Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЯККА ТАРТИБДА УЙ-ЖОЙ ҚУРУВЧИЛАРНИ ВА УЙ-ЖОЙҚУРИЛИШ КООПЕРАТИВЛАРИ АЪЗОЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Якка тартибдаги ва кооператив уй-жой қурилишини кенгайтириш ҳамда янада ривожлантириш ва республика аҳолисининг муайян қисмини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, «Ўзсаноатқурилишбанки», «Ўздеҳқончиликсаноатбанк», «Ўзжағармабанк» ва бошқа тижорат банкларига 1993 йилдан бошлаб, кредит ресурсларини шакллантиришда якка тартибда ва кооператив уй-жойлар қуриш, фуқаролар томонидан ҳовли бинолари бўлган уй-жойларни сотиб олиш, уй (квартира)ларни асосли тузатиш, газлаштириш, уй-жойларни сув ва канализация билан таъминлаш, бoғ уйлари сотиб олиш ва қуриш, боғ майдонларини ободонлаштиришга кредитлардан фойдаланганлик учун тўловни 20 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгилаш тавсия этилсин.
Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан аҳолининг капитал маблағларини узоқ муддатли кредитлаш ва пул билан таъминлаш тўғрисида Қоидалар ишлаб чиқилган, уларда уй-жой-қурилиш кооперативи аъзолари учун квартиралар қийматининг 90 фоизи миқдорида (иш ҳақининг 240 та энг кам оклади), якка тартибда қурувчилар учун уй қийматининг 75 фоизи миқдорида (иш ҳақининг 200 та энг кам оклади) кредит бериш кўзда тутилган.
Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига ва уларга тенглаштирилган шахсларга кредитлардан фойдаланганлик учун фоиз тўловларисиз ссудалар берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан уй-жой-қурилиш кооперативлари учун уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш учун уй-жой майдони ва уй-жой майдони (квартиралар)нинг умумий катталиги меъёрларига доир белгиланган чеклашлар олиб ташлансин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, корхоналар ва ташкилотлар якка тартибда уй-жой қурувчиларга ва уй-жой қуриш кооперативларига ер майдонлари, моддий ресурслар ажратишда, муҳандислик коммуникациялари билан таъминлашда ёрдам кўрсатсинлар.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 8 июль.,
339-сон