Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда болаларни ватанпарварлик ҳамда миллий анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, замонавий билим ва тажриба, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш билан бир қаторда уларни маданият ва санъат соҳасига қамраб олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга болаларни маданият ва санъатга кенг жалб қилиш, улар билан тизимли ишлаш, маданият ва санъат муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш борасида қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурати мавжуд.
Ўқувчиларни мусиқа ва санъатга кенг жалб этиш ва уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда умумий ўрта таълим мактаблари интеграциясини йўлга қўйиш мақсадида:
1. Қуйидагилар умумий ўрта таълим мактабларида (кейинги ўринларда — мактаблар) мусиқа маданияти фанини ривожлантиришнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқиш;
ўқитувчилар малакасини оширишнинг янги тартибини жорий этиш;
ўқитувчиларга малака тоифасини бериш механизмини қайта кўриб чиқиш;
мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизимини йўлга қўйиш;
маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари битирувчиларини мактабларга ишга қабул қилиш тизимини соддалаштириш.
2. Белгилансинки:
а) 2025 йил 1 мартдан бошлаб мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун назария ва амалиёт уйғунлаштирилган ҳолда малака ошириш тизими йўлга қўйилади.
Бунда малака ошириш таълим дастурининг назарий қисми А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагогик маҳорат марказларида (кейинги ўринларда — марказлар), амалий (ижодий) қисми болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этилади ва марказларга ишга қабул қилинадиган мусиқа маданияти фани ўқитувчилари меҳнатига соатбай асосда иш ҳақи тўланади;
б) 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
болалар мусиқа ва санъат мактабларининг белгиланган ўқув дастурларини тўлиқ якунлаган, 11-синфни тугатган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлган битирувчиларга «Баркамол авлод» болалар мактабларида тўгарак раҳбари сифатида ишлаш ҳуқуқи берилади;
маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасаларнинг ўқув дастури доирасида психология ва педагогика фанларини ўрганган мусиқа йўналиши битирувчиларига мактабларда мусиқа маданияти фанини ўқитишга рухсат берилади.
Бунда мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига миллий чолғу асбобларидан камида 1 тасини ижро этиш кўникмасига эга бўлиш талаби қўйилади;
в) маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари битирувчиларининг битирув олди амалиёти келишув асосида мактабларда ташкил этилади.
3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К. Шарипов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х. Умарова), Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (М. Каримов):
2025/2026 ўқув йилига қадар мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизимини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этиш чораларини кўрсин;
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб маданият йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларида психология ва педагогика фанларини ўқитиш амалиётини жорий қилсин.
4. Маданият вазирлиги (О. Назарбеков):
а) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х. Умарова) билан ҳамкорликда 2025 йил 1 апрелдан бошлаб «Турон» мактаб театрининг ижобий тажрибаси асосида мактабларда «Иқтидор» бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этиб, жамоалар ўртасида «Иқтидор мактаб ансамбли» республика танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказсин.
Бунда:
танлов ҳар йили миллий ва жаҳон мусиқаси йўналишлари бўйича мактабларнинг бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўртасида ўтказилади;
танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.
Танловнинг республика босқичини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;
б) икки ой муддатда:
мактабларда дарсдан ташқари ташкил этилган «Иқтидор» бадиий ҳаваскорлик жамоалари учун 7 турдаги миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этишни ўргатиш бўйича қўшимча адабиётлар, ноталар ва видеодарслар ишлаб чиқсин;
туман (шаҳар)ларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда миллий ва замонавий чолғу ансамблларининг ҳисобот концертлари бюджетдан ташқари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан йўлга қўйилишини таъминласин;
ҳар йили маданият ва санъат йўналишлари бўйича нуфузли халқаро ва республика танловлари рўйхатини шакллантирсин ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борсин;
болалар мусиқа ва санъат мактаблари мактабларнинг мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига услубий ёрдам кўрсатиш бўйича таянч таълим муассасалари сифатида белгиласин. Бунда:
болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари мактабларнинг мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига услубий ёрдам кўрсатиб боради;
ўқитувчиларнинг мусиқа чолғуларида ижро этиш кўникмаларини шакллантириш бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади;
в) ўқувчилар орасидан иқтидорли болаларни танлаб олиш, уларни маданият ва санъат соҳасидаги таълим ташкилотларига мақсадли йўналтириш учун Маданият вазирлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари томонидан мактабларда тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилишини таъминласин.
5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х. Умарова) Маданият вазирлиги (О. Назарбеков) билан биргаликда уч ой муддатда мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига малака тоифаларини бериш тартибини ишлаб чиқсин.
Бунда малака тоифаларини бериш 2 босқичда амалга оширилади:
биринчи босқич — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказиладиган тест синовлари;
иккинчи босқич — Маданият вазирлиги томонидан белгиланган болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этиладиган амалий (ижодий) имтиҳон.
6. Белгилансинки, мазкур қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
7. Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х. Умарова) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова ҳамда маданият вазири О.А. Назарбеков белгилансин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 15 ноябрь,
ПҚ-391-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.11.2024 й., 07/24/391/0931-сон)