Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 11 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 18 майда маъқулланган
Сенат томонидан 2026 йил 18 майда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқаришга, шу жумладан жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини оширишга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича ваколатларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида бошқарувни янада самарали ташкил этиш мақсадида Кенгаш раиси ўринбосари лавозимини ва Кенгаш Раёсати институтини жорий этиш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига халқ депутатлари Кенгаши раисининг ўринбосари лавозими жорий этилишини, унга бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири вазифасини бажариш ҳамда Кенгаш котибияти ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ваколатлари берилишини, Кенгаш Раёсати институти жорий этилишини ҳамда унинг иш фаолияти тартиби белгиланишини, шунингдек халқ депутатлари Кенгашида тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Кенгаш депутатлари саволларига жавобларини эшитиш бўйича «Кенгаш соати» институти жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолиятини янада самарали ташкил этишга ҳамда вакиллик назоратининг янги шаклларини жорий этишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги 913-XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 320-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 241-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 418-модда; 2007 йил, № 4, 163-модда, № 9, 420-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2013 йил, № 12, 350-модда; 2014 йил, № 4, 86-модда, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 6, 228-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 8, 383-модда, № 9, 510-модда, № 12, 772-модда; 2018 йил, № 7, 431-модда; 2019 йил, № 1, 4-модда, № 11, 792-модда, № 12, 891-модда; 2020 йил, № 9, 537-модда; 2021 йил, № 1, 3, 7, 13-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 12, 1198-модда; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 6, 570, 577-моддалар, № 10, 984-модда; 2023 йил, № 1, 2-модда, № 10, 794-модда, № 12, 1003-модда; 2024 йил, № 8, 823-модда, № 10, 1075-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 161-модданинг:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«161-модда. Халқ депутатлари Кенгаши Раиси ва унинг ўринбосари»;
тўртинчи ва бешинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Халқ депутатлари Кенгаши раиси ва унинг ўринбосари Кенгашнинг ваколатлари муддатига сайланади ҳамда ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси ва унинг ўринбосари ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради, шунингдек доимий комиссиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмас»;
2) 162-модда:
учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«халқ депутатлари Кенгаши сессиясига ва Кенгаш Раёсатига раислик қилади, уларнинг ишини ташкил этади»;
тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
бешинчи — ўн тўртинчи хатбошилари тегишинча тўртинчи — ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кенгаш Котибиятининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
халқ депутатлари Кенгашининг ва Кенгаш Раёсатининг қарорларини ҳамда Кенгаш сессияси баённомаларини имзолайди, шунингдек халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари ижроси устидан назоратни ташкил этади»;
олтинчи хатбошисидаги «халқ депутатлари Кенгашининг сессиясини» деган сўзлар «зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгашининг сессиясини» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Халқ депутатлари Кенгаши раиси йўқлигида ёки у ўз зиммасидаги вазифаларни амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг ваколатларини Кенгаш раисининг ўринбосари бажариб туради»;
3) 163 ва 164-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«163-модда. Халқ депутатлари Кенгаши раисини ва (ёки) унинг ўринбосарини сайлаш
Халқ депутатлари Кенгашининг биринчи сессияси халқ депутатлари Кенгаши раисини ва унинг ўринбосарини сайлашдан бошланади.
Халқ депутатлари Кенгаши раисини ва (ёки) унинг ўринбосарини сайлаш учун депутатлар орасидан халқ депутатлари Кенгашига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партия депутатларидан иборат сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи ташкил этилади. Сиёсий партиялар вакиллари гуруҳининг таркиби тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Сиёсий партиялар вакиллари гуруҳининг мажлисида халқ депутатлари Кенгашига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиянинг вакили раислик қилади.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси ва (ёки) унинг ўринбосари лавозимига номзодлар сиёсий партиялар вакиллари гуруҳининг тавсияси асосида депутатлар орасидан шакллантирилади.
Айни бир шахс бир вақтнинг ўзида бошқа вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси ва (ёки) унинг ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси ва (ёки) унинг ўринбосари лавозимига номзод, агар у овоз бериш натижасида Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси ва (ёки) унинг ўринбосари сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади, уни халқ депутатлари Кенгаши сессиясида раислик қилувчи имзолайди.
164-модда. Халқ депутатлари Кенгаши раисини ва (ёки) унинг ўринбосарини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш
Халқ депутатлари Кенгаши раиси ва (ёки) унинг ўринбосари овоз бериш орқали Кенгаш депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Кенгаш қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.
Халқ депутатлари Кенгаши раисини ва (ёки) унинг ўринбосарини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала Кенгаш депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳининг таклифига биноан Кенгаш томонидан кўриб чиқилади.
Халқ депутатлари Кенгаши раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда сессияда Кенгаш раисининг ўринбосари, у йўқлигида эса тегишли Кенгашга сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиядан илгари сурилган депутатлар томонидан ташкил этилган партия гуруҳи раҳбари раислик қилади.
Халқ депутатлари Кенгаши раисини ва (ёки) унинг ўринбосарини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарор сессияда раислик қилувчи томонидан имзоланади»;
4) қуйидаги мазмундаги 165-модда билан тўлдирилсин:
«165-модда. Халқ депутатлари Кенгаши Раёсати
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида халқ депутатлари Кенгаши Раёсати тузилади.
Халқ депутатлари Кенгаши Раёсатининг таркибига Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, партия гуруҳлари раҳбарлари, доимий комиссиялар раислари, шунингдек ҳоким киради.
Халқ депутатлари Кенгаши Раёсати:
Кенгаш сессиясининг кун тартиби лойиҳасини шакллантиради;
халқ депутатлари Кенгашининг сессиясини чақиради;
доимий комиссияларнинг ишини мувофиқлаштириб боради;
Кенгаш фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилади.
Халқ депутатлари Кенгаши Раёсати ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан ўз аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади»;
5) 17-модда:
биринчи қисмидаги «Кенгашнинг фаолиятни жамоатчилик асосида амалга оширадиган раиси, у йўқлигида эса тегишли Кенгашга сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиядан илгари сурилган депутатлар томонидан ташкил этилган партия гуруҳи раҳбари томонидан» деган сўзлар «Кенгашнинг Раёсати томонидан» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисмининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Халқ депутатлари Кенгаши сессияларида раис, у йўқлигида Кенгаш раисининг ўринбосари, у ҳам бўлмаганда эса тегишли Кенгашга сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиядан илгари сурилган депутатлар томонидан ташкил этилган партия гуруҳи раҳбари раислик қилади»;
6) 20-модда:
бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятининг мудири ҳисобланади. Кенгаш котибиятининг мудири доимий асосда фаолият юритади»;
қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Халқ депутатлари Кенгаши котибияти ходимларини лавозимга тайинлаш ва уларни лавозимидан озод қилиш тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятининг мудири томонидан амалга оширилади»;
олтинчи, еттинчи ва саккизинчи қисмлари тегишинча еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
7) VI боб қуйидаги мазмундаги 259-модда билан тўлдирилсин:
«259-модда. Халқ депутатлари Кенгашида тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Кенгаш депутатлари саволларига жавобларини эшитиш
Халқ депутатлари Кенгаши тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Кенгаш депутатлари саволларига жавобларини эшитади (бундан буён матнда «Кенгаш соати» деб юритилади).
«Кенгаш соати»ни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Кенгаш депутатларининг, доимий комиссияларнинг, партия гуруҳларининг ташаббуси асосида Кенгаш Раёсатида кўриб чиқилади.
«Кенгаш соати»нинг ташаббускорлари томонидан Кенгаш депутатларининг тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига бериш учун шакллантирилган саволлари Кенгаш раиси томонидан тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига юборилади.
Тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари Кенгаш депутатларининг саволларига Кенгаш сессиясида жавоб беради».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 12 ноябрь,
ЎРҚ-1188-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.11.2026 й., 03/26/1188/1119-сон)