Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Янгиер шаҳар техникуми фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 23 октябрдаги ПФ-190-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Сирдарё вилоятида ёшларни касбий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш, уларни ички ва ташқи меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари асосида ташкил этилаётган янги иш ўринларидан келиб чиқиб, уларнинг ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 23 октябрдаги ПФ-190-сон Фармони билан Янгиер педагогика коллежи негизида Янгиер шаҳар техникуми (кейинги ўринларда — Техникум) ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
Техникум Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳри, «Шодиёна» МФЙ Янгибоғ кўчаси 15-уй манзилида фаолият кўрсатиши ва собиқ Янгиер педагогика коллежининг бино ва иншоотларига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул жойлаштирилиши инобатга олинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
техникум Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги давлат касбий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда унинг фаолияти амалдаги касбий таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби асосида ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
техникумга умумий ўрта таълим ташкилотининг битирувчилари белгиланган тартибда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади ҳамда ўқув жараёни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ташкил этилади;
2025 йилда техникумни сақлаш билан боғлиқ харажатлар Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;
техникумда меҳнат бозори эҳтиёжлари, фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг таклифлари асосида асосий таълим дастурларига қўшимча равишда квалификация ва компетенцияларни ўзлаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган қисқа муддатли курслар ташкил этилади.
3. Техникумнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
иқтисодиёт тармоқларида ўрта бўғин кадрларига талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш;
ўрта бўғин кадрлари тайёрлашда ички ва ташқи меҳнат бозорида таклифларни ўрганиш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш;
кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳа корхоналаридан амалиётчилар, олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
халқаро таълим дастурларини жорий қилиш орқали ташқи меҳнат бозори эҳтиёжи асосида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш;
меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини қисқа муддатли касбларга ҳамда хорижий тилларга ўқитиш;
тегишли касбий таълим даражалари бўйича кадрлар тайёрлаш учун зарур моддий-техник, ўқув-методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни жалб этиб бориш.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги бир ой муддатда Техникумда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш, ўқув жараёнини ташкил этиш, ички ва ташқи меҳнат бозори учун ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ҳамда ўқувчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин.
5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
бир ҳафта муддатда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг таклифи асосида техникумга ўқувчиларни қабул қилиш параметрларини белгиланган тартибда шакллантирсин ва тасдиқласин;
ўқувчиларни қабул қилиш параметрларига мос равишда юқори малакали мутахассисларни ишга қабул қилишни ташкил этсин;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда мунтазам равишда умумий ўрта таълим ташкилотларининг битирувчиларини техникумдаги мавжуд касбларга йўналтириш чораларини кўрсин;
бир ой муддатда техникум уставини тасдиқласин ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
6. Сирдарё вилояти ҳокимлиги:
бир ой муддатда техникумда мавжуд касб ва мутахассисликлар бўйича ҳудуддаги корхона ва ташкилотларни саноат ҳамкори сифатида бириктирсин;
бириктирилган корхона ва ташкилотларнинг буюртмаси асосида ўқувчиларни дуал таълим шаклида ўқитишни йўлга қўйишда кўмаклашсин;
техникум ва иш берувчиларнинг ўзаро уйғунликда фаолият юритишини ҳамда ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти ҳудуддаги корхона ва ташкилотларда ўтказилишини таъминласин;
2026 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан биргаликда техникумга ўқишга қабул қилинган ўқувчиларни ҳамда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни хитой, немис, инглиз, рус, корейс ва япон тилларига Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўқитишни йўлга қўйсин;
ҳар йили 1 майга қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда техникум битирувчиларининг бандлигини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқсин ҳамда улар ижросини назорат қилсин;
ҳар йили июль-август ойларида техникум битирувчилари учун иш берувчиларни жалб қилган ҳолда ярмаркалар, ўқув йили давомида ишлаб чиқариш ташкилотларида тасдиқланган режа-графиклар асосида «Очиқ эшиклар куни»ни ташкил қилсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими в.б. Э.О.Турдимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 4 ноябрь,
692-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.11.2025 й., 09/25/692/1012-сон)