ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ қарор қиламан:
1. 2025 йил 26 август куни Самарқанд шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасидаги инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим тасдиқлансин.
2. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган тўғрисида Иордания томонига тегишли билдиришнома юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари мазкур халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари амалга оширилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 11 март,
ПҚ-93-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.03.2026 й., 07/26/93/0221-сон)