Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг
қарори
Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини ўрганган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ва уларга электрон сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 14 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3647]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПҚ-53-сон «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 февралдаги 78-сон «Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишда тадбиркорлик субъектларини жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги қарор қилади:
1. Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини ўрганган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ва уларга электрон сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Х. УМАРОВА
Тошкент ш.,
2025 йил 11 июнь,
3-мҳ-сон
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 5 июнь,
08/270-сон
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 11 июндаги 3-мҳ-сон ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2025 йил 5 июндаги 08/270-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини ўрганган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ва уларга электрон сертификат бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини ўрганган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ҳамда уларга электрон сертификат (бундан буён матнда сертификат деб юритилади) бериш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Касб-ҳунарга ўқитиш жорий этиладиган умумий ўрта таълим муассасаларининг (бундан буён матнда мактаб деб юритилади) рўйхати Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) буйруғи билан тасдиқланади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
битирувчи — мактабнинг 11-синфини тамомлайдиган ва касб-ҳунарни ўрганган ўқувчиси;
сертификат — касб-ҳунарга ўқитиш дастури доирасида амалий имтиҳондан муваффақиятли ўтган битирувчиларга бериладиган электрон ҳужжат;
электрон платформа — сўровнома ва тестлар орқали ўқувчиларнинг қизиқишларини аниқлашга мўлжалланган ҳамда сертификат шаклланадиган ахборот тизими;
касбий таълим фани — мактабнинг 10-11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш учун жорий этилган фан.
2-боб. Касбий таълим йўналиши бўйича амалий имтиҳон ўтказиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Касбий таълим йўналиши бўйича амалий имтиҳон (бундан буён матнда амалий имтиҳон деб юритилади) ўтказиладиган кун ва вақт мактабнинг педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади ва бу ҳақида амалий имтиҳон бошланишидан камида ўн беш кун олдин ҳудуддаги тегишли касбий таълим ташкилотига расмий хабар берилади ҳамда мактабнинг эълонлар тахтасига жойлаштирилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026 йил 19 мартдаги 3647-сон ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 6 мартдаги 15-қ/қ-сонли қарори (рўйхат рақами 3647-1, 03.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.04.2026 й., 10/26/3647-1/0312-сон)
4. Амалий имтиҳонни ўтказиш учун мактаб директорининг буйруғи билан камида 5 кишидан иборат таркибда амалий имтиҳон ўтказиш комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади.
5. Комиссия қуйидаги таркибдан иборат бўлади:
комиссия раиси — мактаб директори (у бўлмаганда, унинг вазифасини бажарувчи шахс);
Олдинги таҳрирга қаранг.
комиссия аъзолари — мактаб директорининг ўринбосари (комиссия котиби), касбий таълим ташкилоти ходими, икки нафар технология фани ўқитувчилари.
(5-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026 йил 19 мартдаги 3647-сон ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 6 мартдаги 15-қ/қ-сонли қарори (рўйхат рақами 3647-1, 03.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.04.2026 й., 10/26/3647-1/0312-сон)
Комиссия таркибига касб-ҳунар йўналиши бўйича тадбиркорлар ва соҳа мутахассислари киритилиши мумкин.
Комиссия унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
Амалий имтиҳоннинг ҳар бир касб тури бўйича баҳолаш мезонлари ва амалий имтиҳон саволлари Вазирлик томонидан тасдиқланади.
6. Амалий имтиҳон натижалари имтиҳон якунлангандан сўнг шу куннинг ўзида эълон қилинади.
7. Амалий имтиҳонда узрли сабабларга кўра (битирувчининг ёки яқин қариндошининг бетоблиги (тиббий маълумотнома асосида), йўл-транспорт ҳодисаси, яқин қариндошининг вафоти, яқин қариндошининг никоҳ тузиши, республика ёки халқаро олимпиада ва танловларда мактаб номидан иштирок этганлиги, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) иштирок этмаган ёки амалий имтиҳонда 55 балл ва ундан паст натижа кўрсатган битирувчига амалий имтиҳон якунланган кундан эътиборан Комиссия қарорига асосан икки ҳафта ичида амалий имтиҳонни қайта топширишга рухсат этилади.
Битирувчи амалий имтиҳонни қайта топширишда 55 балл ёки ундан кам балл тўпласа, унга сертификат берилмайди.
8. Узрсиз сабабларга кўра амалий имтиҳонда қатнашмаган битирувчиларга амалий имтиҳонни қайта топширишга рухсат берилмайди.
3-боб. Баҳолаш мезонлари
9. Амалий имтиҳон орқали битирувчиларнинг ўрганган касб-ҳунар таълими дастури бўйича билим ва компетенцияларининг шаклланганлик даражаси аниқланади.
Амалий имтиҳон 10-11-синф ўқувчилари ўрганган касбий таълим фани ўқув дастурлари асосида ўтказилади.
10. Амалий имтиҳонда амалий топшириқни бажариш учун ҳар бир касбнинг мураккаблиги ва хусусиятидан келиб чиқиб, 120 дақиқагача вақт берилади.
11. Амалий имтиҳонда битирувчи битта амалий топшириқни бажаради ва умумий 100 баллик тизимда Комиссия аъзолари томонидан қуйидагича баҳоланади:
86 — 100 | аъло |
72 — 85 | яхши |
56 — 71 | қониқарли |
0 — 55 | қониқарсиз |
56 ва ундан юқори балл тўплаган битирувчи амалий имтиҳондан ўтган ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Амалий имтиҳон мактабнинг касб-ҳунар ўргатиладиган хоналарида ёки тегишли корхоналарда, касбий таълим ташкилотларида улар билан келишган ҳолда ташкил этилиши мумкин.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026 йил 19 мартдаги 3647-сон ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 6 мартдаги 15-қ/қ-сонли қарори (рўйхат рақами 3647-1, 03.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.04.2026 й., 10/26/3647-1/0312-сон)
13. Амалий имтиҳонларни ўтказиш учун мактаб имтиҳон ўтказиш жойини керакли жиҳозлар, ўлчов асбоб-ускуналари, техник ҳужжатлар ҳамда хомашё материаллари билан таъминлайди.
14. Амалий имтиҳон бошланишидан олдин комиссия аъзоларидан бири битирувчиларни имтиҳон шартлари, техник шартлар, баҳолаш мезонлари, вақт меъёрлари ва хавфсизлик қоидалари билан таништиради.
4-боб. Сертификатни шакллантириш
15. Мактабда электрон платформадан фойдаланиш ҳамда сертификатни шакллантириш бўйича мактаб директорининг буйруғи билан масъул шахс белгиланади.
Масъул шахс бошқа ишга ўтган тақдирда ёки лавозимидан озод этилганда, унинг ўрнига тайинланган ёки вазифасини вақтинча бажариб турган шахсга мазкур вазифа юклатилади.
16. Ўқув йили давомида касбий таълим фанидан битирувчининг чораклик баҳолари касбий таълим устаси томонидан электрон платформага киритиб борилади.
17. Ҳар йили 25 июнга қадар касбий таълим фанидан амалий имтиҳон баҳолари электрон платформага киритилади ҳамда мактабнинг педагогик кенгаши битирувчиларга сертификат бериш тўғрисида қарор қабул қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Битирувчи ҳақидаги барча маълумотлар электрон платформага киритилганидан сўнг сертификат автоматик тарзда шаклланади ҳамда мактаб ва касбий таълим ташкилоти директори томонидан электрон платформа орқали тасдиқланади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026 йил 19 мартдаги 3647-сон ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 6 мартдаги 15-қ/қ-сонли қарори (рўйхат рақами 3647-1, 03.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.04.2026 й., 10/26/3647-1/0312-сон)
19. Битирувчиларга сертификат ҳар йили 30 июнга қадар, амалий имтиҳонни қайта топширган битирувчиларга 10 июлга қадар берилади.
20. Битирувчилар томонидан сертификат электрон платформа орқали бепул юклаб олинади.
21. Мактабда битирувчиларга берилган сертификатларнинг реестри (сертификатларни рўйхатга олиш китоби) юритиб борилади.
Реестрнинг юритилиши ва сақланишига мактаб директори шахсан жавобгар ҳисобланади.
22. Мактабда касб-ҳунар ўрганган битирувчиларга бериладиган сертификатнинг тавсифи ва давлат намунаси мазкур Низомнинг 1 ва 2-иловаларида келтирилган.
5-боб. Битирувчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
23. Битирувчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция комиссияси таркиби туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирининг буйруғи билан амалий имтиҳон ўтказиш кунидан камида 15 кун олдин тасдиқланади.
Апелляция комиссияси 1 нафар туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими ҳамда ўқитилган касб-ҳунар тури бўйича 2 нафар малакали мутахассислардан иборат таркибда тузилади.
Апелляция комиссияси таркибига Комиссия аъзолари киритилмайди.
24. Амалий имтиҳон натижаларидан норози бўлган битирувчилар амалий имтиҳон натижаси эълон қилинган куннинг ўзида апелляция комиссиясига ёзма шаклда шикоят аризаси бериши мумкин.
25. Шикоят аризаси апелляция комиссияси томонидан шу куннинг ўзида кўриб чиқилади.
Шикоят аризаси билан мурожаат қилган битирувчи мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
26. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
имтиҳон натижаларига ўзгартириш киритиш.
Шикоят аризасини кўришда битирувчининг имтиҳонда олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.
27. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган битирувчига ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилади.
28. Апелляция комиссиясининг амалий имтиҳон натижаларига ўзгартириш киритиш ва битирувчини амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган деб топиш тўғрисидаги қарори асосида битирувчига тегишли сертификат берилади.
29. Апелляция комиссиясининг қарори устидан битирувчи ёки унинг қонуний вакиллари (ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
6-боб. Якуний қоида
30. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини ўрганган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ва уларга электрон сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунар ўрганган битирувчиларга бериладиган сертификатнинг
ТАВСИФИ
Умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунар ўрганган битирувчиларга бериладиган электрон сертификат А4 (297х210мм) ўлчамли кўринишга эга.
Унинг юқори қисмига «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI, REPUBLIC OF UZBEKISTAN» сўзлари 24 шрифт ҳажмида ёзилади ва марказига Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг 30 мм диаметрли тасвири туширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қуйи қисмига «SERTIFIKAT» сўзи кўк рангда 48 шрифт ҳажмида, «CERTIFICATE» кўк рангда 24 шрифт ҳажмида ёзилади. Сертификатда S ҳарфи ва саккизта рақамли тартиб рақами ва матнлар 14 шрифт ҳажмида ёзилади (фамилияси, исми, отасининг исми, таълим муассасаси сўзлари 10 шрифт ҳажмида ёзилади). Электрон сертификат мактаб директори ҳамда касбий таълим ташкилоти директори томонидан электрон платформа орқали имзоланади.
(1-илованинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026 йил 19 мартдаги 3647-сон ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 6 мартдаги 15-қ/қ-сонли қарори (рўйхат рақами 3647-1, 03.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.04.2026 й., 10/26/3647-1/0312-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини ўрганган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ва уларга электрон сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА

(2-илова Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026 йил 19 мартдаги 3647-сон ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 6 мартдаги 15-қ/қ-сонли қарори (рўйхат рақами 3647-1, 03.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.04.2026 й., 10/26/3647-1/0312-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 10/25/3647/0613-сон; 04.04.2026 й., 10/26/3647-1/0312-сон)