Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДАВРИЙ МАТБУОТНИ ТАРқАТУВЧИ КОРХОНАЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Даврий матбуотни тарқатувчи корхоналар иши самарадорлигини янада ошириш, босма нашрларни республика аҳолисига ўз вақтида етказиш, уларни етказиб беришни жадаллаштириш ва таннархини пасайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси ва компания таркибига кирувчи корхоналар 2000 йил 1 майдан бошлаб 2003 йил 31 декабргача ялпи даромаддан беш фоиз миқдорида солиқ тўлайдилар ва ялпи даромаддан Республика йўл жамғармасига 0,5 фоиз миқдорида маблағ ажратадилар, бўшаб қолган маблағлар матбуот тарқатиш тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2000 йил 1 майдан бошлаб 2003 йил 31 декабргача «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компаниясига давлат бюджетидан даврий матбуотни авиация, темир йўлда ва махсус автотранспортда ташиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш учун мақсадли фойдаланиладиган маблағлар ажратишни назарда тутсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 7 августдаги 284-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2002 й., 15-16-сон, 121-модда)
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлигига «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси ва компания таркибига кирувчи корхоналарга электр энергиясини «Носаноат истеъмолчилар, бюджет ташкилотлари» истеъмолчилар бешинчи гуруҳи бўйича бериш;
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига босма нашрлар вилоят марказлари ва Қорақалпоғистон Республикасига ҳар куни барвақт етказиб берилишини назарда тутган ҳолда самолётлар учиши жадвалини қайта кўриб чиқиш тавсия қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг ўринбосари В.Й. Отаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 13 апрель,
143-сон