Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 25 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 21 сентябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 21 сентябрда маъқулланган
Ушбу Қонун билан «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, миллий, диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини, тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишларни ёки ҳаракатларни содир этган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг «Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати»га киритилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги ЎРҚ-692-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 6, 519-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 11-модданинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасидан ташқарига маъмурий тарзда чиқариб юборилганда ёхуд ушбу Қонуннинг 351-моддасида белгиланган тартибда депортация қилинганда»;
2) 29-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«агар шахс Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхатига киритилган бўлса»;
3) қуйидаги мазмундаги 291-модда билан тўлдирилсин:
«291-модда. Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати
Чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, шунингдек давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини, тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлари ёки ҳаракатлари уларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхатига (бундан буён матнда Рўйхат деб юритилади) киритиш учун асос бўлади.
Чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни Рўйхатга киритиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг, Сенати Кенгашининг, махсус ваколатли давлат органларининг тақдимига асосан амалга оширилади.
Рўйхат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади.
Рўйхатга киритилган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришига йўл қўйилмайди, шунингдек унга Ўзбекистонда банк ҳисобварақларини очиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулкни сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади, бундан унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган мулкни бегоналаштириш мустасно.
Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Рўйхатда бўлиш муддати беш йилни ташкил этади ва уни Рўйхатга киритишнинг тегишли асосларини ушбу муддат ичида бартараф этмаган тақдирда, Рўйхатда бўлиш муддати беш йилга узайтирилади. Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Рўйхатга киритилиши учун асослар бартараф этилганидан кейин шахс Рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги мурожаатига ёхуд уни Рўйхатга киритиш ҳақида тақдимнома берган тегишли давлат органининг илтимосномасига асосан муддатидан илгари Рўйхатдан чиқарилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаросининг ёки Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахснинг Рўйхатга киритилиши унинг мамлакат ҳудудида қонуний асосларда яшаш ва бўлиш ҳуқуқи бекор қилинишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Рўйхатга киритилганлиги тўғрисида мазкур шахсни (унинг қонуний вакилини) белгиланган тартибда бевосита ёки дипломатик каналлар орқали уч иш куни ичида хабардор қилади.
Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Рўйхатга киритиш ҳамда уни юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади»;
4) қуйидаги мазмундаги 351-модда билан тўлдирилсин:
«351-модда. Депортация қилиш
Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқароси ёки Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахс Рўйхатга киритилганлиги тўғрисида хабарнома олган кундан эътиборан ўн кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши керак, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳол мустасно.
Агар Рўйхатга киритилган, Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқароси ёки Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахс ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддат ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетмаса, мазкур шахс депортация қилинади.
Депортация қилиш деганда Рўйхатга киритилган ва Ўзбекистон Республикасида яшаш ва бўлиш ҳуқуқи қонуний асосларда бекор қилинган чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни мажбурий тарзда мамлакатдан чиқариб юбориш тушунилади.
Агар ўн саккиз ёшга тўлмаган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ота-онасидан бири ёхуд ҳомийси ёки васийси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда яшаш ҳуқуқига эга бўлса, ушбу шахс депортация қилинмайди.
Агар Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Рўйхатга киритилишига асос бўлган ҳаракатларида жиноят ёхуд маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, у Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этилган жинояти ёки маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун суд томонидан тайинланган жазони ижро этиб бўлганидан ёки ўтаб бўлганидан кейин ёхуд қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда жавобгарликдан ёки жазодан озод этилганидан кейин, ушбу Қонуннинг 35-моддасида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юборилади.
Рўйхатга киритилган, Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаросини ёки Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахсни депортация қилиш ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
Хизмат, шахсий, савдо ёки жамоат ишлари бўйича, ўқиш, малака ошириш, ишлаш учун ёки турист сифатида келган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни депортация қилиш харажатлари уларни таклиф этган ҳамда қабул қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг зиммасида бўлади. Бошқа чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни депортация қилиш харажатлари ички ишлар органларининг зиммасида бўлади.
Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаросига ва фуқаролиги бўлмаган шахсга берилган виза улар депортация қилинган тақдирда, бекор қилинади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Рўйхатга киритиш ҳамда уни юритиш тартибини бир ойлик муддатда тасдиқласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 15 ноябрь,
ЎРҚ-998-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.11.2024 й., 03/24/998/0924-сон)