимларининг иш ҳақига қўшимча ва устамаларни тартибга солиш масалаларига оид қарор қабул қилсин.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги 490-сонли «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори.
4. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 28 сентябрь,
ПФ-968-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 10-сон, 271-модда)