Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қора металл парчалари ва чиқиндиларини темир йўл транспортида ташиш хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Қора металлургия саноатида иккиламчи хомашёдан оқилона фойдаланиш ҳамда темир йўл транспортида қора металл парчалари ва чиқиндиларини ташиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон металлургия комбинати» АЖ ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг қора металл парчалари ва чиқиндиларини темир йўл транспортида ташишда хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида уларни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати нарядлари томонидан кузатиб бориш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 12 августдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати нарядлари томонидан кузатиб борилиши керак бўлган юклар рўйхати қуйидаги мазмундаги 33-позиция билан тўлдирилсин:
| « | ||
| 33. | Ломы и отходы черных металлов | 72040000 — 72045000 |
| ». |
3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Ф. Исламов ҳамда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 12 июнь,
243-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.06.2023 й., 09/23/243/0364-сон)