Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Навоий вилоятида микро ва кичик гидроэлектр станцияларини қуришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Навоий вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқариш имкониятларидан кенг фойдаланиш, ҳудудда микро ва кичик гидроэлектр станциялари қурилишига хусусий секторни жалб қилиш орқали «яшил» энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш мақсадида:
1. Навоий вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон ва Оқдарё дарёлари, сойлар ҳамда каналлар атрофида микро ва кичик гидроэлектр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини (кейинги ўринда — инвестиция лойиҳалари) молиялаштириш учун:
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси «Туронбанк» АТБга 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга йиллик 8 фоиз ставкада 10 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги кредит линиясини ажратсин ва ушбу маблағлар банкнинг субординар қарзи сифатида расмийлаштирилсин;
«Туронбанк» АТБ ушбу кредит линияси ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига инвестиция лойиҳалари доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан технологик ускуналарни сотиб олиш учун миллий валютада 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йил муддатгача йиллик 12 фоиз ставкада кредитлар ажратилишини таъминласин.
2. Энергетика вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда вилоят ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё, сой ва каналлар кўрсаткичлари асосида микро ва кичик гидроэлектр станциялари қуриш мумкин бўлган майдонларни ўрганиб чиқиб, тадбиркорлар учун манзилли лойиҳа таклифларини ишлаб чиқсин ҳамда эълон қилсин.
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ тадбиркорлик субъектларига микро ва кичик гидроэлектр станцияларини қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда кўмаклашсин ҳамда танланган техник ва технологик ечимлар тегишли тармоқнинг илмий-техник кенгаши томонидан кўриб чиқилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Энергосавдо филиали, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги тадбиркорлик субъектлари томонидан микро ва кичик гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг давлат томонидан харид қилинишини таъминласин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги ПҚ-129-сонли қарори таҳририда)
4. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 ноябрь,
ПҚ-383-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.11.2024 й., 07/24/383/0894-сон)