130-модда. Алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби) алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади. Агар алимент олувчи муомалага лаёқатсиз бўлса, келишув унинг қонуний вакили билан тузилади.
ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ
Кўп ҳолларда амалиётда алимент суднинг қарори асосида ундирилади. Бунда оила ҳуқуқида императив нормаларнинг кўп сонли эканлиги қайд этилади. Шу билан бирга, оила ҳуқуқида диспозитив нормалар ҳам кўпчиликни ташкил этади ва улар иштирокчиларнинг келишувига кўра оилавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишни назарда тутадики, ана шундай келишувлардан бири алимент тўлаш тўғрисидаги келишувдир.
Оила ҳуқуқида бу турдаги шартномалар тузилишига йўл қўйилиши ижтимоий адолат нуқтаи назаридан келиб чиқади ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳам асосли ҳисобланади. Агар алимент тўлаши лозим бўлган шахс ва алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс алимент қандай тўланиши хусусида келишсалар, умумий қоидага кўра, ушбу субъектларнинг эркиродасини инкор қилишга бирор асос мавжуд эмас. Қолаверса, кўпинча алимент тўлаш тўғрисидаги келишув қонунда назарда тутилган шартларга қараганда алимент олувчи («заиф томон») учун мақбулроқ бўлган шартлар асосида тузилади. Акс ҳолда (агар алимент олувчига нисбатан кам фойдали шартлар таклиф этилганда) «заиф томон» келишувни эмас, қонунда белгиланган императив нормалар асосида алимент белгиланишидан манфаатдор бўлади. Юридик жиҳатдан низо бўлмаганда (қолаверса, тарафлар ўртасида келишув бўлганда) оилавий муносабат иштирокчилари зиммасига судга мурожаат қилиш мажбуриятини юклаш нотўғри бўлар эди.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув фуқаролик-ҳуқуқий шартнома ҳисобланади. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувни тузиш, бажариш, бекор қилиш ва ҳақиқий эмас деб топишга нисбатан Фуқаролик кодексининг нормалари қўлланилади (Оила кодексининг 131-моддаси ва унинг шарҳига қаранг).
Шунга қарамасдан алимент тўлаш тўғрисидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартнома оила қонунчилигида назарда тутилганлиги сабабли муайян (оилавий-ҳуқуқий) ўзига хосликка эга. Бундай ўзига хослик субъектив таркибда ва алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг ижро варақаси (Оила кодексининг 100-моддаси ва унинг шарҳига қаранг) кучига эгалигида ифодаланади.
Алимент тўлаш тўғрисидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартнома қуйидаги жиҳатларга эга:
- текинга тузилиши: бир тараф иккинчи тарафга ундан ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмасдан бирон нарсани бериш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодексининг 355-моддаси иккинчи қисми);
- бир томонлама (бир томонда мажбурият): бир томоннинг зиммасида мажбурият бўлади (алимент тўлаш), иккинчи томон ҳуқуққа эга бўлади (алимент тўлашни талаб қилиш);
- консенсуал: қонунда белгиланган шаклдаги келишувга эришилган пайтдан тузилган ҳисобланади (шу пайтдан бошлаб ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келади).
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг субъектлари (тарафлари) бўлиб: алимент тўлаши лозим бўлган шахс (шартли – алимент тўловчи) ва алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс (шартли – алимент олувчи) ҳисобланади.
Алимент тўловчи сифатида ота-оналар (ўзларининг вояга етмаган болалари, меҳнатга лаёқатсиз вояга етган болаларини таъминлашлари зарур), вояга етган болалар (ўзларининг меҳнатга лаёқатсиз ёрдамга муҳтож ота-оналарини таъминлашлари лозим) ва Оила кодексида назарда тутилган бошқа шахслар (қариндошлар ва бошқа шахслар).
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувни тузиш лаёқати алимент тўловчи шахснинг ёши, алимент олувчининг муомала лаёқати даражаси ёки муомалага лаёқатсизлиги аҳамият касб этмайди.
Вояга етмаган болалари, меҳнатга лаёқатсиз вояга етган болалар ва Оила кодексида назарда тутилган бошқа шахслар алимент олувчи бўлиб ҳисобланади.
Шарҳланаётган моддада белгиланишича, агар алимент олувчи муомалага лаёқатсиз бўлса, келишув унинг қонуний вакили билан тузилади.
Бу ўринда олти ёшгача бўлган кичик ёшдаги болалар, шунинг руҳий ҳолати бузилиши сабабли ўз ҳаракатининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ва уларни бошқара олмайдиган ва шу боис суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганлар муомалага лаёқатсиз фуқаролар бўлиб ҳисобланади.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув шахсан тузиладиган битимлар жумласига киради ва шу боис ушбу келишув ишончнома бўйича вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.
Алимент тўғрисидаги келишувнинг муҳим шартлари қуйидагилар ҳисобланади:
- алимент миқдори;
- алимент тўлаш шартлари ва тартиби.
Агар тарафларнинг келишувида тўланиши лозим бўлган алиментнинг миқдори, тўлаш усуллари ва тартиби тўғрисида келишувга эришилмаган бўлса, шартнома тузилмаган ҳисобланади.