Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 20 январда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 5 февралда маъқулланган
Сенат томонидан 2026 йил 5 февралда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ҳамда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга шахсга доир маълумотларни сақлаш ва уларга ишлов беришнинг алоҳида шартларини, шахсга доир маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш тартибига оид нормаларни янада такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотларнинг рўйхатини аниқлаштирувчи, ушбу маълумотлар базалари Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозимлигини, шунингдек шахсга доир маълумотларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида сақланишига хамда уларга ишлов берилишига оид шартларни белгиловчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.
Ушбу Қонун шахсга доир маълумотларнинг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлда қабул қилинган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги ЎРҚ-547-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 7, 385-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда, 4-сонга илова; 2023 йил, № 11, 923-модда) куйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:
1) 3-модда иккинчи қисмининг:
иккинчи хатбошиси куйидаги таҳрирда баён этилсин:
«жисмоний шахс томонидан шахсга доир маълумотларга шахсий ва маиший мақсадларда ишлов бериш»;
тўртинчи хатбошиси «давлат сирларини ташкил этадиган маълумотлар» деган сўзлардан кейин «ҳамда мудофаа ва миллий хавфсизлик масалаларига тааллуқли маълумотлар» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
2) 20-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу Қонун 271-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақланиши шарт бўлган шахсга доир маълумотлар базалари Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим»;
3) 271-модда куйидаги таҳрирда баён этилсин:
«271-модда. Шахсга доир маълумотларни сақлаш ва уларга ишлов беришнинг алоҳида шартлари
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотлари ушбу Қонуннинг асосий принциплари таъминланган ҳолда сақланиши лозим.
Қуйидаги шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақланиши шарт:
жисмоний шахсларнинг биометрик маълумотлари;
жисмоний шахсларнинг генетик маълумотлари;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини амалга ошираётган телекоммуникациялар операторларидаги уларнинг хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларнинг маълумотлари.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилмаган шахсга доир маълумотлар куйидаги шартлардан бири бажарилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида сақланиши ва уларга ишлов берилиши мумкин:
чет давлатни шахсга доир маълумотларнинг бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи давлат сифатида тан олиш;
оператор томонидан ваколатли давлат органи тасдиқлайдиган талабларга жавоб берувчи стандарт шартномавий шартлар ёки мажбурий корпоратив қоидалар қабул қилиниши ва уларга риоя этилиши;
рўйхати ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шахсга доир маълумотларни бошқариш ва сақлаш соҳасидаги халқаро стандартларга оператор томонидан риоя этилиши.
Шахсга доир маълумотлар бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи чет давлатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 26 март,
ЎРҚ-1125-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.03.2026 й., 03/26/1125/0278-сон)