Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 2025 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён матнда давлат дастури деб юритилади) 2025 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, «яшил иқтисодиёт»ни тараққий эттириш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилган.
Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирлар кўрилган. Давлат дастурининг ижроси ҳукуматнинг Раёсати мажлисларида танқидий-таҳлилий муҳокама қилиб борилган.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 6 та қарори, ҳукуматнинг 13 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 3 та қарори ҳамда 113 та бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.
Бундан ташқари ҳукумат томонидан мамлакатда олиб борилган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган 61 та қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) киритилган.
Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишларнинг таҳлили мамлакатимизда ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш борасида белгиланган устувор йўналишлар доирасида қатор ишлар бажарилган. Жумладан, 35 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, болаларнинг мактабгача таълимга қамраб олиниши 77 фоизга етказилган.
Камбағаллик даражасини қисқартириш борасида «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш учун 2,4 трлн. сўм йўналтирилган.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улардан 156 290 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган, 174 885 нафар аёлга 11 трлн. 555,9 млрд. сўм кредит ажратилган, шунингдек «Аёллар дафтари»га киритилган 518 306 нафардан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган.
«Ёшлар дафтари» орқали 36,7 минг нафар ёшларни қўллаб-қувватлаш учун 121,8 млрд. сўм йўналтирилган. Ишсиз ва бизнесини бошлаш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Ёшлар бандлиги дастури» қабул қилиниб, 161,5 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.
Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишидаги устувор мақсадларга эришиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган. Изчил иқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар макроиқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилган. Хусусан, ўтган даврда ялпи ички маҳсулот 7,2 фоизга, шу жумладан саноат 6,6 фоизга, қурилиш 10,7 фоизга, хизматлар 8,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4 фоизга ўсган. Экспорт илк бор 10,3 млрд. долларга етган. Жами қиймати 21 млрд. АҚШ доллари бўлган хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилга нисбатан 1,3 баробарга ўсиш қайд этилган.
Барқарор иқтисодий ўсиш халқаро рейтинглар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мавқеини янада оширишга хизмат қилган. Хусусан S&P ва Moodyʼs халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен рейтинги бўйича прогнозни «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирган.
Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устувор йўналишлари доирасида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш, «яшил энергия» технологияларини кенг жорий этиш борасида қатор ишлар қилинган.
Жумладан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида 137 млн. туп дарахт ва бута кўчатлари экилган, республика бўйича 55 та «яшил боғ» яратилган. 126,2 минг гектар «яшил қоплама»лар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган ҳамда ўрмон билан қопланган ер майдонлари жами 4,76 млн. гектарга етказилган.
Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини ошириш йўналишида 547,9 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган, натижада 705 млн. куб метр сув ресурслари иқтисод қилинган.
Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш борасида ҳам муайян ишлар бажарилган.
Ўтган даврда 30 дан ортиқ хизмат ва сервислар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилиши йўлга қўйилган. Ушбу порталда 54 та янги электрон хизмат жорий этилиб, жами хизматлар сони 764 тага етказилган.
«Қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1054-сонли Қонун билан қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритишда қонун лойиҳасининг ва халқаро шартнома матнининг ҳуқуқий экспертизаси натижалари ҳамда қонун лойиҳасининг коррупцияга қарши экспертизаси ва жамоатчилик муҳокамаси натижаларини тақдим этишга доир талаблар белгиланган.
«Хавфсиз ва тинчликпарвар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш бўйича белгиланган устувор вазифалар доирасида мамлакатимизнинг халқаро муносабатлардаги ўрнини янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича зарур чоралар кўрилган. Жумладан, Ўзбекистоннинг БМТдаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Дарахт экиш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги» ҳамда «Зилзилалар қурбонларини хотирлаш халқаро куни» резолюциялари қабул қилиниши таъминланган.
Шунингдек Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) тўлақонли аъзо бўлиши йўналишида жорий йил 5 — 13 июнь кунлари Женева шаҳрида Ўзбекистон ишчи гуруҳининг ўнинчи йиғилиши ўтказилган. 55 та қонунчилик ҳужжатининг қабул қилиниши орқали 130 дан ортиқ ҳужжат ЖСТ битимлари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган.
Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишини таъминлашда, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда парламент ва ҳукумат ўртасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этган. Хусусан, Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори билан вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар ва бошқа ташкилотлар Қонунчилик палатасининг қўмиталарига бириктирилган. Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан 50 дан ортиқ илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган ҳамда ҳамкорлик режалари тасдиқланган.
Ушбу ҳамкорлик доирасида Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахбороти 2 маротаба эшитилган, 4 маротаба «ҳукумат соати» ўтказилган, мансабдор шахсларга 5 та парламент сўрови ва 103 та депутат сўрови юборилган. Шунингдек Қонунчилик палатасининг қўмиталари мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ахбороти 47 маротаба эшитилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот даврида давлат дастуридаги бажарилиши белгиланган жами 277 та топшириқдан 224 тасининг ижроси тўлиқ таъминланган, 25 тасининг ижро муддати узайтирилган. Шу билан бирга 28 тасининг ижросини таъминлаш бўйича бошланган ишлар якунига етказилмаган.
Жумладан, экспорт қилинаётган маҳсулотлар сифатини назорат қилиш ҳамда хорижий харидорларнинг шикоятлари билан ишлаш тизимини йўлга қўйишга (4-илова, 57-банд), молиявий ҳисоб тизимига молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини кенг жорий этишга (5-илова, 2-банд), республика саноатида ҳудудий саноат улушини 45 фоизга олиб чиқишга (5-илова, 4-банд), тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш юкини камайтиришга (11-илова, 4-банд) қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ишлари охирига етказилмаган.
Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган «Биологик хавфсизлик тўғрисида»ги (8-илова, 22-банд), «Улуш киритиш асосида уй-жой қуриш тўғрисида»ги (5-илова, 21-банд) каби, шунингдек суд тизимини молиялаштиришда суд ҳокимияти мустақиллигининг кафолатларини кучайтиришга (11-илова, 22-банд), «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган (11-илова, 27-банд) қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига қисқа муддатларда киритилишини таъминлаш зарур.
Давлат дастуридаги тадбирларни молиялаштириш учун кўзда тутилган Давлат бюджети маблағларининг ўзлаштирилишини ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги Фармони билан тасдиқланган 2025 йилга мўлжалланган ҳар чорак кесимида тегишли йўналиш ва ҳудуд бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилишини таъминлаш керак.
Бундан ташқари Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўтарилган экспорт географияси ва товарлар номенклатурасини кенгайтириш, давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш ишларини жадаллаштириш, тиббий профилактикага эътиборни кучайтириш, таълим сифатини тубдан яхшилаш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, агрологистика марказларини қуриш, «яшил боғлар» яратиш, сув ресурсларини тежаш, давлат экологик назорат инспекциясининг назорати самарадорлигини тубдан ошириш, «Экофаол фуқаро» платформасини ишга тушириш каби масалалар юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилиши лозим.
Давлат дастуридаги устувор йўналишлар бўйича амалга оширилган ишлар соҳалар ва ҳудудлар кесимида, натижадорлик нуқтаи назаридан таҳлилий ёритилиши мақсадга мувофиқдир.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 2025 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
давлат дастурида ижро муддати узайтирилган 25 та ва бажарилиши якунланмаган 28 та топшириқда назарда тутилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш;
давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан мутасадди вазирликлар ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш;
давлат дастурида иккинчи ярим йилликда ижро этилиши белгиланган тадбирларнинг бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш;
давлат дастурида назарда тутилган ҳар бир тадбирнинг, шу жумладан ижро муддати «йил давомида», «доимий» этиб белгиланган вазифаларнинг бажарилишини уларнинг натижадорлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилиб бориш;
2025 йилга мўлжалланган ҳар чорак кесимида тегишли йўналиш ва ҳудуд бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилиши ҳолатини доимий таҳлил қилиш;
давлат дастурида белгиланган қонун лойиҳаларини белгиланган муддатларда ишлаб чиқишда Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар билан ҳамкорликни кучайтириш;
давлат дастурининг бажарилиши юзасидан ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан қўшимча чоралар кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларини изчил давом эттириш;
давлат дастурида кўзда тутилган тадбирларнинг жойлардаги ижро этилиши ҳолати депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти давомида ўрганиб борилишини таъминлаш;
давлат дастурида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларнинг самарали ташкил қилиниши ҳамда уларга ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли ўзлаштирилиши устидан парламент ва депутат назоратини кучайтириш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз мажлисларида давлат дастурида ижроси тўлиқ таъминланмаган бандларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан мутасадди вазирликлар ва идоралар масъулларининг ахборотини эшитиб борсин ҳамда бу борада мониторинг юритсин.
5. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 12 август,
1191-V-сон