Национальная база данных законодательства Республики Узбекистан
ONLINE TRANSLATE
Шахсни ушлаб туриш жараёнида кўрикдан ўтказиш тартиби

Маъмурий йўл билан ушлаб туришда МЖтКнинг 289-моддасига биноан шахсни кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш мумкин.

Шахсни кўрикдан ўтказиш ички ишлар органларининг, ҳарбий соқчилик, ҳаво транспортининг, божхона органлари, Миллий гвардия органлари ва чегара қўшинларининг ваколатли шахслари, шунингдек, шунга ваколати бўлган бошқа органлар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Шахсни кўрикдан ўтказиш кўрикдан ўтказилаётган шахс билан бир жинсда бўлган шахслар томонидан ва шу жинсдаги иккита холис гувоҳ иштирок этган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Ашёларни кўздан кечириб чиқиш шунга ваколати бўлган мансабдор шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин:

  • ички ишлар органлари;
  • ҳарбий соқчилик;
  • ҳаво транспорти;
  • божхона органлари;
  • Миллий гвардия органлари;
  • чегара қўшинлари;
  • солиқ органлари;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари;
  • Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари;
  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатли шахслар.

Ашёларни, ов қилиш ва балиқ тутиш қуролларини, қўлга киритилган маҳсулотлар ва бошқа буюмларни кўздан кечириш, одатда, шу ашё ва буюмлар кимнинг мулки ёки эгалигида бўлса, ўша шахс иштирокида амалга оширилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, мазкур ашёлар, буюмларни мулкдорсиз (эгасисиз) иккита холис гувоҳ иштирокида ҳам кўздан кечириб чиқилиши мумкин.

Ушлаш жараёнида ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш тартиби

Ҳуқуқбузарларни ушлаш, шахсий кўрикдан ўтказиш ёки ашёларини кўздан кечириш вақтида аниқланган ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли ёки бевосита шундай ашёлар бўлмиш ашё ва ҳужжатлар МЖтКнинг 287 ва 289-моддаларида назарда тутилган органларнинг мансабдор шахслари томонидан олиб қўйилади.

Олиб қўйилган ашё ва ҳужжатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилгунга қадар шундай ашё ва ҳужжатларни олиб қўйиш ҳуқуқи берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан белгилаб бериладиган жойларда сақланади, иш кўриб бўлинганидан кейин эса, уни кўриб чиқиш натижаларига қараб, бу ашё ва ҳужжатлар белгиланган тартибда мусодара қилинади ёки эгасига қайтариб берилади ёхуд йўқ қилиб юборилади, ашёлар ҳақ тўлаб олиб қўйилган тақдирда эса — сотиб юборилади.

Олиб қўйилган орден, медаль, фахрий унвоннинг кўкракка тақиладиган нишони қонуний эгасига қайтариб берилади, башарти, эгаси номаълум бўлса, унда тегишли органга жўнатилади.

Ашё ва ҳужжатлар олиб қўйилган тақдирда бу хусусда баённома тузилади ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ёхуд буюмларни кўздан кечириб чиқиш ёки маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳақидаги баённомаларга тегишли ёзув ёзиб қўйилади.