Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Андижон вилоятида мебелсозликни ривожлантиришни янги сифат босқичига олиб чиқиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
Андижон вилоятида мебель маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий стандартларга жавоб берадиган мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришни янги сифат босқичига олиб чиқиш орқали уларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, АТ «Алоқа банк» ҳамда Андижон вилояти ҳокимлигининг:
Андижон вилояти Олтинкўл туманининг «Уйғур» МФЙ ҳудудида «кластер» усулида мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш, кўргазма ва савдо объектлари ҳамда барча қулайликларга эга бўлган «Мебелсозлик комплекси» кичик саноат зонасини (кейинги ўринларда — саноат зонаси) ташкил этиш;
Олтинкўл тумани «Уйғур» МФЙ ҳудудидаги 129қ, 130, 131қ контурларда туман ҳокимлиги захирасида бўлган 16,0 гектар, шундан 15,9 гектар суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан ер фондининг саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш;
Андижон туманининг «Март» МФЙ ҳудудидан ажратилган 13,0 гектар ва Олтинкўл туманининг «Садда» МФЙ ҳудудидан ажратилган 3,0 гектар ер участкаларини белгиланган тартибда туман ҳокимлиги захирасига қайтариш ҳамда ер фонди тоифасини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш;
саноат зонасини барпо этиш билан боғлиқ харажатларни АТ «Алоқа банк» маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Андижон вилояти ҳокимлиги:
а) бир ой муддатда Олтинкўл тумани «Уйғур» МФЙда ташкил этиладиган саноат зонаси ҳудудининг чегараларини тасдиқласин;
б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда:
бир ҳафта муддатда Олтинкўл туманининг «Уйғур» МФЙ ҳудудидаги 129қ, 130, 131қ контурларда туман ҳокимлиги захирасида бўлган 16,0 гектар, шундан 15,9 гектар суғориладиган ерларнинг ер фонди тоифасини ўзгартириш бўйича асослантирилган таклифларни Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига киритсин;
Андижон туманининг «Март» МФЙ ҳудудидаги 13,0 гектар ва Олтинкўл туманининг «Садда» МФЙ ҳудудидаги 3,0 гектар ер участкаларини белгиланган тартибда туман ҳокимлиги захирасига қайтарсин ҳамда ер фонди тоифасини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказсин;
«Март» ва «Садда» МФЙ ҳудудидаги ер участкалари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин.
3. Савдо-саноат палатаси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги:
АТ «Алоқа банк» билан биргаликда икки ой муддатда Туркия, Хитой ва бошқа мебелсозлик ривожланган хорижий давлатлардан экспертларни жалб қилган ҳолда, қуйидагиларни назарда тутувчи саноат зонасининг концепциясини ишлаб чиқсин:
ишлаб чиқариш цехлари (ангар), кўргазма заллари, очиқ ва ёпиқ савдо майдонлари, фурнитура ва бутловчи қисмлар савдо маркази ҳамда логистика марказини ташкил этиш;
импортни чуқур таҳлил қилган ҳолда мебель маҳсулотлари учун импорт ўрнини босувчи хомашёлар, фурнитуралар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш;
ички ва ташқи бозорлар конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш бўйича таниқли хорижий брендларни жалб қилиш;
маҳаллий фурнитура ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг дилерлик марказларини очиш;
фурнитура ва бутловчи қисмларни импорт қилувчи ташкилотларнинг ёки уларни хорижий ишлаб чиқарувчиларининг дилерлик марказларини очиш орқали ишлаб чиқарувчиларга биринчи сотувчи («қўл»)дан харид қилиш имконини яратиб бериш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) саноат зонаси ҳудудини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш доирасида:
ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари — 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида махсус иқтисодий зоналар, ёшлар ва кичик саноат зоналари ҳамда йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун кўзда тутилган маблағлар;
электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари — ўрнатилган тартибда таъминотчи корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
б) саноат зонаси ҳудудида АТ «Алоқа банк» томонидан қуриладиган бино ва иншоотларни тадбиркорларга сотиш, ижара ва лизингга бериш «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали амалга оширилади.
5. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги саноат зонасини барпо этиш доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва нархларни мақбуллаштириш юзасидан Савдо-саноат палатаси ва Андижон вилояти ҳокимлигига амалий кўмак бериб борсин ҳамда қурилиш-монтаж ишларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилиши устидан назорат ўрнатилишини таъминласин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Савдо-саноат палатаси раиси Д.А. Вахабов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов ҳамда Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ. Абдураҳманов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 20 август,
523-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.08.2024 й., 09/24/523/0635-сон)