Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИ САРФИНИ
ҲИСОБГА ОЛАДИГАН АСБОБЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
ҲИСОБГА ОЛАДИГАН АСБОБЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасида энергия манбалари сарфини ҳисобга оладиган рўзғор ҳисоблагичлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Сигнал» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси газ сарфини ҳисобга оладиган асбоблар яратишга оид тажриба-конструкторлик ишларини тугалласин, 1994 йилнинг иккинчи чорагида тажриба намуналарини қабул қилиш синовларини ўтказсин, 1994 йилда серияли ишлаб чиқаришнинг 10000 донадан иборат биринчи туркуми тайёрланишини таъминласин.
2. «Ўзэлектроаппарат» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси 1994 йилнинг биринчи чорагида электр сарфини ҳисоблагичларнинг тайёрланаётган намуналарини қабул қилиш синовларини тугалласин, 1994 йил охиригача йилига 50 минг дона маҳсулотни серияли равишда чиқарадиган ишлаб чиқариш қувватларини тайёрлаб қўйсин.
3. Тошкент «Алгоритм» ишлаб чиқариш бирлашмаси 1994 йилда бирлашманинг ўзида тайёрланган деталлар асосида электр энергияси сарфини ҳисобга оладиган асбоблар ишлаб чиқаришни ўзлаштирсин. Бутловчи материаллар олиб келинишини ҳисобга олган ҳолда 1994 йилда 50 минг дона электр сарфини ҳисоблагич тайёрлашини таъминласин.
4. «Нита» қўшма корхонаси 1994 йилда унумдорлик соатига 16 куб метргача 500 дона газ сарфини ҳисобига оладиган рўзғор ҳисоблагичларни тайёрлаш бўйича кичик серияли ишлаб чиқаришни ташкил этсин, унумдорлик соатига 6 куб метр бўлган ҳисобга олиш асбобларининг тажриба туркуми ишлаб чиқарилишини таъминласин.
5. «Кимёавтоматика» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси 1994 йилнинг биринчи чорагида сув сарфини ҳисобга оладиган асбобларни серияли равишда ишлаб чиқаришга киришсин ҳамда 1994 йилнинг 11 минг дона ана шундай асбоблар ишлаб чиқарилишини таъминласин.
6. Энергия манбалари сарфини ҳисобга оладиган асбобларни тайёрлаш ва синаб кўриш ишларини амалга ошириш, уларни ишлаб чиқарадиган қувватлар барпо этиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Ўзсаноатқурилишбанк»ка аниқ мақсадлар учун 5 фоиздан кўп бўлмаган йиллик тўлов шарти билан 2340 млн сўм кредит ресурслари ажратсин, шу жумладан:
«Ўзэлектроаппарат» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига электр сарфини ҳисоблагичларни серияли равишда ишлаб чиқариш бўйича қувватларни тайёрлаш учун 710 млн сўм;
Тошкент «Алгоритм» ишлаб-чиқариш бирлашмасига электр сарфини ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш бўйича қувватларни барпо этиш учун 550 млн сўм;
«Реле ва автоматика» заводига — Франциянинг «Шлюмберже Индустри» фирмаси лицензияси бўйича газ сарфини ҳисобга оладиган асбоблар ишлаб чиқариш бўйича қувватларни тайёрлаш учун 580 млн сўм;
«Сигнал» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига — газ сарфини ҳисобга оладиган асбоблар яратиш ва уларни текшириб кўрадиган мосламалар яратишга доир тажриба-конструкторлик ишларини тугаллаш учун 110 млн сўм;
«Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш»нинг «Махсустузатишсозлаш» республика ишлаб чиқариш бирлашмасига — газ сарфини ҳисобга оладиган рўзғор ҳисоблагичларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 200 млн сўм;
«Нита» қўшма корхонасига мембрана ҳамда ва газ сарфини ҳисоблагичларнинг бошқа деталларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсадида пресс-қолип тайёрлаш учун 40 млн сўм;
«Кимёавтоматика» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига — совуқ сув сарфини ҳисоблагичларни серияли равишда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 150 млн сўм ажратсин.
7. «Ўздавкимё» концерни, «Ўздавмашконцерн», «Ўздавқишлоқхўжаликмаш» концерни манбалари сарфини ҳисобга оладиган асбоблар тайёрлашда қатнашувчи корхоналарнинг буюртмалари бўйича деталлар, жиҳозлар ва ностандарт асбоб-ускуналар тайёрлашда кооперация асосида иштирок этсинлар.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг фаолият турлари бўйича тармоқ ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 13 декабрь,
599-сон