Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Атом энергияси соҳасида билим ва малакалар минтақавий марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида барқарор ва хавфсиз фойдаланишни таъминлаш, Атом энергияси соҳасида билим ва малакалар минтақавий марказини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш, атом соҳасида илмий-таълим ҳамкорлигини ва технологик интеграцияни мустаҳкамлаш, ядро ва радиация хавфсизлиги даражасини оширишга кўмаклашиш, Ўзбекистон Республикасида инновацияларни ривожлантириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
а) Тошкент шаҳридаги «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университетининг филиали (кейинги ўринларда — Филиал) таркибида алоҳида таркибий бўлинма шаклида Атом энергияси соҳасида билим ва малакалар минтақавий марказини (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этиш;
б) Марказнинг ташкилий-ҳуқуқий мақоми ва бошқарув тартибини қуйидагича белгилаш:
Марказ юридик шахс мақомига эга бўлмайди ҳамда ўз фаолиятида Филиалнинг инфратузилмасидан фойдаланади ҳамда минтақа (Марказий Осиё) давлатлари мутахассислари учун илмий-амалий платформа вазифасини бажаради;
Марказ фаолиятига Филиал ижрочи директори томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда тайинланадиган Марказ директори раҳбарлик қилади ва унинг мақоми Филиал ижрочи директорининг ўринбосарига тенглаштирилади;
Марказ тўғрисидаги низом ва унинг тузилмаси Агентлик билан келишилган ҳолда, Филиал ижрочи директори томонидан тасдиқланади;
Марказнинг чекланган штат бирлиги 15 нафар этиб белгиланади ва Филиалнинг ходимлар штатини мақбуллаштириш ҳисобидан шакллантирилади;
в) Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагиларни белгилаш:
Марказий Осиё давлатлари мутахассислари учун атом энергиясидан фойдаланиш объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва хавфсиз эксплуатация қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ ўқув модулларини ишлаб чиқиш ва амалий тренинглар ташкил этиш;
Филиалнинг замонавий ўқув лабораториялари ҳамда АЭС симуляторлари базасида реактор ва турбина бўлимлари ходимлари учун симуляция ўқув машғулотларини ўтказиш;
Халқаро атом энергияси агентлиги тавсиялари асосида Марказий Осиё давлатларига миллий ядровий инфратузилмани яратиш ва ядровий хавфсизлик маданиятини шакллантириш бўйича эксперт-консалтинг хизматларини кўрсатиш;
атом энергиясидан фойдаланиш ва ядро технологиялари соҳасида минтақавий кадрлар захирасини шакллантириш, талабалар ва ёш олимларнинг академик ҳаракатчанлиги бўйича ягона платформа вазифасини бажариш;
республикада атом электр станцияси қурилиши тажрибаси асосида «билимлар базаси»ни шакллантириш ва ушбу тажрибани минтақанинг бошқа давлатларига трансфер қилиш механизмларини ишлаб чиқиш;
Марказий Осиёда атом энергетикасининг ижобий имижини шакллантириш, аҳоли ва кенг жамоатчилик ўртасида ядро технологияларининг хавфсизлиги ва экологик афзалликларини тарғиб қилиш бўйича ахборот-намойиш фаолиятини кўрсатиш.
2. Агентлик ва Филиал:
бир ой муддатда Марказ тўғрисидаги низом, унинг штат жадвали ва тузилмасини тасдиқласин;
уч ой муддатда Марказни малакали кадрлар билан тўлдириш чорасини кўрсин;
Филиалнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари асосида Марказ ходимларини Агентликнинг Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиявий рағбатлантириш механизмларини жорий қилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарор ижроси билан боғлиқ харажатлар 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Агентликка ажратиладиган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2027 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш «Ўзатом» агентлиги директори А.И. Ахмедхаджаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 26 июнь,
334-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.06.2026 й., 09/26/334/0639-сон)