Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Раҳбар кадрларни баҳолаш марказини ташкил этиш тўғрисида
Давлат фуқаролик хизматини салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар билан таъминлашда номзодларнинг билим ва кўникмаларини замонавий технологиялар асосида баҳолаш ҳамда натижаларини таҳлил қилиш, шунингдек, раҳбар кадрлар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан манзилли чоралар кўриш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) таклифига асосан Агентлик муассислигида Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 декабрдаги ПФ-243-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.12.2025 й., 06/25/243/1128-сон)
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ижтимоий-психологик тадқиқотлар асосида давлат фуқаролик хизматчилари учун базавий, алоҳида лавозим ёки лавозимлар гуруҳи учун компетенциялар модели ҳамда индикаторларини ишлаб чиқиш;
давлат фуқаролик хизматчиларини шахсий-профессионал диагностика қилиш, компетенциялар модели асосида комплекс баҳолаш;
компетенцияларни баҳолаш жараёнида фойдаланиш учун доимий равишда янги услубларни ишлаб чиқиш, ўзлаштириш ва жорий қилиш;
компетенцияларни баҳолаш натижалари асосида раҳбар кадрлар учун шахсий-профессионал ривожланиш траекториясини ишлаб чиқиш ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш;
раҳбарлик лавозимига номзодларнинг умумий касбий билими, қадриятлари ва ақлий салоҳиятини аниқлаш бўйича тест синовларини ҳамда психологик сўровномалар ўтказиш;
раҳбар кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни прогноз қилиш, уларни саралаб олиш ва жой-жойига қўйиш жараёнларига рақамли технологияларни ва замонавий усулларни кенг жорий этиш;
фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича эксперт-таҳлилий фаолият, илмий тадқиқот ва изланишларни олиб бориш.
3. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари ва техник кўмаклари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
вақтинча бўш турган маблағларни белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Белгилансинки:
Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида ҳисобварақларига эга бўлади;
Марказнинг устави, ташкилий тузилмаси, шу жумладан, штат бирликлари сони ва ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари Агентлик томонидан белгиланади. Марказнинг штатлар жадвали ва харажатлар сметаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилади;
Марказга Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;
Марказ директори ўринбосари ва ходимлари Агентлик билан келишилган ҳолда, Марказ директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказ томонидан давлат фуқаролик хизматчилари компетенцияларини баҳолаш шартнома асосида амалга оширилади;
Марказга ҳомийлик ва грант маблағлари ҳисобидан берилган асосий воситаларни сотишдан тушган пул маблағлари (ушбу пул маблағлари ҳисобидан сотиб олинган асосий воситаларни сотишдан тушган пул маблағлари) тўлиқ миқдорда Марказ ихтиёрида қолади ҳамда мақсадли равишда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, шу жумладан транспорт воситаларини харид қилиш учун йўналтирилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 декабрдаги ПФ-243-сонли Фармонига асосан олтинчи ва еттинчи хатбошилари билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.12.2025 й., 06/25/243/1128-сон)
5. Марказга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
ўз фаолиятини самарали амалга ошириши учун тегишли соҳа бўйича малакали мутахассислар ва экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни белгиланган тартибда тўғридан-тўғри шартнома асосида жалб қилиш;
Агентлик ва бошқа буюртмачилар билан тўғридан-тўғри тузиладиган хизмат кўрсатиш шартномаси асосида фаолиятининг асосий йўналишлари доирасида даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш, давлат фуқаролик хизматида замонавий рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ахборот дастурларини ишлаб чиқиш.
6. Марказ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУКга тегишли Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Ислом Каримов кўчаси, 55-уй манзилидаги бинонинг 1-қаватида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
7. Марказга битта енгил автомашина ва битта микроавтобус сақлаш учун лимит ажратилсин.
8. Агентлик бир ой муддатда Марказнинг устави, ташкилий тузилмаси, шу жумладан, штат бирликлари сони ва ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини белгилаш ҳамда Марказни давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 октябрь,
629-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.10.2024 й., 09/24/629/0780-сон; 09.12.2025 й., 06/25/243/1128-сон)