|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 30.05.2005
|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
РЕСПУБЛИКАДА УЙ-ЖОЙ ҚУРИЛИШИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 30 майдаги ПФ-3613-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ва баъзиларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Уй-жой муаммосини ҳал қилишда аҳолининг муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни ва уларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишни таъминлаш, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва аҳоли маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган уй-жой қурилишини янада ривожлантириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасида:
мулкчилик шаклларидан қатъи назар, бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар, ҳокимликлар, уй-жой қуриш кооперативлари ва фуқаролар уй-жой қурилишининг асосий буюртмачилари ҳисобланадилар;
уй-жой қурилиши энг аввало мулкчилик шаклларидан қатъи назар, бирлашмаларнинг, корхоналар ва ташкилотларнинг ўз молиявий маблағлари, ҳокимликларнинг маблағлари, фуқароларнинг қўлидаги пуллари ва жамғармалари, банкларнинг узоқ муддатли кредитлари, давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг бир қисми, давлатнинг ютуқли уй-жой заёмини тарқатишдан олинадиган маблағлар, иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларининг бир қисми, шунингдек бюджет маблағлари ҳисобидан пул билан таъминланади;
уй-жой қурилишини бюджетдан пул билан таъминлаш аҳолининг муҳтож табақаларини, энг аввало кўп болали, кам таъминланган оилаларни, пенсионерларни, уруш ва меҳнат фахрийларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш тариқасида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги 1994 йилдан бошлаб ҳар йили Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мазкур мақсадлар учун республика бюджетидан маблағ ажратишни кўзда тутсин.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзистиқболстат» қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банки, Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хусусий ва кооператив қурилишни бутун чоралар билан рағбатлантиришни назарда тутган ҳолда уй-жой қурилишига кредит ва бюджет маблағлари ажратишни кўзда тутсинлар.
Кўп болали, муҳтож оилаларнинг уй-жой қурилишини таъминлаш учун корхоналар, ташкилотларнинг, хусусий корхона эгаларининг, тижорат тузилмаларининг ҳокимликларга аниқ мақсадни кўзлаб берадиган ихтиёрий бадаллари ҳар томонлама рағбатлантирилсин.
2. Хусусий, кооператив уй-жой қурувчи ёки кимошди савдоси орқали уй-жой харид қилувчи фуқаролар маблағларининг манбалари тўғрисида декларация тақдим этишдан озод қилинсинлар.
3. Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
уй-жой қурилишини рағбатлантиришга оид амалий чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиб, амалга оширсинлар;
кўп қаватли уй-жой биноларини қуриш чоғида зарур тармоқлар мажмуи ва аҳоли учун қулайликлар яратилишини, 10 фоиз майдон савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларига ажратиб берилишини кўзда тутсинлар;
якка тартибдаги ва кооператив уй-жой қурилишини мувофиқлаштирувчи хўжалик ҳисобидаги ҳудудий бошқармалар зиммасига ер майдонларини ажратиб бериш, фуқароларнинг узоқ муддатли кредит олишига доир ҳужжатларини тайёрлаш, ундан аниқ мақсад йўлида фойдаланишни назорат қилиш, уй-жой ҳамда муҳандислик инфраструктураси иншоотлари қурилишини техникавий назорат қилиш, шунингдек зарур бинокорлик материалларини тақсимлаш ва улар билан таъминлаш вазифасини юкласинлар.
4. Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги бир ой муддат ичида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўздавархитектқурилиш», Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар билан биргаликда қуйидаги таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин:
хусусий ва кооператив уй-жой қурилиши учун ҳуқуқий ва жисмоний шахсларга ажратиладиган ер майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши учун ернинг сифатига, қаерда жойлашганлигига ва муҳандислик коммуникациялари билан таъминланганлигига қараб табақалаштирилган тарзда тўланадиган ҳақ миқдорлари тўғрисида;
ҳужжатларни расмийлаштириш қоидаларини мумкин қадар соддалаштиришни назарда тутган ҳолда ер майдонлари ажратиб бериш тартиби тўғрисида.
Уй-жой қурилиши учун бериладиган ер майдонларига тўланадиган пул маблағлари тўла-тўкис маҳаллий бюджетларнинг даромадларига қўшилади ҳамда уй-жой қурилишини пул билан ва уни магистрал, ер ости ва мавзе ичкарисидаги муҳандислик коммуникациялари билан таъминлашга тенг улушларда сарфланади.
5. Белгилаб қўйилсинки, уй-жой қурилишига банк муассасалари кредитларни камида 10 йил муддатгача йиллик 20 фоиз миқдорида, учинчи йилдан қарзни уза бошлаш шарти билан, қуйидаги миқдорларда беради:
хусусий иморат солувчиларга қурилиш қийматининг 50 фоизи миқдорида;
кўп болали, муҳтож оилалардан хусусий иморат солувчилар учун кредитлар уй-жой қийматининг 70 фоизи миқдорида 15 йил муддатга йиллик 15 фоизли ҳисоб-китоб шарти билан;
уй-жой қуриш кооперативларига қурилиш қийматининг 80 фоизи миқдорида.
Кредит муддатидан илгари тўланганида фоиз миқдорлари қуйидагича камайтирилади: уч йилгача — 50 фоиз, беш йилгача — 30 фоиз.
6. Ушбу Фармоннинг 5-бандида кўрсатилган кредитлар қуйидаги шартлар асосида берилади:
гаров тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги муваққат низомга мувофиқ кўчмас мулк гаровга олиниб;
уй-жой қуриш кооперативининг аъзоси қурилиш қийматининг камида 15 фоизини банк муассасасининг махсус ҳисоб рақамига ўтказган;
якка тартибда иморат солувчи қурилиш қийматининг камида 30 фоизини банк муассасасининг махсус ҳисоб рақамига ўтказган ёки қурилиш қийматининг камида 30 фоизи бажарилган тақдирда.
7. Аҳоли уй-жой қуриш ва сотиб олишга фойдали шартлар асосида ўз маблағларини жамғариш учун махсус уй-жой ссуда-жамғарма ҳисобварақалари тизими жорий этилсин.
Ўзбекистон Жамғарма банки Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги, Марказий банки ва бошқа банклари билан биргаликда бир ой муддат ичида махсус уй-жой ссуда-жамғарма ҳисобварақаларини амалга киритиш тартибини ишлаб чиқсин.
8. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги икки ой муддат ичида давлатнинг ютуқли уй-жой заёмини чиқаришни ташкил этиш ҳақида таклифлар киритсин.
9. Республикада ишлаб чиқарилган бинокорлик материаллари якка тартибда иморат солувчиларга ва уй-жой қуриш кооперативларига имтиёзли нархларда сотилсин. Айни вақтда имтиёзли нархларда бинокорлик материаллари сотувчи корхоналарнинг даромадлари қўшимча қиймати солиғидан озод қилинсин.
«Ўзбекбирлашув», «Ўзбексавдо» давлат уюшмаси, «Ўзқурилишматериаллари» давлат концерни ҳамда бинокорлик материаллари ишлаб чиқарадиган бошқа корхоналар ва ташкилотлар жойларда зарур бинокорлик материалларини биринчи галда хусусий уй-жой қураётган фуқароларга сотишни таъминласинлар.
10. Уй-жой қурилишини янада ривожлантириш мақсадида корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ўз маблағларини жамлашни, шунингдек якка тартибда уй-жой қуриш ёки уй-жой сотиб олиш учун махсус уй-жой ссуда-жамғарма ҳисобварақаларига маблағ ўтказиш йўли билан ўз ходимларига молиявий ёрдам беришни амалда кенгроқ қўллаш тавсия этилсин.
11. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Меҳнат вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар ҳақида таклифлар киритсин:
хусусий иморат солувчиларга ва уй-жой қуриш кооперативларига имтиёзли нархларда бинокорлик материаллари сотувчи корхоналарнинг даромадларини қўшимча қиймат солиғидан озод қилиш тўғрисида;
ушбу Фармоннинг 10-бандидаги шартларга мувофиқ уй-жой қурувчи корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотларнинг даромадларидан имтиёзли солиқ олиш ҳақида;
мулкчилик шаклидан қатъи назар, хусусий ва кооператив қурилиш соҳасида бинокорлик ҳамда махсус монтаж ишларини амалга оширувчи пудрат, таъмирлаш-қурилиш, махсус монтаж ташкилотларини бажарилган ишлар ҳажми учун қўшимча қиймат солиғи тўлашдан озод қилиш тўғрисида.
12. Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги ҳар йили марказлаштирилган капитал маблағлар ҳажмини белгилаш чоғида хусусий ва кооператив қурилиш даҳаларига магистрал ва ер ости муҳандислик коммуникациялари қуришга маблағ ажратишни кўзда тутсинлар.
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Фармонни бажаришга доир тегишли қарорни 10 кун муддат ичида қабул қилсин;
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган қўшимчалар ва ўзгартишлар тўғрисидаги таклифларни бир ой муддат ичида тақдим этсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 5 март,
ПФ-774-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 3-сон, 84-модда)