Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини бажариш, шунингдек, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлаш орқали соҳада норасмий товар айланмасини қисқартириш мақсадида қарор қиламан:
I. Асосий мақсад
1. Ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад этиб 2026-2027 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида расмий товар айланмасини камида 3 баравар ошириш белгилансин.
II. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун солиқ тизимини соддалаштириш
2. 2026 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (бундан пахта ва ғалла мустасно) реализацияси учун қўшилган қиймат солиғининг «ноль» ставкаси жорий қилинсин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 январдан:
(а) қўшилган қиймат солиғининг «ноль» ставкаси қўлланиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхати (кейинги ўринларда — Рўйхат) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади ва уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;
(б) Рўйхатга киритилган маҳсулотларни етиштириш учун харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплаш (қайтариш) тартиби амал қилади;
(в) қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига (бундан пахта ва ғалла мустасно) қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) 3 кун муддатда автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.
4. Солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) 2026 йил 1 январдан Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан биргаликда ишлаб чиқилган товарларни айнан битта етказиб бериш занжири бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишда электрон ҳисобварақ-фактураларни хавф даражасига қараб реал вақт режимида автоматлаштирилган тарзда таҳлил қилиш тизимини жорий қилсин. Бунда юқори хавф даражасига эга электрон ҳисобварақ-фактуралар бўйича:
(а) уларнинг улуши ҳисобот даврида расмийлаштирилган жами электрон ҳисобварақ-фактуралар сонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
(б) қўшилган қиймат солиғи суммаси сотувчи (етказиб берувчи) ёки харидор (буюртмачи) томонидан бюджетга тўлиқ тўлангандан кейин ҳисобга олиниши назарда тутилсин.
5. Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (Ш. Кадиров) 2026 йил 1 январдан бошлаб «Space Gov Monitoring» марказлашган ягона платформасини Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиш орқали давлат космик мониторинги доирасида қишлоқ хўжалиги ерларида ҳақиқатда экин экилган майдонлар бўйича маълумотларни мунтазам равишда тақдим этиб бориш амалиётини йўлга қўйсин.
III. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
6. Бош вазир ўринбосари Ж. Қўчқоров:
(а) 2025 йил 1 декабрга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари реализацияси учун қўшилган қиймат солиғининг «ноль» ставкаси жорий қилиниши муносабати билан қишлоқ хўжалиги соҳасига берилган субсидиялар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чораларини мақбуллаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритсин;
(б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдураҳмонов), Солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Савдо-саноат палатаси (Д. Вахабов) билан биргаликда бир ҳафта муддатда режа-график тасдиқлаган ҳолда, 2027 йил 1 январга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшилган қиймат солиғининг «ноль» ставкасини қўллаш ҳамда электрон ҳисобварақ-фактураларнинг хавф даражасини баҳолаш тизими бўйича жойларда тушунтириш ишларини олиб борсин, тадбиркорлик субъектларига юзага келаётган масалалар бўйича амалий ёрдам кўрсатсин.
7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А. Хайдаров) Солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармондан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А. Хайдаров) билан биргаликда бир ой муддатда электрон ҳисобварақ-фактураларни хавф даражасига қараб реал вақт режимида автоматлаштирилган тарзда таҳлил қилиш ҳамда юқори хавф даражасига эга электрон ҳисобварақ-фактуралар бўйича қўшилган қиймат солиғи суммаси бюджетга тўлиқ тўлангандан кейин ҳисобга олиш тартибини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев белгилансин.
10. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 4 сентябрь,
ПФ-153-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.09.2025 й., 06/25/153/080-сон)