Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
АХБОРОТ-КУТУБХОНА ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 4 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2011 йил 25 мартда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчилик
Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги ПҚ-4354-сон қарори билан тасдиқланган «2019 — 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш концепцияси»нинг 2-боби иккинчи хатбошиси.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ахборот-кутубхона ресурси — моддий объектда матн, овозли ёзув ёки тасвир тарзида қайд этилган ҳамда идентификациялаш, сақлаш ва фойдаланишни таъминлаш учун реквизитларга эга бўлган ахборот;
ахборот-кутубхона фаолияти — ахборот-кутубхона муассасаларининг ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона фондларини шакллантириш ва ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича фаолияти;
ахборот-кутубхона фонди — тизимлаштирилган ахборот-кутубхона ресурсларининг мажмуи;
ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш — фойдаланувчиларнинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш;
йиғма электрон каталог — ахборот-кутубхона муассасаларининг электрон каталоглари мажмуи;
фойдаланувчи — ахборот-кутубхона хизмати кўрсатилиши учун ахборот-кутубхона муассасасида рўйхатга олинган шахс;
электрон каталог — тизимлаштирилган ахборот-кутубхона ресурслари рўйхатининг электрон шакли;
электрон кутубхона — ахборот-кутубхона фондининг электрон шакли.
4-модда. Ахборот-кутубхона фаолиятининг асосий вазифалари
Ахборот-кутубхона фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
фойдаланувчиларнинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш;
фойдаланувчиларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, маданий ва таълим олиш эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
миллий маданиятни тиклашга ва янада ривожлантиришга кўмаклашиш, маданий мерос объектларини сақлаш;
(4-модданинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)
ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлаш.
2-боб. Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасининг давлат томонидан тартибга солиниши
5-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви
Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва у ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида махсус ваколат берган давлат органи (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;
ахборот-кутубхона муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуни.
7-модда. Махсус ваколатли давлат органи
Махсус ваколатли давлат органи:
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишида иштирок этади;
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради;
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда қабул қилади;
ахборот-кутубхона ресурсларини ноёб ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурслари сирасига киритиш тартибини, шунингдек уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;
ахборот-кутубхона муассасаларининг ҳисобини юритади;
йиғма электрон каталогни шакллантириш ва юритиш тартибини тасдиқлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги ПҚ-4354-сон қарори билан тасдиқланган 2019 — 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш концепцияси 5-бобининг учинчи хатбошиси.
8-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Ахборот-кутубхона муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш:
уларнинг молиявий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестициялар жалб этиш;
ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширишда солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзларни белгилаш орқали амалга оширилади.
3-боб. Ахборот-кутубхона тизими
9-модда. Ахборот-кутубхона тизими ҳамда ахборот-кутубхона муассасаларининг турлари
Ахборот-кутубхона тизими ягона ташкилий ва услубий таъминот асосида фаолият кўрсатувчи ахборот-кутубхона муассасалари мажмуидир.
Ахборот-кутубхона муассасаси мустақил муассаса бўлиши ёхуд корхона, муассаса ёки ташкилотнинг таркибий бўлинмаси бўлиши мумкин.
Ахборот-кутубхона муассасаларига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 20 мартдаги ПҚ-1729-сонли «Алишeр Навоий номидаги Ўзбeкистон миллий кутубхонаси — ахборот рeсурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
ахборот-кутубхона марказлари;
ахборот-ресурс марказлари;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари;
бошқа кутубхоналар (фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, тижорат ташкилотларининг кутубхоналари).
Ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларининг мазмуни ва белгиланган мақсадига кўра универсал ҳамда махсус ахборот-кутубхона муассасаларига бўлинади.
Универсал ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларини билимнинг турли соҳалари бўйича шакллантиради ва турли тоифадаги фойдаланувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиради.
Махсус ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларини билимнинг бир ёки бир неча турдош соҳалари бўйича шакллантиради ва айрим тоифадаги фойдаланувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиради.
10-модда. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси миллий ва жаҳон маданиятини, фани ва таълимини ривожлантириш манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этувчи ҳамда амалга оширувчи умумдавлат универсал ахборот-кутубхона муассасасидир.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси:
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
ахборот-кутубхона фондини шакллантиради, унинг бут сақланишини таъминлайди ҳамда фойдаланувчиларга миллий ва хорижий нашрларнинг энг тўлиқ тўпламини тақдим этади;
Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг мажбурий нусхасини, шунингдек диссертацияларнинг кўчирма нусхасини олади;
Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг давлат библиографик ҳисобини юритади;
электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;
кутубхонашунослик, библиографияшунослик ва китобшунослик соҳасида илмий-тадқиқот ҳамда илмий-услубий фаолиятни амалга оширади ва мувофиқлаштиради;
ноёб ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларини бут сақлаш, консервациялаш ва реставрация қилиш бўйича ишларни амалга оширади;
йиғма электрон каталогни шакллантиради ва юритади;
ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратади;
бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(10-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 апрелдаги 98-сонли қарори билан тасдиқланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот ресурс маркази тўғрисида низом.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланади.
(10-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги ЎРҚ-629-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.07.2020 й., 03/20/629/1087-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4151-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисидаги низом.
11-модда. Ахборот-кутубхона марказлари
Ахборот-кутубхона марказлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этувчи ҳамда амалга оширувчи универсал ахборот-кутубхона муассасаларидир.
Ахборот-кутубхона марказлари:
ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;
электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;
тегишли ҳудудда чиқариладиган нашрларнинг мажбурий нусхасини олади;
библиографик, илмий-услубий ва маданий-маърифий ишларни бажаради;
тегишли ҳудудда ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларни ташкилий-услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;
йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади;
ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратади;
бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;
тегишли ҳудудда ахборот-кутубхона муассасаларининг депозитар сақланадиган ахборот-кутубхона ресурсларини тўплашни амалга оширади ва уларнинг ҳисобини юритади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-кутубхона марказлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(11-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ахборот-кутубхона марказларининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-кутубхона маркази тўғрисидаги намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланади.
(11-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги ЎРҚ-629-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.07.2020 й., 03/20/629/1087-сон)
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 20 июндаги ПҚ-381-сонли «Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори.
12-модда. Ахборот-ресурс марказлари
Ахборот-ресурс марказлари давлат таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган, ўқувчи ёшларнинг, шунингдек аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширувчи универсал ахборот-кутубхона муассасаларидир.
Ахборот-ресурс марказлари:
таълим муассасасининг ихтисослашувига мувофиқ асосан илмий-таълимга оид мазмундаги ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;
электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўзидаги ва ўзидан узоқдаги ахборот ресурсларидан фойдаланиш асосида маънавий бой ва баркамол шахсни ижодий ривожлантириш учун имконият яратган ҳолда, фойдаланувчиларни маданий мерос объектларидан баҳраманд этади;
(12-модданинг иккинчи қисми тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)
ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди;
бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;
йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади;
маданий, таълим, ахборот дастурлари ва лойиҳаларини ҳамда бошқа дастурлар ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун таълим, илмий муассасалар ва архивлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, миллий маданият марказлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-ресурс марказлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(12-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ахборот-ресурс марказларининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-ресурс маркази тўғрисидаги намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланади.
(12-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги ЎРҚ-629-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.07.2020 й., 03/20/629/1087-сон)
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 20 июндаги ПҚ-381-сонли «Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори.
13-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари қонунчиликда белгиланадиган тартибда ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширувчи махсус ахборот-кутубхона муассасаларидир.
(13-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари:
ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;
электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;
ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди;
бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;
йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари кутубхоналарининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари тўғрисидаги низомлар ушбу органларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланади.
14-модда. Бошқа кутубхоналар
Бошқа кутубхоналар ўз муассислари томонидан белгиланадиган тартибда ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширувчи универсал ёки махсус ахборот-кутубхона муассасаларидир.
Бошқа кутубхоналар:
ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;
электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;
ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди;
бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;
йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади.
Бошқа кутубхоналарнинг ахборот-кутубхона фонди уларнинг муассислари мулкидир.
Бошқа кутубхоналар тўғрисидаги низомлар уларнинг муассислари томонидан тасдиқланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 июлдаги 198-сонли қарори билан тасдиқланган Электрон кутубхона тўғрисидаги намунавий низом.
15-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-кутубхона муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(15-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 42, 49 ва 55-моддалари.
4-боб. Ахборот-кутубхона фонди
16-модда. Ахборот-кутубхона фондини шакллантириш
Ахборот-кутубхона фондини шакллантириш ахборот-кутубхона муассасасининг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ уни жамлаш, ҳисобга олиш, ишловдан ўтказиш, жойлаштириш ва сақлаш орқали амалга оширилади.
17-модда. Ахборот-кутубхона фондини жамлаш
Ахборот-кутубхона фонди нашрларни ва бошқа ахборот-кутубхона ресурсларини сотиб олиш, уларга обуна бўлиш, уларни айирбошлаш, текинга олиш, шу жумладан ҳадяга олиш ҳисобига жамланади.
18-модда. Ахборот-кутубхона фондини ҳисобга олиш, ишловдан ўтказиш, жойлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-кутубхона фондини ҳисобга олиш, ишловдан ўтказиш, жойлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(18-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: «Ахборот-кутубхона муассасаларида ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома» (10.03.2014 й., рўйхат рақами 2567), Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 сентябрдаги 552-сонли «Ахборот-кутубхона муассасаларида ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш, фондларни сақлаш ва ҳисобдан чиқариш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори.
Ахборот-кутубхона фондининг нашрлар мажбурий нусхасини олиш ҳисобига жамланадиган, шунингдек ноёб ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларини ўз ичига олган қисми миллий маданий бойлик бўлиб, моддий маданий мерос объекти сифатида сақланади.
Ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техника таъминоти ёмонлашувига, уларни меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига, ахборот-кутубхона фондларини сақлаш нормалари ва шарт-шароитларига мос келмайдиган биноларга кўчиришга йўл қўйилмайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни.
5-боб. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
19-модда. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари
Фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ахборот-кутубхона муассасаларига кириш ва ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш;
ўз эҳтиёжларига мос тарзда ахборотни эркин танлаб олиш;
кўрсатиладиган хизматларнинг, шу жумладан пулли хизматларнинг рўйхати ҳамда уларни кўрсатиш шартлари ҳақида ахборот олиш;
сўралаётган ахборот-кутубхона ресурсларининг мавжудлиги ҳақида ахборот олиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
(19-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
20-модда. Фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари
Фойдаланувчилар:
ахборот-кутубхона муассасаларида фойдаланиш қоидаларига риоя этиши;
ахборот-кутубхона ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши, уларнинг йўқолишига ёки бузилишига йўл қўймаслиги, зарар етказилган тақдирда эса белгиланган тартибда унинг ўрнини қоплаши;
ахборот-кутубхона муассасалари ишининг сифатини пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар қилмаслиги шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фойдаланувчилар зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
(20-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
21-модда. Жисмоний имкониятлари чекланган фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш
Жисмоний имкониятлари чекланган фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш ахборот-кутубхона муассасаларида махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ахборот ёзилган махсус жисмларда ахборот-кутубхона ресурсларини тақдим этиш орқали амалга оширилади.
6-боб. Ахборот-кутубхона муассасаларини молиялаштириш. Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари. Халқаро ҳамкорлик
22-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларини молиялаштириш
Ахборот-кутубхона муассасаларини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;
муассисларнинг маблағлари;
пулли хизматлар кўрсатишдан олинадиган маблағлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
(22-модданинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
23-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда бирлашмалар тузиши мумкин.
(23-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 77-моддаси,Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 542-сон қарори билан тасдиқланган «Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг»ги Маъмурий регламент, «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот ресурс маркази томонидан ахборот-кутубхона муассасаларининг ташкилий-методик фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар билан ўзаро алоқани таъминлаш тўғрисида низом» (10.03.2014 й., рўйхат рақами 2568).
Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари:
ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
(23-модданинг иккинчи қисми тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
ахборот-кутубхона муассасалари кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишда иштирок этади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(23-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
24-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
(24-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
7-боб. Якунловчи қоидалар
25-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(25-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 июндаги ПҚ-4754-сонли қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисидаги низом.
Олдинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(26-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 155-моддаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
27-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
(27-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2011 йил 14 апрелдаги 73 (5240)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 13 апрель,
ЎРҚ-280-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 15-сон, 146-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон; 22.07.2020 й., 03/20/629/1087-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)