Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Янги Ўзбекистон» университетида «Ректорлар мактаби» дастурини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида
Олий таълим соҳасида бошқарув самарадорлигини ошириш, истиқболли ва замонавий қарашларга эга раҳбар кадрларни тайёрлаш, шунингдек, илғор билим ҳамда юксак малакаларни ўзида мужассам этган ректорлар корпусини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2026 йил 1 июлдан бошлаб «Янги Ўзбекистон» университетида (кейинги ўринларда — Университет) давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича «Ректорлар мактаби» дастури (кейинги ўринларда — Дастур) йўлга қўйилсин.
2. Белгилансинки:
Дастур давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар захирасини шакллантириш мақсадида ташкил этилади;
Дастур доирасида 30 ёшга тўлган, камида магистр академик даражасига ва олий таълим соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлган, шу жумладан, 2 йил раҳбарлик лавозимларида ишлаган шахслар очиқ танлов асосида ўқишга қабул қилинади;
Дастур тингловчиларида академик, молиявий, илмий ва инновацион бошқарув, сунъий интеллект ва рақамлаштириш, стратегик бошқарув ва трансформация йўналишларида билим ва кўникмалар ривожлантирилади;
Дастурнинг ўқув жараёнлари масофавий (онлайн) ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (оффлайн) олти ойгача бўлган муддатда ташкил этилади;
Дастурга ҳар йили 80 нафар тингловчи қабул қилинади ҳамда Дастур якунлари бўйича энг яхши натижа кўрсатган 40 нафаргача тингловчи Гарвард университети (АҚШ) ва (ёки) бошқа хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларига малака оширишга юборилади.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
а) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Дастур доирасида давлат олий таълим ташкилоти ректори (директори) лавозимига тингловчиларни ўқитиш бўйича давлат буюртмачиси ҳисобланади;
Бунда Дастур доирасида тингловчиларнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими ва амалдаги ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади;
б) Дастурни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юритиладиган давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар захирасига киритилади;
в) давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар фақат Дастурни муваффақиятли тамомлаган ва олий таълим ташкилотлари ректори (директори) захирасига киритилган шахслар орасидан танлаб олинади.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2026 йил 1 июлга қадар:
Дастурга номзодларни саралаш тартибини тасдиқласин;
мазкур қарорда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, ўқув дастурини ишлаб чиқсин ҳамда халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори 200 талик рўйхатга кирган олий таълим ташкилоти билан келишиш чораларини кўрсин;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда энг яхши натижа кўрсатган тингловчиларни Гарвард университети (АҚШ) ва (ёки) бошқа хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларига малака оширишга юбориш бўйича музокаралар олиб борсин ҳамда тегишли келишувларни имзоласин.
5. Дастур қуйидагича молиялаштирилади:
Дастур доирасида тингловчиларни ўқитиш ҳамда Дастур якуни бўйича ҳар йили 40 нафаргача тингловчини Гарвард университети (АҚШ) ва (ёки) бошқа хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларига малака оширишга юбориш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;
тингловчиларни ўқитиш ва хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларига малака оширишга юбориш харажатлари учун зарур маблағлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан шартнома асосида Университетга ўтказиб берилади;
битта тингловчини ўқитиш харажатлари миқдори ҳар йили Университет томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йилда ушбу қарорнинг ижроси учун талаб этиладиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида молиялаштирсин, 2027 йилдан бошлаб эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра ҳар йилги Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 16 апрель,
177-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2026 й., 09/26/177/0369-сон)