Ўзбекистон СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ Президентининг
Фармони
1991 ЙИЛ 25 АВГУСТДАГИ
Мамлакатда вужудга келган аҳволни эътиборга олиб ва республика манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида:
1. Республика Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги комитети Ўзбекистон ССР нинг қонуний тасарруфига олинсин.
2. Мазкур идораларнинг раҳбарлари икки ҳафта муддат ичида Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги комитети идораларининг мақоми ҳамда Низомини қайтадан кўриб чиқиб, биринчи навбатда республика ва унинг фуқаролари хавфсизлигини, манфаатларини муҳофаза қилишни назарда тутсинлар.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунлари.
3. Республика ҳудудида жойлашган СССР Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари бевосита Ўзбекистон ССР Президентига бўйсундирилсин.
4. Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсатига жуда қисқа муддатда республиканинг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги Қонун лойиҳасини тайёрлаш ва уни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси муҳокамасига тақдим этиш таклиф қилинсин.
5. Ўзбекистон ССР Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги комитети, прокуратураси ва адлия идоралари, шунингдек, республика ҳудудида жойлашган ички қўшинлар, Туркистон ҳарбий округи қисмлари ва қўшилмалари партиядан ҳоли қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, бундан буён юқорида кўрсатилган идоралар ва муассасаларда сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг янги ташкилий тузилмаларини вужудга келтиришга йўл қўйилмайди.
6. Мазкур маҳкамаларнинг раҳбарлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари билан биргаликда ушбу Фармон муносабати билан ишдан бўшайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун барча чораларни кўрсинлар.
Ушбу Фармон имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради.
Ўзбекистон ССР Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 25 август,
ПФ-237-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 10-сон, 218-модда)