ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК ЖУМҲУРИЯТИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
Фармони
БОШЛАНҒИЧ СИНФЛАР ЎҚИТУВЧИЛАРИ ИШ ҲАҚИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 7 августдаги ПФ-3112-сонли «2002 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўқитувчилар ва ўқув юртлари муаллимларининг, илмий ходимларнинг иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида» Фармони билан 1990 йил 2 июндаги ПФ-12-сон Фармон кучини йўқотганлиги белгиланган. Мазмунан 1990 йил 2 июндаги ПФ-12-сон «Мусулмонларнинг Саудия Арабистонига ҳаж қилиш учун бориши тўғрисида»ги Фармон эмас, мазкур Фармон назарда тутилган бўлиши лозим.
1990 йил 1 сентябридан бошлаб бошланғич (I—IV) синфлар ўқитувчилари иш ҳақи улар ўқув соатини ҳафтасига 20 соатдан 14 соатга камайтириш ҳисобига ойига ўртача 35 фоиз оширилсин. Бу бошланғич синфлар ўқув таълим-тарбия жараёни сифатини оширишга, мустақил ўқиш учун энг қулай шароитлар таъминланишига, жумҳурият ёш фуқаролари таълим-тарбияси учун муаллимлар касб тайёргарлиги ва масъулиятини оширишни рағбатлантиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Кенгашига шу мақсадлар учун бу йил 20,8 млн. сўм келгуси йилларда ҳар йили 62,5 миллион сўм маблағ излаб топиш топширилсин.
Ўзбекистон Совет Социалистик Жумҳуриятининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1990 йил 2 июнь,
ПФ-11-сон
(Ўзбекистон Совет Социалистик Жумҳурияти Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1990 й., 22—24-сон, 311-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 8-сон, 138-модда)