Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Нарх ўзгарувчанлиги даврида молиявий хавф-хатарлардан самарали ҳимоя қилишни ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 мартдаги ПФ-50-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлик субъектларини нарх ўзгарувчанлиги даврида молиявий хавф-хатарлардан самарали ҳимоя қилиш ва қўшимча даромад манбаини шакллантириш бўйича уларни халқаро товар деривативлари савдоларида тўғридан-тўғри иштирок этишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиш, товар-хомашё биржалари соҳасига замонавий савдо воситаларини жорий қилишни изчил давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ (кейинги ўринларда — Республика биржаси) ҳузурида хорижий инвестициялар иштирокидаги «UZEX Global» масъулияти чекланган жамиятини (кейинги ўринларда — Халқаро биржа воситачиси) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Республика биржаси Халқаро биржа воситачиси фаолиятини муваффақиятли ташкил қилиш учун дунёнинг етакчи товар биржалари савдолари тизимига кириш бўйича етарли тажрибага эга ва халқаро тан олинган инвестиция компаниясини жалб қилиш чораларини кўрсин. Бунда қуйидагилар Халқаро биржа воситачиси фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида назарда тутилсин:
маҳаллий тадбиркорлик субъектлари (пахта-тўқимачилик корхоналари, электротехника саноати корхоналари, буғдой етиштирувчилар ва бошқалар) келгуси йиллар учун ишлаб чиқариладиган товарлар нархларининг ноқулай ўзгаришидан молиявий ҳимояланиш учун халқаро товар деривативлари биржалари, шу жумладан, Нью-Йорк интерконтиненталь биржаси, Лондон металл биржаси, Чикаго товар биржаси ва бошқа биржаларнинг товар деривативлари савдоларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ва маҳорат сабоқларини ўтказиш;
«ўзбек миллий товар деривативлари» савдолари тизимини амалиётга жорий қилишга кўмаклашиш.
3. Белгилансинки, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси халқаро товар деривативлари савдоларида маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг иштирокини мувофиқлаштириш ва уларни тартибга солиш, соҳани ривожлантириш, халқаро товар деривативлари савдолари иштирокчиларига махсус ўқув курсларини ташкил этиш, хорижий давлатлардаги масъул тартибга солувчи ташкилотлар ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича ваколатли орган (кейинги ўринларда — ваколатли орган) ҳисобланади.
4. Маҳаллий тадбиркорлик субъектлари халқаро товар деривативлари савдоларида иштирок этган ҳолда савдо қилиши, шунингдек, ички ва ташқи товар бозорларидаги нархлар ўзгаришларидан ҳимояланиши (хеджирлаш) ва қўшимча даромад олиши учун шарт-шароит яратилишида қуйидагилар назарда тутилади:
Халқаро биржа воситачиси томонидан маҳаллий тадбиркорлик субъектлари халқаро товар деривативлари савдоларида иштирок этган ҳолда тўғридан-тўғри савдо қилиши учун зарур технологик ечим ва операцион шароитларни яратиш;
Халқаро биржа воситачиси томонидан маҳаллий тадбиркорлик субъектлари халқаро товар деривативлари савдоларида тўғридан-тўғри иштирок этиши ва таваккалчиликларни бошқариш (риск-менежмент) бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш;
маҳаллий тадбиркорлик субъектларини Халқаро биржа воситачисида рўйхатдан ўтказиш, унда иккиламчи ҳисобварақларни очиш ва мазкур ҳисобварақларга миллий валютада аванс маблағларини киритиш;
Халқаро биржа воситачиси томонидан маҳаллий тадбиркорлик субъектлари шахсий ҳисобварақлари алоҳида юритилишини (сегрегациясини) таъминлаш;
Халқаро биржа воситачиси маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан миллий валютада киритилган маблағларни чет эл валютасига онлайн айирбошлашни (конвертация қилишни) таъминлаши ва ушбу маблағларни маҳаллий тадбиркорлик субъектларини халқаро товар деривативлари савдоларида иштирок этиши учун йўналтириш;
Халқаро биржа воситачиси ҳисобварағидаги чет эл валютасидан фақат маҳаллий тадбиркорлик субъектлари халқаро товар деривативлари савдоларида иштирок этиши мақсадида фойдаланиш;
Халқаро биржа воситачисида рўйхатдан ўтган ва етарли маблағларни киритган маҳаллий тадбиркорлик субъектлари тўғридан-тўғри халқаро товар деривативлари савдоларида иштирок этишини таъминлаш;
Халқаро биржа воситачиси маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг буюртмаси асосида уларнинг бўш маблағлари, шу жумладан, халқаро товар деривативлари савдоларидан келиб тушган даромадни миллий валютада қайтариб бериши;
маҳаллий тадбиркорлик субъектлари халқаро товар деривативлари савдолари иштирокидан олинган даромадлардан нархлар ўзгарувчанлиги натижасида келиб чиққан молиявий йўқотишларни қоплаш учун фойдаланиши;
Халқаро биржа воситачиси томонидан маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг халқаро товар деривативлари савдоларида иштироки бўйича ёзувларни юритиш ва сақлаш;
Халқаро биржа воситачиси ваколатли органга ҳар бир маҳаллий тадбиркорлик субъекти кесимида уларнинг иккиламчи ҳисобварақлари қолдиқлари ва айланмалар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда халқаро товар деривативлари савдоларида иштирок этиш натижалари бўйича ҳисоботларни тақдим этиб бориши.
5. Маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг халқаро товар деривативлари савдоларида иштирок этиш учун миллий валютада киритилган маблағларини Халқаро биржа воситачиси томонидан чет эл валютасига айирбошлаш ва халқаро товар деривативлари биржаларига ўтказишга рухсат берилсин.
6. Ваколатли орган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда илғор хорижий тажриба асосида маҳаллий тадбиркорлик субъектлари халқаро товар деривативлари биржаларида иштирок этиши устидан назоратни таъминлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни кўзда тутувчи тартибни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 27 февраль,
82-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.02.2026 й., 09/26/82/0177-сон)