Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ «ЎЗБЕКИСТОН ИФТИХОРИ» ФАХРИЙ УНВОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони таъсис этилсин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддаси.
2. Ўзбекистон Республикаси 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонлари тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 5-6, 64-модда; 1997 йил, № 2, 64-модда; 1998 йил, № 5-6, 114-модда) 1-моддаси «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» деган сўзлардан сўнг қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон ифтихори».
3. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонлари тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари тўғрисидаги Низом «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони тўғрисидаги матндан сўнг қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида ва шуларга тенг жаҳон спорт анжуманларида ғолиблик — чемпионлик унвонига эришган ҳамда ўз ютуқлари билан Ватан обрўсини, шони ва шуҳратини улуғлашга кўмаклашган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади».
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонунига мувофиқ ўз кучини йўқотган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
«Ўзбекистон ифтихори» кўкрак нишони тавсифи матни Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонунига мувофиқ янги таҳрирда баён этилган (Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда).
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 28 август,
665-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 9-сон, 164-модда; 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)