ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Қашқадарё вилоятида Кўкдала туман 2-сон техникуми фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Қашқадарё вилоятида ёшларни касбий таълимга жалб этиш, уларга касб ва мутахассисликларни эгаллаши учун қулай шароитлар яратиш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденциясига мос ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизимини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 23 октябрдаги ПФ-190-сон Фармони билан Кўкдала (Чироқчи) педагогика коллежи негизида Кўкдала туман 2-сон техникуми (кейинги ўринларда — Техникум) ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
Қуйидагилар:
Техникум Қашқадарё вилояти, Кўкдала тумани, Кўкдала МФЙ, Умар Хайём кўчаси 77-уй манзилида фаолият кўрсатиши;
собиқ Кўкдала (Чироқчи) педагогика коллежи ҳудудида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси ҳамда унга туташ бўлган 0,5 га ер майдони Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида қолдирилиши инобатга олинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Техникум Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги тизимидаги давлат касбий таълим ташкилоти ҳисобланади ва унинг фаолияти амалдаги касбий таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби асосида ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
Техникумга умумий ўрта таълим ташкилотининг 9 ва 11-синф битирувчилари белгиланган тартибда ўқишга қабул қилинади;
Техникумни сақлаш харажатларига 2025 йилда талаб этиладиган маблағлар Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджетига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
3. Техникумнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
иқтисодиёт тармоқларида ўрта бўғин кадрларига талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича ҳамда халқаро таълим дастурларини жорий қилиш орқали ташқи меҳнат бозори эҳтиёжи асосида кадрлар тайёрлаш;
таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш;
меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини қисқа муддатли касбларга ҳамда хорижий тилларга ўқитиш, бунда қисқа муддатли ўқув курсларини иш берувчилар талабига мувофиқ ташкил этиш;
тегишли касбий таълим даражалари бўйича кадрлар тайёрлаш учун зарур моддий-техника, ўқув-методик базани яратиш;
ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни ҳамда олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчиларини жалб этиб бориш;
нуфузли хорижий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури асосида мутахассислар тайёрлаш ҳамда ўқувчиларни эгаллаган касб ва мутахассислик бўйича халқаро тан олинган касбий сертификатларини олишларига шарт-шароитлар яратиш.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
а) бир ой муддатда Техникумда ўқув жараёнини ташкил этиш, таълим сифатини таъминлаш ва ўқувчилар учун зарурий шарт-шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин;
б) Техникумни ўқув-лаборатория жиҳозлари, устахона асбоб-ускуналари ва ўқув техника билан таъминлашда сунъий интеллект ҳамда «яшил иқтисодиёт» тенденцияларини инобатга олсин;
в) 2025 йил 15 ноябрга қадар:
Техникумнинг уставини тасдиқласин ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
2025/2026 ўқув йили учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг таклифи асосида Техникумга ўқувчиларни қабул қилиш параметрларини белгиланган тартибда тасдиқласин.
5. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги:
Техникумда тайёрланаётган касб ва мутахассисликлар бўйича ҳудуддаги корхона ва ташкилотларни саноат ҳамкори сифатида жалб этсин ҳамда ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларида ўтказишни таъминласин;
2026/2027 ўқув йили бошлангунга қадар Техникумнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, инфратузилмасини яхшилаш чораларини кўрсин;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан биргаликда Техникумда 2026 йил 1 январдан бошлаб ўқишга қабул қилинган ўқувчиларни ҳамда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни немис, инглиз, рус, корейс ва япон тилларига Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўқитишни йўлга қўйсин;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Техникумда халқаро таълим дастурини жорий қилиш чораларини кўрсин;
ҳар йили июль-август ойларида Техникум битирувчилари учун вилоятдаги иш берувчиларни жалб қилган ҳолда ярмаркалар, шу жумладан, ўқув йили давомида ишлаб чиқариш ташкилотларида тасдиқланган режа-графиклар асосида «Очиқ эшиклар куни»ни ташкил қилсин.
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими М.Б. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 октябрь,
680-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.10.2025 й., 09/25/680/0993-сон)