Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган жойлардан ташқарида ва (ёки) божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун божхона йиғимларини ундириш тартибига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 1 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3290-1]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 55-сон «Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2021 йил 25 февралдаги 01-02/8-10-сон қарори (рўйхат рақами 3290, 2021 йил 25 март) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.03.2021 й., 10/21/3290/0236-сон) билан тасдиқланган Товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган жойлардан ташқарида ва (ёки) божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун божхона йиғимларини ундириш тартибида:
1) 2-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«юк операцияси — божхона назорати остида турган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш, юклаш, тушириш, қайта юклаш, уларнинг бузилган ўровларини тўғрилаш, уларни ўраш, қайта ўраш ва ташиш учун қабул қилиш;»;
2) 5-банднинг «а» кичик банди, 6-банднинг иккинчи хатбошиси ҳамда илова матнидаги «қайта юклаш» деган сўзлар «юк» деган сўз билан алмаштирилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 10 апрель,
248-сон
Келишилди:
Савдо саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 8 апрель
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.05.2025 й., 10/25/3290-1/0401-сон)