Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Халқаро тан олинган визаларга эга бўлган хорижий фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасига кириш тартибини соддалаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш, виза тизимини соддалаштириш орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ушбу йўналишда илғор чет давлатлар тажрибаларини мамлакатимизда қўллаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида қарор қиламан:
1. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Австралия, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, Канада, Корея Республикаси, Шенген келишуви иштирокчилари бўлган давлатлар, Янги Зеландия ва Япониянинг амалдаги кўп марталик бизнес ва туризм тоифасидаги кириш визасига эга бўлган ҳамда ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган Ҳиндистон Республикаси фуқаролари учун ушбу хорижий визалардан бирининг амал қилиш муддати мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунгача бўлган муддатга визасиз режим амалиёти жорий этилсин.
2. Туризм қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2027 йил 1 июлга қадар ушбу Фармоннинг ижроси натижаларини, шу жумладан, унинг ҳиндистонлик сайёҳлар оқимига таъсирини чуқур таҳлил қилсин ҳамда мазкур амалиётни бошқа хорижий давлатлар фуқаролари учун ҳам татбиқ этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин.
3. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи Г.О. Умерова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 29 август,
ПФ-180-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.09.2026 й., 06/26/180/0883-сон)