|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 29.04.1999
|
Ўзбекистон республикаси олий кенгашининг
Қарори
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ТАДБИРКОРЛИК ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ КУЧГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 14 апрелдаги 755-I-сон «Тадбиркорлик ва тадбиркорлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга киритиш хақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон «Ўзбекистон ССР конституцияси (асосий қонуни)га ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонунига асосан «Ўзбекистон ССР» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни матбуотда эълон қилиниши биланоқ кучга киритилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, бундан буён Ўзбекистон Республикаси қонунлари «Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мослаштирилгунга қадар Ўзбекистон Республикасининг ушбу Қонунга зид бўлмаган амалдаги қонун ҳужжатлари қўлланаверади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Кабинетига қуйидаги вазифалар топширилсин:
— уч ой муддат ичида сотиб олинадиган, сотиладиган ҳамда акциядор жамиятга ва чекланган даражада жавобгар бўладиган жамиятга айлантириладиган давлат корхоналари ва ташкилотларининг мол-мулкини нархлаш тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиш;
— бир ой муддат ичида «Ўзбекистон Республикасидаги хусусий тадбиркорлик тўғрисида Низом»ни ишлаб чиқиш;
— рўйхатдан ўтмаган тадбиркорлик ташкилотлари орттирган даромадларни давлат фойдасига олиб қўйиш тартибини белгилаш;
— 1991 йилнинг 1 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қўмиталари билан келишилган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ман этиладиган мансабдор шахсларнинг рўйхатини тасдиқлаш;
— 1991 йилнинг 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини «Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мослаштириш ҳақидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатига киритиш;
— уч ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини «Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳолга келтириш;
— Ўзбекистон Республикаси вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ушбу Қонунга зид норматив ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишини таъминлаш,
4. Ўзбекистон Республикасининг халқ депутатлари маҳаллий Советлари, уларнинг ижроия идоралари корхоналар, бирлашмалар, ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига нотўғри аралашишдан иборат одатни тарк этсинлар, тадбиркорлик субъектлари билан ўз муносабатларини амалдаги қонунлар ҳамда тузилган шартномалар асосида қурсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 15 февраль,
208-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 4-сон, 61-модда)