LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқни ижтимоий жиҳатдан обод қилишда юз берган катта қолоқликни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирларни бажариш мақсадида республика қишлоқ аҳолисини 1990—1992 йилларда ичимлик сув ва табиий газ билан таъминлашни яхшилаш Давлат дастурини қабул қилиш зарур деб ҳисоблайман:
Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Кенгаши мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилсин, қишлоқ аҳолисини марказлаштирилган тарзда сув ва табиий газ билан таъминлашни тубдан кўпайтиришни кўзда тутсин. Кўрсатилган даврда 1,7 миллион қишлоқ аҳолисига водопровод тармоғидан ичимлик сув ва қишлоқдаги 330 мингта уй-жой ҳамда квартирага табиий газ бериш таъминлансин. Шу мақсадда сув билан таъминлаш ишлари ҳажми 3 баравар ва газлаштириш ишлари ҳажми 4 баравар оширилсин.
Совет ва хўжалик идоралари республикада газ ва водопровод тармоқларини қуришга қўшимча моддий-техника ресурсларини жалб этиш учун мамлакатнинг бошқа регионлари билан бевосита шартномалар тузишни кенгроқ амалга оширсин, дастурни рўёбга чиқаришда иштирок этаётган меҳнат жамоалари ташаббуси рағбатлантирилсин. Бу ижтимоий дастурни молиявий ва моддий-техникавий ресурслар билан устун даражада таъминлаш юзасидан шароит яратилсин.
Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Кенгаши 1991—1993 йиллар давомида ҳар йили январь ойида Ўзбекистон ССЖ Президентини жумҳурият қишлоқ аҳолисини ичимлик сув ва табиий газ билан таъминлашни яхшилаш дастури қандай бажарилаётганлигидан хабардор қилиб турсин.