Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида Вақт ва частота хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 28 февралдаги ПҚ-91-сон қарорига мувофиқ ҳамда республикада вақт ва частота соҳасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон миллий вақт шкаласини (UTC (UZ) ҳосил қилиш, уни сақлаш ва узатишни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан вақт, частота ва миллий вақт шкаласи (UTC (UZ) бирлиги миллий эталони яратилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Халқаро ўлчов ва тарозилар бюросининг (BIPM) Халқаро атом вақти (TAI) гуруҳига тўлиқ ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинганлиги;
Ўзбекистон Республикасининг Мувофиқлаштирилган универсал вақтни (UTC) шакллантиришда Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (BIPM) солиштиришларида иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, 2025 йил 1 январдан бошлаб:
Ўзбекистон миллий вақт шкаласи (UTC (UZ) жорий этилади ва ундан Ўзбекистон Республикасининг аниқ вақти (кейинги ўринларда — аниқ вақт) сифатида фойдаланилади;
Вақт хизматининг фаолиятини самарали ташкил этишга Агентликнинг «Ўзбекистон миллий метрология институти» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Метрология институти) масъул ҳисобланади;
Метрология институти Мувофиқлаштирилган универсал вақтни (UTC) шакллантиришда иштирок этади ва Ўзбекистон миллий вақт шкаласини (UTC (UZ) ҳосил қилишга ваколатли этиб белгиланади.
3. Агентлик икки ой муддатда:
вақт, частота ва миллий вақт шкаласи (UTC (UZ) бирлиги миллий эталонига мувофиқ Метрология институти таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Вақт ва частота хизматини (кейинги ўринларда — Вақт хизмати);
Вақт хизматининг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилашни назарда тутувчи низомини «Ўзбектелеком» АК билан келишган ҳолда тасдиқлашни ташкил этсин.
4. Агентлик, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг аниқ вақтни Вақт хизматидан олиш ҳамда уни манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотларга узатишни давлат-хусусий шериклик шартлари (кейинги ўринларда — ДХШ лойиҳаси) асосида амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
5. ДХШ лойиҳаси доирасида Метрология институти — давлат шериги, «Ўзбектелеком» АК — хусусий шерик этиб белгилансин ҳамда Агентлик «Ўзбектелеком» АК билан биргаликда бир ой муддатда Давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим имзоланишини таъминласин.
Белгилансинки, Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида:
давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ вақт пулли хизмат асосида узатилади ҳамда келиб тушган маблағнинг 90 фоизи хусусий шерикка, қолган қисми давлат шериги ҳисобварағига ўтказилади;
тўлов миқдори томонлар сарфланган харажатлар инобатга олиниб, асослантирилган ҳисоб-китоблар асосида белгиланади;
давлат шериги вақт ва частота соҳасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлайди, Ўзбекистон миллий вақт шкаласини (UTC (UZ) ҳосил қилиш, сақлаш ва хусусий шерикка узатишни амалга оширади;
хусусий шерик манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ вақтни узатади;
давлат шериги аниқ вақтни мунтазам трансляция қилиб борувчи веб-сайт ва мобиль иловани ишга туширади;
битимнинг амал қилиш муддати камида беш йил этиб белгиланади ва ушбу муддат томонлар ўртасида келишилган ҳолда, қонунда белгиланган муддатлар доирасида узайтирилиши ёки қисқартирилиши мумкин.
6. Агентлик икки ой муддатда тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда аниқ вақт сигналларини қабул қилувчи абонентлар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин. Заруратга кўра абонентлар рўйхати ҳар йили камида бир марта янгилаб борилади.
7. Давлат шеригига пулли хизматдан келиб тушган маблағлар Вақт хизматининг моддий-техник базасини ривожлантириш, инфратузилмасини такомиллаштириш, ходимларни рағбатлантириш ва малакасини ошириш ҳамда хорижий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга йўналтирилади.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров ва Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 16 август,
510-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.08.2024 й., 09/24/510/0621-сон)