Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 16 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 21 сентябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 21 сентябрда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда кичик тадбиркорликни ривожлантириш, кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва мазкур йўналишга инвестицияларни жалб этиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Махсус иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари, ёшлар саноат зоналари ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базаси шакллантирилди, маъмурий функцияларни номарказлаштириш, махсус иқтисодий зоналар дирекцияларининг ва ёшлар саноат зоналарини бошқарувчи ягона дирекцияларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш механизми соддалаштирилди.
Шу билан бирга махсус иқтисодий зоналар фаолиятини тартибга солишда, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ажратишда, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда яратилган имкониятлардан саноат зоналари дирекциялари тўлиқ фойдалана олмаётганлиги уларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолиятни амалга ошириш истагини билдирган инвесторларга қўшимча қулайликлар яратиш учун уларнинг махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик жараёнлари автоматлаштирилишини талаб этмоқда.
Ушбу Қонун билан «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига махсус иқтисодий зоналарнинг маъмурий кенгашларини тугатиб, уларнинг вазифаларини махсус иқтисодий зоналар дирекцияларининг зиммасига юклатишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари Қонунда махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича қарорлар қабул қилиш муддатларини мақбуллаштириш ва инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режалари ёки техник-иқтисодий асосларига экспертиза хулосалари олиш талаби бекор қилиниб, лойиҳаларнинг ушбу Қонунда белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса махсус иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан мустақил равишда қабул қилиниши ҳақидаги нормани белгилаш назарда тутилмоқда.
Ушбу Қонун мазкур соҳадаги ишларни тизимли равишда ташкил этиш мақсадида ташкил этилган махсус иқтисодий зоналари фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш тизимини янада соддалаштиришга, инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароитларни яхшилашга, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга ҳамда шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 февралда қабул қилинган «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги ЎРҚ-604-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 2, 106-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 6, 570-модда; 2023 йил, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 105-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 3-модданинг еттинчи хатбошисидаги «махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши» деган сўзлар «махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 4-модданинг:
тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошилари тегишинча тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
3) 5-модданинг ўнинчи хатбошисидаги «ҳамда маъмурий кенгашларининг» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
4)7-модданинг:
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Махсус иқтисодий зонанинг дирекцияси махсус иқтисодий зона ҳудудида жойлашган, бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектларини инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда, махсус иқтисодий зона иштирокчиларига электрон онлайн-аукцион савдоларида реализация қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли»;
олтинчи қисмидаги «Махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг» деган сўзлар «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
5) 16-модданинг тўртинчи қисмидаги «кейинчалик эркин иқтисодий зонанинг маъмурий кенгашига тақдим этиш учун» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
6) 17-модданинг иккинчи қисмидаги «кейинчалик эркин иқтисодий зонанинг маъмурий кенгашига тақдим этиш учун» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
7) 20-модданинг учинчи қисмидаги «Давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8) 21-модда учинчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги «маъмурий кенгашига» деган сўзлар «дирекциясига» деган сўз билан алмаштирилсин;
9) 23-модда чиқариб ташлансин;
10) 24-модда:
қуйидаги мазмундаги ўнинчи — ўн учинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«махсус иқтисодий зона ҳудудида амалга ошириш учун инвестиция лойиҳаларини саралаб олишни амалга оширади;
махсус иқтисодий зона иштирокчиларига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукционга чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
махсус иқтисодий зонанинг муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмаси қурилиши бўйича лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини ташкил этади;
махсус иқтисодий зона дирекциясининг йиллик даромадлар ва харажатлар сметасини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди»;
ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошилари тегишинча ўн тўртинчи, ўн бешинчи ва ўн олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
учинчи қисмидаги «махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг» деган сўзлар «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Алоҳида ҳолларда, махсус иқтисодий зона дирекциясининг ушбу Қонунда назарда тутилган ваколатлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ коллегиал ва бошқа органларга юклатилиши мумкин. Бунда мазкур модда иккинчи қисмининг ўнинчи — ўн учинчи хатбошиларида ва ушбу Қонун 28-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ваколатлар 2025 йил 1 январга қадар ташкил этилган амалдаги коллегиал ва бошқа органлар томонидан амалга оширилиши мумкин»;
11) 25-модданинг биринчи қисмидаги «маъмурий кенгашининг ва» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
12) 27 ва 28-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«27-модда. Инвестиция буюртманомасини махсус иқтисодий зонанинг дирекцияси томонидан кўриб чиқиш
Махсус иқтисодий зона дирекциясига келиб тушган инвестиция буюртманомаси ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган бўлса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилади.
Махсус иқтисодий зона дирекцияси инвестиция буюртманомасини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан, шунингдек уларнинг ушбу Қонуннинг 15 — 19-моддаларида назарда тутилган талабларга мувофиқлигини ўн иш куни ичида кўриб чиқади ва инвесторга тегишли хулоса беради.
Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш жараёнида махсус иқтисодий зона дирекцияси инвесторга инвестиция лойиҳасига ўзгартиришлар (қўшимчалар) киритишни таклиф қилиши мумкин. Бунда махсус иқтисодий зона дирекциясининг таклифлари унинг хулосасида акс эттирилади. Инвестор таклиф этилаётган ўзгартиришларга (қўшимчаларга) рози бўлмаган тақдирда махсус иқтисодий зона дирекцияси томонидан инвестор иштирокида инвестиция буюртманомасини такрорий кўриб чиқиш амалга оширилади.
Ҳужжатлар махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда ҳужжатлар тўплами қайтариш сабаблари асослантирилган ҳолда қайтариб юборилади. Қайтариш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилганидан кейин инвестиция буюртманомаси махсус иқтисодий зона дирекциясига такроран тақдим этилиши мумкин.
Тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланган тақдирда, махсус иқтисодий зонанинг дирекцияси инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишни тугатади, инвестиция буюртманомаси эса қайтариш сабаблари асослантирилган ҳолда инвесторга қайтарилиши лозим.
Инвестор томонидан инвестиция буюртманомасини тақдим этиш, унинг махсус иқтисодий зона дирекцияси томонидан кўриб чиқилиши электрон тарзда амалга оширилиши мумкин.
Махсус иқтисодий зона дирекциясининг директори ва ушбу зона масъул ходимлари ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши муносабати билан инвестиция буюртманомасини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни кўриб чиқиш чоғида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларга нисбатан махфийликка риоя этиши шарт.
28-модда. Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор қабул қилиш
Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш якунлари бўйича махсус иқтисодий зона дирекциясининг қарори баённома билан расмийлаштирилиб, баённома махсус иқтисодий зона дирекциясининг директори томонидан тасдиқланади.
Баённомадан кўчирма инвестиция буюртманомасини берган инвесторга топширилади.
Махсус иқтисодий зона ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарор қуйидагилар учун асос бўлади:
инвестиция буюртманомасида кўрсатилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкасини электрон-онлайн аукционга қўйиш;
электрон-онлайн аукцион ғолиби билан инвестиция битимини тузиш;
ер участкасини ёки бўш турган (фойдаланилмаётган) бинони унинг умумий майдонини ва жойлашган ерини белгилаган ҳолда электрон онлайн-аукционга қўйиш.
Инвестиция буюртманомасини берган инвестор инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
Ушбу модданинг амал қилиши махсус саноат зоналарининг ҳудудларида амалга ошириш учун таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларига нисбатан татбиқ этилмайди. Бунда инвестиция буюртманомасини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш махсус саноат зонасини бошқарувчи компания томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда мустақил равишда амалга оширилади»;
13) 31-модданинг:
иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Юридик шахснинг махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини йўқотиши тўғрисидаги қарор махсус иқтисодий зонанинг дирекцияси томонидан махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда қабул қилинади»;
тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси билан инвестиция битими махсус иқтисодий зона дирекциясининг қарорига биноан бекор қилинади ва иштирокчи Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестридан чиқарилади»;
бешинчи қисмидаги «махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгашини» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
14) 32-модданинг тўртинчи қисмидаги «махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши ҳамда» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
15) 33-модда:
биринчи қисмининг иккинчи жумласи чиқариб ташлансин;
иккинчи қисмидаги «маъмурий кенгаши» деган сўзлар «дирекцияси» деган сўз билан алмаштирилсин;
учинчи қисмидаги «маъмурий кенгашининг» деган сўзлар «дирекциясининг» деган сўз билан алмаштирилсин;
16) 34-модданинг иккинчи қисмидаги «маъмурий кенгашининг баённомаси (ундан кўчирма)» деган сўзлар «дирекцияси қарори (ундан кўчирма)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
17) 41-модданинг:
биринчи қисмидаги «махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши томонидан» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Махсус иқтисодий зона дирекциясининг даромадлари Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритганлик учун олинадиган тўловлардан, махсус иқтисодий зона дирекциясининг фойдаланишида ва бошқарувида бўлган бинолар, иншоотлар ва ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион воситасида сотишдан, шартномалар бўйича хизматлар кўрсатишдан келиб тушадиган тушумлардан ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади»;
18) 46-модданинг матнидаги «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
19) 47-модданинг учинчи хатбошисидаги «давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 декабрь,
ЎРҚ-1010-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.12.2024 й., 03/24/1010/1007-сон)