12.08.2024 йилдаги 496-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 12.08.2024 йилдаги 496-сон
Дата вступления в силу
21.08.2024
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Шаҳарсозлик соҳасидаги низоларни судга қадар кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 28 августдаги ПФ-151-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартибини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ўз ваколатлари доирасидаги масалалар юзасидан шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқиши белгиланганлиги;
«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун ва Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар берилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Шаҳарсозлик соҳасидаги низоларни судга қадар кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага;
Шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича идоралараро комиссия таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда:
«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида Шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар ҳал қилиш натижалари бўйича реестрни ишга туширсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Миллий телерадиокомпания билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун ва моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 12 август,
496-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 августдаги 496-сон қарорига

1-ИЛОВА
Шаҳарсозлик соҳасидаги низоларни судга қадар кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом шаҳарсозлик соҳасидаги низоларни судга қадар кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли орган — мурожаатда кўрсатилган шаҳарсозлик соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қабул қилган ёки қабул қилишни рад этган ташкилот ёки бўлинма;
манфаатдор шахс — шаҳарсозлик соҳасида рухсат берилган ёки рад этилган ёхуд дахлдор бўлган шахс, шунингдек, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ушбу ҳужжатга ёки ҳаракатга дахлдор бўлиши мумкин бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат — шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ваколатли орган томонидан рухсатнома, келишув, хулоса шаклида, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда бериладиган, рухсат бериш талаблари ва шартларига мажбурий равишда риоя этилган тақдирда муайян фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ҳужжат;
Шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) — шаҳарсозлик соҳасида юзага келадиган низоларни судга қадар кўриб чиқувчи ва ҳал этувчи идоралараро орган.
шаҳарсозлик соҳасидаги низолар — Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун ҳамда Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ ваколатли органнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига нисбатан судга қадар кўриб чиқиладиган келишмовчиликлар.
3. Шаҳарсозлик соҳасидаги низолар қуйидаги шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқилади:
бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича хулоса;
бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатномаси;
архитектура-режалаштириш топшириғи;
ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши қарори;
ҳудудий бошқармалар ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ишчи органи хулосаси;
шаҳарсозлик ҳужжатларининг йиғма экспертиза хулосаси;

қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳудудий инспекциянинг рухсатномаси (инвойс ёки QR-код қўйилган кўчирма);

қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома.
4. Манфаатдор шахс ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати ёки бундай ҳужжатни беришни рад этиш ҳақидаги қарори, шунингдек, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича комиссияга мурожаат қилиши мумкин.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги қонуний манфаатларини кўзлаб ваколатли давлат органлари ёки аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам комиссияга мурожаат қилиши мумкин.
5. Манфаатдор шахслар томонидан комиссияга мурожаат қилиш ихтиёрий бўлиб, бу уларнинг бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди.

Манфаатдор шахс комиссия қарорларидан норози бўлган тақдирда, мазкур низолар суд тартибида кўриб чиқилади.

Бунда судларда кўриб чиқилган ёки кўриб чиқилаётган низолар комиссия томонидан кўриб чиқилмайди.
2-боб. Комиссияни шакллантириш тартиби ва унинг вазифалари
6. Шаҳарсозлик соҳасидаги низолар комиссия томонидан кўриб чиқилади.
Комиссия таркиби қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
Бунда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ҳамда унинг тегишли ўринбосари, вазирликнинг давлат-архитектура назорати бўлими бошлиғи, архитектура ва шаҳарсозликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи, Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш Республика маркази директори, Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш Республика маркази давлат муассасаси раҳбари, Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори, «ЎзшаҳарсозликЛИТИ», «ТошкентбошпланЛИТИ» ҳамда «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» бош лойиҳа институтлари бош директорлари комиссиянинг доимий аъзоси ҳисобланади.
Комиссиянинг бошқа аъзолари комиссияга келиб тушган мурожаатнинг тегишлигига кўра комиссия фаолиятига жалб қилинади.

Комиссия йиғилишида масалага алоқадор комиссия аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли (кворум) ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, комиссиянинг янги мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида белгиланган тартибда хабарнома юборилади.
7. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қабул қилган ёки қабул қилишни рад этган мансабдор шахс комиссия аъзоси бўлиши мумкин эмас.

8. Комиссия раиси ишда бўлмаган вақтда, комиссия мажлисини унинг ўринбосарларидан бири олиб боради.

9. Комиссия раиси:
комиссия фаолияти ва унинг иш тартибига риоя этилишини ташкил этади;
манфаатдор шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жойи, куни ва вақтини белгилайди;

комиссия мажлисларини ўтказади ва уларда раислик қилади.

Комиссия раиси комиссия томонидан ишнинг ўз вақтида, тўғри, шаффоф ва виждонан бажарилишини ташкил этиш учун масъул ҳисобланади.
10. Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
манфаатдор шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги мурожаатларини ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ кўриб чиқиш;
шаҳарсозлик соҳасида юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш чораларини кўриш.
11. Комиссия ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш ва мурожаатларни кўриб чиқишда, зарур ҳолларда, тегишли ташкилотларнинг вакилларини жалб қилиши мумкин.

12. Комиссия мурожаатларни кўриб чиқишда тенг ҳуқуқлилик, холислик, қонунийлик, коллегиаллик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлаш ҳамда мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш принципларига асосланади.

13. Комиссия ўз фаолиятини мазкур Низом ҳамда бошқа тегишли қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
3-боб. Комиссияга мурожаат қилиш шакли ва тартиби
14. Шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича идоралараро комиссияга ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ мурожаат қилинади ва мурожаатлар кўриб чиқилади.
Манфаатдор шахс комиссияга оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда вазирликнинг электрон почта ёки расмий веб-сайти орқали мурожаат қилиши мумкин ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қабул қилган ёки уни қабул қилишни рад этган ёхуд ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни амалга оширган ваколатли органнинг номи;
мурожаат этган жисмоний шахснинг (вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи, юридик шахс учун эса унинг номи ва жойлашган жойи (почта манзили);
мурожаат этган шахснинг талаблари;

илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати (мавжуд бўлган тақдирда);

мурожаат этилган сана.
15. Мурожаат ёзма шаклда берилганда, мурожаат қилувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар мурожаат вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакил ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.

16. Жисмоний шахс оғзаки мурожаат қилаётганда (шахсий қабул орқали) ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.

Электрон шаклда бериладиган мурожаатларда мурожаат қилувчининг электрон манзили ва ягона идентификатори (ЖШШИР, юридик шахс эса — СТИР) ҳамда бошқа реквизитлар (ўзи истаган ҳамда мурожаат билан боғлиқ маълумотлар) кўрсатилиши керак.
Оғзаки мурожаатлар комиссия котиби томонидан қабул қилинади ва мурожаатларни қайд этиш реестрига киритилади.

17. Манфаатдор шахс мурожаатга у билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотлар ва ҳужжатларни ҳам илова қилиши мумкин.

18. Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мурожаат рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ёки уни рад этиш ҳақидаги қарор қабул қилинган пайтдан ёки ваколатли органнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) маълум бўлган пайтдан эътиборан 30 кундан кечиктирмай берилиши мумкин.
4-боб. Мурожаатни кўриб чиқиш тартиби
19. Комиссия котиби манфаатдор шахснинг мурожаатини у келиб тушган кунда, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш кунида рўйхатдан ўтказади.
Комиссия котиби келиб тушган мурожаатнинг ушбу Низомнинг 14-банди талабларига мувофиқлигини текширади ва уни комиссия мажлисида кўриб чиқишга тайёрлайди ёки мурожаат ушбу Низомнинг 14-банди талабларига номувофиқлиги аниқланганда, камчиликларни бартараф этиш учун бир иш куни мобайнида манфаатдор шахсга қайтаради.

20. Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб ўн беш иш кунида комиссия томонидан кўриб чиқилади.

Бунда мурожаатда кўтарилган масалалар уларни бевосита жойида ўрганиш, бошқа тегишли ҳужжатлар ва материалларни олиш ҳамда бошқа тегишли ташкилотнинг вакилларини жалб қилишни талаб этган тақдирда, уни кўриб чиқиш муддати қўшимча ўн беш иш кунига узайтирилиши мумкин.
21. Комиссия котиби комиссия аъзоларини ва манфаатдор шахсни ёки унинг қонуний вакилини комиссия мажлиси ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин мажлис ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади.
22. Манфаатдор шахс ёки унинг қонуний вакили комиссия томонидан мурожаат кўриб чиқилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Бунда комиссия манфаатдор шахс ёки унинг қонуний вакилининг талабига кўра муҳокамани видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказиши мумкин.

Видеоконференцалоқа режимида мурожаатни кўриб чиқиш учун техник ва бошқа шароитлар ваколатли органнинг марказий аппарати ёки тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан таъминланади.

Мурожаатни кўриб чиқиш вақтида низо билан боғлиқ бўлган ваколатли орган ёки унинг вакили комиссия раисининг талабига кўра мажлисда иштирок этиши шарт.

23. Мурожаатни кўриб чиқиш якуни бўйича баён тузилиб, комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва уни раислик қилувчи тасдиқлайди.

24. Мурожаат этган шахс мурожаатни комиссия томонидан қарор қабул қилингунига қадар чақириб олишга ҳақли. Мурожаатни чақириб олиш ёзма (мурожаатни йиғилишда кўриб чиқиш жараёнида) ёки электрон шаклда (вазирликнинг электрон почта ёки расмий веб-сайти орқали) амалга оширилиши мумкин.
25. Комиссия мурожаат бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш ҳақидаги қарорни ўзгаришсиз қолдириш;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш ҳақидаги қарорга ўзгартиришлар киритиш;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ва зарур бўлган тақдирда, янги қарор қабул қилиш;

ваколатли органга ёки унинг мансабдор шахси зиммасига берилган мурожаат моҳияти бўйича муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд ҳаракатни амалга оширмаслик бўйича мажбурият юклаш.
26. Мурожаат комиссия томонидан кўрилаётганда, юзага келадиган масалалар унинг аъзолари томонидан бир овоздан ҳал қилинади. Ҳеч бир аъзо овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас.
Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
27. Ваколатли органнинг қарори юзасидан мурожаат қилинган тақдирда, мурожаат рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан қарорнинг амал қилиши ва ижро этилиши тўхтатиб турилади.

Бу ҳақида комиссия томонидан ваколатли органга ва манфаатдор шахсларга хабар берилади.

28. Комиссия томонидан қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, бу ҳақида хулоса тузилиб, тегишли юқори турувчи органга ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилади.

29. Комиссия котиби икки иш кунида комиссия қарорини ариза берувчига юборади ҳамда қарорни «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги Шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар ҳал қилиш реестрига киритади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
30. Шаҳарсозлик соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига оид ҳужжатлар билан боғлиқ мурожаатлар судга қадар кўриб чиқиш ушбу Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
31. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
32. Шаҳарсозлик соҳасидаги рухсат берилган ҳужжатлар туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар белгиланган тартибда қопланади.

Шаҳарсозлик соҳасидаги низоларни судга қадар кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга

ИЛОВА

Шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича идоралараро комиссияга мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Ариза берувчи

(жисмоний ёки юридик шахс)

Ариза берувчи комиссияга оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда вазирликнинг электрон почта ёки расмий веб-сайти орқали ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш ҳақидаги қарори, шунингдек, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича комиссияга мурожаат қилади.

хоҳишига кўра

2-босқич

Комиссия котиби

Келиб тушган мурожаатнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текширади ва уни комиссия мажлисида кўриб чиқишга тайёрлайди ёки мурожаат номувофиқлиги аниқланганда, камчиликларни бартараф этиш учун манфаатдор шахсга қайтаради.

1 иш куни

3-босқич

Комиссия

1. Ариза берувчининг мурожаатини кўриб чиқади.

2. Ариза берувчи, манфаатдор шахслар ҳамда ваколатли орган мансабдор шахслари иштирокида комиссия мажлисида муҳокама қилади.

3. Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилади.

ариза келиб тушган кундан бошлаб 15 иш кунида

(мурожаатда кўтарилган масалалар уларни бевосита жойида ўрганиш, бошқа тегишли ҳужжатлар ва материалларни олишни талаб этса, қўшимча 15 иш кунида)

4-босқич

Комиссия котиби

Комиссия қарори ва жавоб хатини ариза берувчига юборади.

Комиссия қарорини «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги Шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар ҳал қилиш реестрига киритади.

2 иш куни

5-босқич

Манфаатдор шахс

Комиссия қароридан норози бўлган ҳолатларда судга мурожаат қилади.

Белгиланган муддатларда

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 августдаги 496-сон қарорига

2-ИЛОВА

Шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича идоралараро комиссия

ТАРКИБИ

Ш. Хидоятов

қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири в.б, Комиссия раиси

Д. Адилов

қурилиш ва уй-жой коммунал вазирининг ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари

Н. Режабоев

Қурилиш ва уй-жой коммунал вазирлигининг Давлат архитектура назорати бошқармаси бошлиғи, Комиссия раисининг ўринбосари

лавозими бўйича

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи

Лавозими бўйича*

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги масъул ходими

Лавозими бўйича*

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул ходими

Лавозими бўйича*

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси масъул ходими

Лавозими бўйича*

Автомобиль йўллари қўмитаси масъул ходими

Лавозими бўйича*

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъул ходими

Лавозими бўйича*

Энергетика вазирлиги масъул ходими

Лавозими бўйича*

Адлия вазирлиги масъул ходими

Лавозими бўйича*

Маданий мерос агентлиги масъул ходими

Лавозими бўйича

Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш Республика маркази директори

М. Иноятов

Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси Республика маркази давлат муассасаси раҳбари

Ш. Содиқов

Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори

Б. Элмуродов

«ЎзшаҳарсозликЛИТИ» бош лойиҳа институти бош директори

Р. Шарипов

«ТошкентбошпланЛИТИ» бош лойиҳа институти бош директори

И. Ахмедов

«Қишлоқ қурилиш лойиҳа» бош лойиҳа институти бош директори

А. Усманов

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг архитектура ва шаҳарсозликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, Комиссия котиби

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли мажбуриятларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

Комиссия ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш ва мурожаатларни кўриб чиқишда зарур ҳолларда, бошқа ташкилотларнинг вакилларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.

* Комиссия йиғилишига низога тааллуқли масалалар юзасидан чақирилиши мумкин бўлган комиссия аъзолари.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.08.2024 й., 09/24/496/0637-сон)
Постановление
Кабинета Министров Республики Узбекистан
Об утверждении Положения о порядке досудебного рассмотрения споров в сфере градостроительства
Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ
г. Ташкент,
12 августа 2024 г.,
№ 496