Национальная база данных законодательства Республики Узбекистан
ONLINE TRANSLATE
Алимент тўлашдан бош тортганлик учун жавобгарлик

116-модда. Алимент тўлашдан бош тортганлик учун жавобгарлик

Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ

1. Алимент тўлашдан бош тортиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликни белгилашга сабаб бўлади. Бунда  вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар жавобгарликка тортиладилар. Алимент тўлаши лозим бўлган шахслар: ота-она, қариндошлар ёки бошқалар алимент тўлашдан бўйин товлаганларида Оила кодексининг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин (79-модда шарҳига қаранг). Алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар тегишли тартибда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474 ва 475-моддаларига асосан маъмурий ҳамда Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортиладилар. Хусусан, МЖТКнинг 474-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, – ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки бир юз йигирма соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этишга ёхуд ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий жазоларнинг мазкур турлари қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Ушбу Кодекснинг  475-моддасига асосан вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, – ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки бир юз йигирма соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этишга ёхуд ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий жазоларнинг мазкур турлари қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан

маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, – икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача

озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Олий суд Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги 7-сонли «Суд ҳужжатларини бажаришдан бўйин товлаш ва уларнинг ижро этилишига тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарликка доир қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорининг  14-15-бандларига кўра, қуйидагилар шахсни Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш шартлари ҳисобланади:

моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлаш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи мавжудлиги;

бундай шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун шахсга нисбатан муқаддам маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор чиқарилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида такроран содир этганлиги (ЖК 122-моддасида назарда тутилган жиноят узоққа чўзилган жиноят бўлиб, содир этиш бошланган вақтдан тугалланган ҳисобланади);

ушбу маблағ жами икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўланмаганлиги.

 Суриштирув, тергов органлари ва судларга тушунтирилсинки, шахсни вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик, шунингдек ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш учун қарздорликнинг умумий муддати кетма-кетлигидан қатъи назар икки ойдан ортиқ бўлиши лозим.

Бунда, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш деб, шахснинг суд ҳужжатида белгиланган алимент миқдорини тўлиқ ҳажмда тўламаслиги ҳолати ҳам тушунилиши лозим.

Қонунга кўра, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўласа, у жиноий жавобгарликдан озод қилиниши лозим.

2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида ота-онасига моддий ёрдам беришдан бўйин товлаган шахсларнинг жавобгарлиги масаласи белгиланган. Унга кўра, ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 123-моддасига кўра, вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.