13.03.2023 йилдаги КСҚ-4-сон
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарори, 13.03.2023 йилдаги КСҚ-4-сон
Дата вступления в силу
13.03.2023
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди (кейинги ўринларда — Конституциявий суд) раис М. Абдусаломов, судьялар А. Гафуров, Ж. Балкибаева, К. Давлетова, Р. Исмайлов, А. Рахимов ва А. Рахмановдан иборат таркибда, катта эксперт Ш. Мажидовнинг котиблигида, тарафнинг вакили — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмита раиси Ж. Ширинов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмита раиси Н. Умаров, тегишли давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мурожаати бўйича Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги қарорини (иловаси билан) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонун ҳужжати шаклидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 4-моддаси 1-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлайди.
Мурожаат ва иловаларда Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарорининг номи, рақами, қабул қилинган санаси, мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари, асослантириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жойлашган ери, почта манзили тўғрисидаги зарур маълумотлар ҳамда илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган.
Юқоридагиларга асосан мурожаат «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 29-моддасида белгиланган Конституциявий судга мурожаатга қўйиладиган талабларга жавоб беради ҳамда уни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этишга асослар мавжуд эмас.
«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси референдумида қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши;
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш учун қарорни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига юбориш;
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 82-моддасига асосан Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлигини тўлиқлигича ёки унинг бир қисмини текшираётганда:
давлат органлари ва мансабдор шахслар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан белгиланган ваколатларнинг чегараланиши нуқтаи назаридан;
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Конституцияни қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартибига оид қуйидаги нормалар белгиланган: Конституцияни қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига киради (78-модда биринчи қисми 1-банди), Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади (127-модда).
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Олий Мажлис палаталари кенгашларининг 2022 йил 20 майдаги қўшма қарори билан Конституциявий комиссия тузилган. Конституциявий комиссия таркибига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам, Сенат аъзолари ҳам киритилган.
Конституциявий Қонун лойиҳасини тайёрлаш ва маромига етказишда Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 июндаги қарори билан «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя этилган ҳолда икки босқичда умумхалқ муҳокамаси ўтказилганлиги, ушбу жараёнда «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформаси, қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, маҳаллалар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролардан 220 мингдан ортиқ фикр ва таклифлар қабул қилинган ва таҳлил қилинган.
Хусусан, «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси талабларидан келиб чиқиб, Конституциявий Қонун лойиҳаси «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталари, «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформасида эълон қилинган.
«Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси талабларидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси (кейинги ўринларда — масъул қўмиталар) Конституциявий Қонун лойиҳаси юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиб борган.
Конституциявий Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси талабларидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган. Кўриб чиқиш натижалари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 ноябрдаги 2703-IV-сон Қарори қабул қилинган ҳамда масъул қўмиталарга депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Конституциявий Қонун лойиҳаси юзасидан ишларни давом эттириш топширилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ҳажми ва кўлами, хусусан, унинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпаяётганлиги, амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилаётганлигини инобатга олиб, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янги таҳрирда баён этишни асосли деб ҳисоблайди.
Конституциявий суд Конституциявий Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасидан ўтказилганлиги ва унинг натижалари асосида Конституциявий Қонун лойиҳаси маромига етказилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий Қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципига (7-модда) мос келишига эътибор қаратади.
«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан референдумни тайинлаш тартиби белгиланган бўлиб, унга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси референдум ўтказиш ташаббусини кўрсатиш тўғрисидаги материалларни ва масъул қўмита хулосасини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ Олий Мажлис палаталарининг референдумни ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисидаги қарорларида уни ўтказиш санаси белгиланади ҳамда бунда овоз бериш палаталарнинг қарорлари эълон қилинган кундан эътиборан бир ярим ойдан уч ойгача бўлган даврда исталган кунга тайинланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида референдум ўтказилишини истисно этадиган ҳолатлар белгиланган бўлиб, Конституциявий суд мазкур масалани ўрганиб чиқди ва референдум ўтказилишини истисно этадиган ҳолатларни аниқламади.
Конституциявий суд давлат органлари ва мансабдор шахслар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан белгиланган ваколатларнинг чегараланиши нуқтаи назаридан қуйидагиларни аниқлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади. Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатда кўриб чиқилади. Мазкур конституциявий нормалардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мурожаатида кўрсатилган масала Сенатнинг тегишли қарори билан ҳам тасдиқлангандан сўнг амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 9-моддасига мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади.
«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ қуйидаги масалалар референдум предмети бўлиши мумкин эмас:
Конституциявий Қонун лойиҳасининг 2 — 7-моддаларида унинг кучга кириши, тўғридан-тўғри амал қилиши, давлат ҳокимияти органлари ва давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилиши тартиби ва муддатлари баён этилган. Хусусан, Конституциявий Қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилиши ва ушбу шахслар мазкур Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда кўрсатилган лавозимларни эгаллаганлиги ва (ёки) эгаллаб келаётганлигининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар бошқа фуқаролар билан тенг равишда Конституция, шу жумладан ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Конституция, талабларига мувофиқ ушбу лавозимларга сайланиш (тайинланиш) ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда. Яъни, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида сайлаш (тайинлаш) тартиби ва (ёки) муддати ўзгараётган барча давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига бу қоида тегишли.
Бинобарин, мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар Конституциянинг 7-моддасида белгиланган халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир, деган концептуал қоидага мувофиқ равишда халқ муҳокамасига тақдим этилиб, референдумга қўйилиб, халқ томонидан қўллаб-қувватлансагина, конституциявий-ҳуқуқий аҳамият касб этади.
«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасига мувофиқ умумхалқ овози — референдумга қўйилаётган «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунни лойиҳаси овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи томонидан ёқлаб овоз берилган тақдирда юридик кучга эга бўлади. Бунда рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан кўпи референдумда иштирок этган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдумни ўтган деб топади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонун 4-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, 67, 69, 70, 72 ва 82-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди: