|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш тартибларини соддалаштириш ҳамда мазкур ҳолатларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин: термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича мурожаат қилиш; термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш тартиби; термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни яшаш учун яроқсиз деб топиш тўғрисидаги хулосаларни расмийлаштириш. 2. Белгилансинки, ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизмати 2025 йил 1 январдан бошлаб туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тузиладиган Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш комиссияси томонидан Давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали кўрсатилади. 3. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда: ушбу қарор билан тасдиқланган Регламентга мувофиқ давлат хизматларини кўрсатиш Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин; ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш имкониятини яратсин. 4. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги: бир ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича тегишли техник талабларни ишлаб чиқсин; икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи Ш.С. Хидоятов ҳамда адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2024 йил 4 ноябрь, 734-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 ноябрдаги 734-сон қарорига ИЛОВА Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Мазкур Маъмурий регламент (кейинги ўринларда — Регламент) термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматларини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди. Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ кўрсатилади. 2. Давлат хизмати белгиланган тартибда Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали туманлар (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тузиладиган Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан кўрсатилади. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тузиладиган Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш комиссияси таркиби ушбу регламентга 2-иловада келтирилган таркибда тузилади. 3. Давлат хизматлари марказлари ва Комиссия ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади. 2-боб. Давлат хизматларини кўрсатиш тартиби 4. Жисмоний ва юридик шахслар (кейинги ўринларда — ариза берувчилар) давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади. Жисмоний шахслар ўзлари яшаб турган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, давлат хизматидан фойдаланиши мумкин. Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунларида тушганда, календарь бўйича навбатдаги иш куни аризаларнинг Комиссияга тушган ва Комиссия томонидан қабул қилинган кун деб ҳисобланади. 5. Ариза берувчи шахсан ёки унинг номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон шаклда тўлдиради. Тегишли уй-жойларни термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлигини аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича мазкур уй-жойда яшовчи ҳар қандай шахс ишончномасиз давлат хизматидан фойдаланиши мумкин. 6. Ариза берувчидан сўровномадан ташқари бошқа маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. 7. Сўровнома тўлдирилганидан сўнг ариза берувчи маълумотлар тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг замонавий воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди. Ариза берувчилар ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди. 8. Давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди. 9. Ариза берувчилар давлат хизматларидан фойдаланишдан хизмат кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади. 10. Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этганда, тегишли сўровнома Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида Комиссияга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда Комиссияга юборилади. 11. Комиссия етти иш куни давомида сўровномани кўриб чиқиб, уй-жой жойлашган ҳудудга чиққан ҳолда қуйидагиларни аниқлайди: уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлик даражасини; уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида уй-жойнинг техник ҳолатини; уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида уй-жойда яшаш имконияти мавжудлигини; уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида уй-жойни яроқсиз ҳолатга келганлигини. Ўрганиш натижасида Комиссия томонидан уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида яроқсиз ҳолатга келганлигини тасдиқлаш ёки рад этиш ушбу Регламентга 4-иловага мувофиқ шаклдаги QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда расмийлаштирилган хулоса Давлат хизматлари марказига (шахсан келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) юборилади. Бунда ўрганиш натижасида уй-жойнинг яроқсиз ҳолатга келганлиги тасдиқланса, хабарнома қўшимча равишда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уй-жойни яшашга мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш ҳамда уй-жой фондидан чиқариш масаласини кўриб чиқиш учун юборилади. 12. Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади: сўровномада нотўғри ёки хато маълумотлар кўрсатилганда; ариза берувчи томонидан Комиссияга уй-жойни кўздан кечириш учун имкон берилмаганда ёки кўздан кечиришга тўсқинлик қилинганда; уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган бўлишига қарамай, унинг техник ҳолати яшаш имконини берганда; уй-жойда термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланиш ҳолатлари аниқланмаганда. Давлат хизматини бошқа асосларга кўра рад қилиш тақиқланади. 13. Давлат хизматлари маркази хулоса келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази ариза берувчи шахсан келиб мурожаат қилган тақдирда, унга хулосани ариза берувчининг сўровига кўра электрон шаклда ёки қоғоз шаклда бериши шарт. 14. Ариза берувчига берилган хулоса келгусида уни давлат томонидан белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлаш учун асос ҳисобланади. Бунда ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган тадбирлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. (14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 сентябрдаги 579-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.09.2025 й., 09/25/579/0840-сон) 3-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш 15. Комиссия аъзолари жамоатчилик асосида ишлайдилар. 16. Комиссия ўз ваколатларига тегишли масалаларни комиссия раиси бошчилигида зарур ҳолларда ўтказиладиган йиғилишларда кўриб чиқади. 17. Комиссия раиси: Комиссиянинг умумий фаолиятига раҳбарлик қилади, унинг иш режаси бажарилиши юзасидан доимий назоратни амалга оширади; Комиссиянинг йиғилишларини чақиради ва уларда раислик қилади; Комиссия ваколатига тегишли бўлган масалаларни унинг йиғилишларида кўриб чиқиш учун киритади; Комиссия қарорларини тасдиқлайди. 18. Туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими Комиссиянинг ишчи органи (кейинги ўринларда — Ишчи орган) ҳисобланади. Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича сўровномаларни қабул қилиш ҳамда ўрганиш натижаси юзасидан Комиссия хулосасини тақдим этиш Ишчи орган орқали амалга оширилади. 19. Ишчи орган: Комиссия раисининг топшириқларига асосан Комиссия аъзоларини Комиссия йиғилишининг ўтказиладиган жойи, вақти ва санаси тўғрисида хабардор қилади; Комиссия иш режаларини тайёрлайди; Комиссия баённомаларини юритади ва тасдиқланган баённомаларни комиссия аъзоларига юборади; Комиссия далолатномалари ва хулосаларини манзилларга етказади; Комиссия иш юритувини амалга оширади. 20. Комиссиянинг барча йиғилишлари баённома билан расмийлаштирилади ва қарор шаклида қабул қилинади. 21. Комиссия ишининг ташкилий шакли йиғилиш ҳисобланади. Комиссия мажлислари Комиссия аъзоларининг рўйхатдаги таркибининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ўтказилади. 22. Комиссия йиғилишларида иштирок этадиган аъзоларининг учдан икки қисми ёқлаб овоз берган Комиссия қарорлари қабул қилинган ҳисобланади ва ушбу йиғилишларда қабул қилинган қарорлар йиғилиш котиби томонидан баённома билан расмийлаштирилади. 23. Комиссия қарорлари Комиссия раиси томонидан имзоланади. 24. Комиссия ҳужжатлари Ишчи орган томонидан уч йил муддатгача сақланади. 25. Ишчи орган масъул ташкилотлар томонидан киритилган хулосаларни бир иш куни ичида аризаларни навбат асосида уларнинг қайд этилиши кетма-кетлигига мувофиқ кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун Комиссияга киритади. 26. Комиссия раиси Ишчи орган томонидан киритилган мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан ариза берувчига уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида уй-жойнинг яроқсиз ҳолатга келганлигини тасдиқлаш ёки рад этиш бўйича хулосани электрон (ЭРИ орқали) шаклда тасдиқлайди. 4-боб. Якунловчи қоидалар 27. Давлат хизматлари марказлари ва Комиссия аъзолари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотлар сир сақланишини таъминлайди. 28. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари Регламент талаблари бажарилиши бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини давлат хизматларини кўрсатиш давомида, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назорат ва мониторинг қилади. 29. Ариза берувчилар Комиссия аъзоларининг хатти-ҳаракатлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин. 30. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар. Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш СХЕМАСИ
Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тузиладиган Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш комиссияси ТАРКИБИ
Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича СЎРОВНОМА
Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 4-ИЛОВА
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2024 й., 09/24/734/0884-сон; 18.09.2025 й., 09/25/579/0840-сон) |
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан Об утверждении Административного регламента о предоставлении государственной услуги по выявлению и признанию домов, зараженных термитами и другими насекомыми, непригодными для проживания Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ г. Ташкент, 4 ноября 2024 г., № 734 |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||