Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Хоразм вилояти Боғот туманидаги кўчалардан бирига Шакаржон Хўжаниёзова номини бериш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви тизимида кўп йиллар давомида самарали фаолият юритган, ўзининг фидокорона меҳнати ва юксак раҳбарлик салоҳияти билан мамлакатимиз тарихида чуқур из қолдирган, Хоразм воҳасининг деҳқончилик маданиятини янги босқичга кўтарган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Шакаржон Хўжаниёзованинг улкан хизматларини эътироф этган ҳолда қарор қиламан:
1. Хоразм вилояти Боғот тумани Ашхобод маҳалласида жойлашган Эзгу тилак кўчасига Шакаржон Хўжаниёзова номи берилсин.
2. Кадастр агентлиги мазкур қарорга мувофиқ бир ой муддатда Географик объектлар номларининг давлат реестрига ҳамда ушбу ҳудудда жойлашган кўчмас мулк объектлари маълумотларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
3. Хоразм вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда кўча номи ва кўчмас мулк объектлари рақамлари кўрсаткичларини ўрнатиш чораларини кўрсин.
4. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 15 июнь,
ПҚ-225-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.06.2026 й., 07/26/225/0604-сон)