Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қорақалпоғистон Республикасида кунжут ва мош экинларини етиштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида
Қорақалпоғистон Республикасида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий сектор вакилларига кўмаклашиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш механизмини таъминлайдиган ташкилий тизимни йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, 2025 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасида:
а) ҳар бир туманда камида 50 гектар майдонда «бир контур — бир маҳсулот» тамойили асосида кунжут ва мош экинларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар (кейинги ўринларда — намунавий лойиҳалар) амалга оширилади;
б) намунавий лойиҳалар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун янги имкониятларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 январдаги ПФ-10-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 15 декабрдаги ПҚ-52-сон қарорининг 1-банди «а» кичик бандида назарда тутилган имтиёзли кредитлар суғурта таъминоти билан гаровсиз ажратилади;
в) кунжут ва мош экинларини етиштириш учун:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Агроплатформа» ахборот тизими «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси (кейинги ўринларда — Агропортал) орқали имтиёзли кредитларни ажратишда тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлик гектарига 0,27 центнерни ташкил қилади;
(1-банд «в» кичик бандининг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 июлдаги 381-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.07.2026 й., 09/26/381/0734-сон)
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан эълон қилинадиган кунжут ва мош экинининг тавсиявий сотиш нархлари имтиёзли кредитларни ажратишда ҳосил қиймати сифатида қабул қилинади.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда:
намунавий лойиҳаларни амалга оширадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ҳамда экин майдонларининг контурлари рўйхатини тасдиқласин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агропорталда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг таклифлари қабул қилинишини ҳамда кунжут ва мош экинларининг электрон жойлаштирилишини таъминласин;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 июлдаги 381-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.07.2026 й., 09/26/381/0734-сон)
имтиёзли кредитлар ҳисобидан кунжут ва мош экинларини етиштириш истагини билдирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг ариза ва кредит буюртманомаларини электрон шаклда хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига тақдим этиш учун зарур шарт-шароитларни яратсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агропортал орқали тижорат банкларидан кредит ресурсларини ажратиш бўйича электрон буюртмалар қабул қилинишини ҳамда ушбу буюртмаларга асосан тижорат банкларига кредит ресурслари жойлаштирилишини;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 июлдаги 381-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.07.2026 й., 09/26/381/0734-сон)
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар тақдим этган электрон буюртмаларга асосан тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиб борилишини таъминласин;
кредит қарздорликларини муддатидан ўтиб бартараф этган ва салбий кредит тарихига эга бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга, истисно тариқасида, имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликда кунжут ва мош экинлари селекциясини йўлга қўйган ҳолда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мос, ҳосилдор янги навларни яратиш бўйича илмий изланишларни жадаллаштирсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда намунавий лойиҳалар доирасида кунжут ва мош экинларининг жойлаштирилишини, белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилишини ҳамда зарур моддий-техника ресурсларининг етказиб берилишини ташкил этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт имкониятларини кенгайтириш, реализациясини соддалаштириш ҳамда ташиш ва сотиш жараёнларини оптималлаштириш чораларини кўрсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Ў. Эрманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 27 май,
331-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.05.2025 й., 09/25/331/0474-сон; 15.07.2026 й., 09/26/381/0734-сон)