Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига ўзгартириш киритиш тўғрисида
Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган ва яроқсиз деб топилган уй-жой мулкдорларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уй-жой билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексига мувофиқ уй-жой авария ҳолатида ёки яшаш учун яроқсиз деб топилган бўлса, ушбу уй-жойдан кўчирилаётган фуқароларга маҳаллий давлат ҳокимияти органи қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа обод турар жой бериши;
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 ноябрдаги 734-сон қарорига кўра уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарлангани натижасида уй-жойнинг яроқсиз ҳолатга келганлигини тасдиқлаш бўйича хулоса келгусида уй-жой мулкдорларини белгиланган тартибда давлат томонидан уй-жой билан таъминлаш учун асос ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 ноябрдаги 734-сон қарори билан тасдиқланган Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 14-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Ариза берувчига берилган хулоса келгусида уни давлат томонидан белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлаш учун асос ҳисобланади.
Бунда ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган тадбирлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади».
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари термит ҳамда бошқа ҳашоратлардан зарарланган ва яроқсиз деб топилган уй-жой мулкдорларини белгиланган тартибда 2025 йил учун тасдиқланган Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг иқтисод қилинган маблағлари ва қўшимча манбалари ҳисобидан уй-жой билан таъминлаш чораларини кўрсин.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда илғор хорижий тажриба асосида термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни замонавий технологиялар асосида олдиндан аниқлаш ва улар билан курашиш (профилактика тадбирлари) бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклиф киритсин.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг сўровига асосан ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 2026 йилдан бошлаб маҳаллий бюджет параметрлари шакллантирилишида тегишли маблағлар кўзда тутилишини таъминласин.
5. Адлия вазирлиги икки ой муддатда яшаш учун яроқсиз деб топилган, авария ҳолатида эканлиги ёки табиий офатдан зарар кўрган уй-жой мулкдорларини уй-жой билан таъминлаш тартибини белгиловчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 сентябрь,
579-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.09.2025 й., 09/25/579/0840-сон)