Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 27.02.2023 йилдаги ЎРҚ-819-сон
Дата вступления в силу
29.08.2023
|
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 15 июлда қабул қилинган Сенат томонидан 2022 йил 27 декабрда маъқулланган 1-боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади Ушбу Қонуннинг мақсади техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси Ушбу Қонуннинг амал қилиши техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги техник регламентларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва қўллаш, мувофиқликни баҳолаш ҳамда давлат назоратини амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Ушбу Қонуннинг амал қилиши: санитария, фитосанитария ва ветеринария чоралари; меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги чоралар; бухгалтерия ҳисоби стандартлари; қимматли қоғозлар эмиссияси стандартлари ва қимматли қоғозлар эмиссияси рисолалари, баҳолаш фаолияти стандартлари; тиббий ёрдам стандартлари; давлат таълим стандартлари билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди. 3-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. 4-модда. Асосий тушунчалар Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: аризачи — мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш учун маҳсулот тақдим этган жисмоний ёки юридик шахс; давлат назорати органи — техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишга ваколатли бўлган давлат бошқаруви органи; ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили — ишлаб чиқарувчи (чет эл ишлаб чиқарувчиси) билан тузилган шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолашда ва уни муомалага чиқаришда ушбу ишлаб чиқарувчи номидан ҳаракатларни амалга оширадиган тадбиркорлик субъекти; маҳсулот — фаолиятнинг моддий-ашёвий шаклда тақдим этилган ва хўжалик мақсадида ҳамда бошқа мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган натижаси; маҳсулотни муомалага чиқариш — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида маҳсулотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш мақсадида етказиб бериш (реализация қилиш) ёки олиб кириш (ишлаб чиқарувчининг омборидан жўнатиш ёки омборга жойламасдан юклаб жўнатиш); мувофиқлик тўғрисидаги декларация — ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи муомалага чиқариладиган маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат; мувофиқликни декларациялаш — маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини мажбурий равишда тасдиқлаш шакли; савдодаги техник тўсиқ — маҳсулот келиб чиққан мамлакатга (жойга) қараб маҳсулотга ва мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларига доир мажбурий талабларнинг турлича қўлланилиши оқибатида мамлакатлар ўртасидаги савдода юзага келадиган тўсиқ; синаш лабораторияси — синашни амалга оширувчи юридик шахс ёки унинг таркибий бўлинмаси; сотувчи — маҳсулотни реализация қиладиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган тадбиркорлик субъекти; техник жиҳатдан тартибга солиш — маҳсулотнинг хавфсизлигига, уни ишлаб чиқариш жараёнларига ва усулларига доир талабларни белгилаш, қўллаш ҳамда бажариш, шунингдек уларга риоя этилишини мувофиқликни баҳолаш ва давлат назоратини амалга ошириш орқали текшириш; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар — техник регламентлар ва стандартлар; техник регламент — маҳсулот хавфсизлигининг қўлланилиши мажбурий бўлган тавсифлари ёки улар билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари ва усуллари, қоидалар белгиланган ҳужжат; хизмат — жисмоний ва юридик шахсларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган, натижалари ашёвий шаклга эга бўлмаган фаолият. 5-модда. Техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари Техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: техник регламентларни қўллашнинг бирлиги; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тадбиркорлик субъектларининг камситилишига ва инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги; техник жиҳатдан тартибга солишнинг ҳамда мувофиқликни баҳолашнинг бирлиги ва яхлитлиги; мувофиқликни баҳолаш органларининг ишлаб чиқарувчилардан, сотувчилардан ва харидорлардан (истеъмолчилардан) мустақиллиги; мувофиқликни мажбурий баҳолаш тартиб-таомилларини амалга оширишда синаш ҳамда ўлчаш қоидаларининг ва усулларининг бирлиги; давлат назоратига ва мувофиқликни баҳолашга доир ваколатларнинг бир орган томонидан бирга қўшиб бажарилишига йўл қўйилмаслиги; икки ва ундан ортиқ давлат назорати органида айни бир ваколатларнинг такрорланишига йўл қўйилмаслиги. 2-боб. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш 6-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизими Техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизимини қуйидагилар ташкил этади: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси; Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари; стандартлаштириш бўйича миллий орган; аккредитация органи; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари; мувофиқликни баҳолаш органлари, синаш лабораториялари. 7-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат: техник жиҳатдан тартибга солишнинг иқтисодиётни, моддий-техника базасини ривожлантириш даражасига, шунингдек илмий-техник жиҳатдан ривожлантириш даражасига мувофиқлигини таъминлаш; мазкур соҳани ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; мазкур соҳани халқаро (минтақавий) стандартлар билан уйғунлаштириш; илғор инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш; кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш; халқаро ҳамкорликни ривожлантириш. 8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларини белгилайди ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради; давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мувофиқликни баҳолашга доир фаолиятини мувофиқлаштиради; техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурини тасдиқлайди; техник регламентларни тасдиқлайди, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилади; мувофиқликни баҳолаш органини тайинловчи (нотификация қилувчи) органни белгилайди, унинг фаолияти соҳасини ва вазифаларини тасдиқлайди; ахборот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади, техник регламентлар, стандартлар, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари тўғрисида хабардор қилиш тартибини белгилайди; Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилган мувофиқликни баҳолаш натижаларининг Ўзбекистон Республикасида тан олиниши тартибини тасдиқлайди; мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган, хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлайди; мувофиқликни баҳолаш қоидаларини, мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларни рўйхатдан ўтказиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш тартибини белгилайди; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияларининг фаолият юритиш тартибини белгилайди; давлат назорати органларининг ваколатларини, уларнинг давлат назоратига доир фаолиятини мувофиқлаштириш тартибини, шунингдек давлат назорати органларининг аккредитация органи билан ҳамкорлиги тартибини тасдиқлайди; тегишли чекловчи чораларни кўриш тартибини, хавфни баҳолаш мезонларини тасдиқлайди; юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 9-модда. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади). Махсус ваколатли давлат органи: техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларининг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган таклифлар киритади; давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг техник регламентларни ишлаб чиқишга доир фаолиятини мувофиқлаштиради; техник регламентларни тасдиқлаш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиясини ташкил этади; давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган тегишли техник регламентларни экспертизадан ўтказади; техник регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлайдиган ҳамда техник регламентларда белгиланган маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган, намуналар олиш, синаш ва ўлчаш усулларини белгилайдиган стандартлар рўйхатларини тасдиқлайди; мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган, хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотлар рўйхатини шакллантиради, шунингдек мазкур маҳсулотларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди; халқаро (минтақавий) стандартларнинг ҳамда техник регламентларнинг вазирликлар ва идоралар томонидан жорий этилишини мувофиқлаштиришни амалга оширади; (9-модда иккинчи қисмининг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларини бузганликда айбдор бўлган ишлаб чиқарувчиларга, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилига, сотувчиларга, импорт қилувчиларга ёки ижрочиларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш юзасидан судга мурожаат қилади; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ эмас деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотлар реестрини юритади; мувофиқлик сертификатларининг ва мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг реестрини юритади; маҳсулотнинг, уни ишлаб чиқариш жараёнларининг ёки усулларининг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги презумпциясини таъминлайдиган стандартлар рўйхатини тасдиқлайди; техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсияларни тасдиқлайди; техник регламентларнинг маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади; Ўзбекистон Республикасининг мувофиқликни баҳолаш натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа масалаларга доир халқаро шартномаларини тузиш бўйича таклифлар тайёрлайди; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади. Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 10-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари (бундан буён матнда ваколатли давлат бошқаруви органлари деб юритилади) ўз ваколатлари доирасида: махсус ваколатли давлат органига техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларининг лойиҳалари бўйича таклифлар киритади; техник регламентларнинг ишлаб чиқилишини таъминлайди; техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилишини таъминлайди ва уларни белгиланган тартибда тасдиқлайди; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияларини ташкил этади; давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган техник регламентларни экспертизадан ўтказади; техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрлайди; техник регламентлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади; техник регламентларнинг маълумотлар базасини шакллантиришда иштирок этади; техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади. Ваколатли давлат бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 11-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида: махсус ваколатли давлат органига техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларининг лойиҳалари бўйича таклифлар киритади; техник регламентлар ва уларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилишини амалга оширади; техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш ҳақида таклифлар тайёрлайди; техник регламентларнинг маълумотлар базасини шакллантиришда иштирок этади; техник регламентларга риоя этилиши устидан назоратни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 12-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари махсус ваколатли давлат органи ва ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳузурида шакллантирилади. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиясининг таркибига давлат органларининг, иқтисодиётнинг тегишли тармоқларидаги тадбиркорлик субъектларининг вакиллари, илмий-тадқиқот институтларининг, лабораторияларнинг мутахассислари, шунингдек техник регламентлар экспертизаси учун зарур бўлган бошқа мутахассислар киради. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари техник регламентлар лойиҳаларини, уларга доир ўзгартиш ва қўшимчаларни экспертизадан ўтказади, шунингдек амалдаги техник регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳамда уларга оид хулосалар тайёрлайди. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. 3-боб. Техник регламентлар 13-модда. Техник регламентларнинг мақсадлари Техник регламентлар қуйидаги мақсадларда қабул қилинади: маҳсулот хавфсизлиги талабларини белгилаш орқали фуқароларнинг ҳаётини ёки соғлиғини муҳофаза қилиш; атроф-муҳитни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш; харидорларни (истеъмолчиларни) чалғитадиган ҳаракатларнинг олдини олиш; энергия жиҳатдан самарадорликни ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш; савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш; ички ва ташқи бозорларда маҳсулотнинг рақобатбардошлилигини ошириш. 14-модда. Техник регламентларнинг мазмуни Техник регламентларда маҳсулотнинг зарар етказиш хавфи ва хатари даражаси ҳисобга олинган ҳолда: биологик хавфсизликни; механик хавфсизликни; кимёвий хавфсизликни; ядровий ва радиациявий хавфсизликни; ёнғин хавфсизлигини; электр хавфсизлигини; машиналарни ва асбоб-ускуналарни ишлатиш (улардан фойдаланиш) ҳамда утилизация қилиш хавфсизлигини; электромагнит мослигини; экологик хавфсизликни; саноат ва ишлаб чиқариш хавфсизлигини; портлаш хавфсизлигини; ахборот хавфсизлигини; синаш ва ўлчаш усулларининг бирлигини таъминловчи талаблар, шунингдек маҳсулот хавфсизлигини таъминлашга доир бошқа талаблар белгиланиши мумкин. Техник регламентлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак: қайси маҳсулотларга нисбатан хавфсизлик талаблари белгиланаётган бўлса, ўша маҳсулотларнинг тўлиқ рўйхатини; хавф даражаси ҳисобга олинган ҳолда аниқланадиган мувофиқликни баҳолаш қоидалари, шакллари ва тартиб-таомилларини. Техник регламентлар мувофиқликни тасдиқлаш схемаларини, берилган мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш тартибини, атамаларга, ўровга, тамғалашга ёки ёрлиқларга доир талабларни ва уларни қўллаш қоидаларини ўз ичига олиши мумкин. Техник регламентларда маҳсулотнинг конструкциясига ва бажарилишига доир талаблар бўлмаслиги керак, бундан маҳсулотнинг конструкциясига ва бажарилишига нисбатан инсоннинг ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилиши хавфи даражаси ҳисобга олинган ҳолдаги талаблар мавжуд эмаслиги сабабли маҳсулот хавфсизлиги таъминланмайдиган ҳоллар мустасно. Техник регламентларда харидорларни (истеъмолчиларни) эҳтимол тутилган зарар тўғрисида ҳамда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказилиши хавфи қайси омилларга боғлиқ бўлса, ўша омиллар ҳақида хабардор қилишга тааллуқли талаблар мавжуд бўлиши мумкин. Техник регламентларда маҳсулот хавфсизлигига доир қуйидаги махсус талаблар бўлиши мумкин: қонунчиликда белгиланган айрим тоифадаги фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга доир талаблар; табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга, атроф-муҳитга етказиладиган зарарни ҳамда моддий зарарни камайтиришга доир талаблар, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига, давлат мулкига таҳдид солувчи трансчегаравий хавфли ишлаб чиқариш объектларига тааллуқли талаблар. Давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган техник регламентлар қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ҳамда қабул қилинади. Техник регламентлар тугал бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилади ҳамда фақат уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан ўзгартирилиши ҳамда тўлдирилиши мумкин. 15-модда. Техник регламентларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тартиби Техник регламентлар техник регламентларни ишлаб чиқишнинг тасдиқланган дастурига мувофиқ ишлаб чиқилади. Халқаро (минтақавий) стандартлардан техник регламентлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда тўлиқ ёки қисман асос сифатида фойдаланилиши керак, бундан халқаро (минтақавий) стандартлар ёки уларнинг бўлимлари техник регламентларнинг ушбу Қонуннинг 13-моддасида белгиланган мақсадларига эришиш учун самарасиз ёхуд номувофиқ бўлган ҳоллар, шу жумладан иқлимга оид ва географик ўзига хос хусусиятлар туфайли самарасиз ёки номувофиқ бўлган ҳоллар мустасно. Халқаро (минтақавий) стандартлар билан уйғунлаштирилган миллий стандартлардан техник регламентлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда тўлиқ ёки қисман фойдаланилиши ҳам мумкин. Техник регламентлар талаблари ушбу Қонуннинг 13-моддасида белгиланган техник регламент мақсадларига нисбатан кўпроқ техник тўсиқларни юзага келтирмаслиги керак. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар ўз расмий веб-сайтларида техник регламентлар ишлаб чиқилиши тўғрисидаги хабарларни ушбу регламентлар ишлаб чиқилган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай эълон қилади ва манфаатдор тарафларни бу ҳақда хабардор қилади. Агар техник регламентларни ишлаб чиқиш ёки техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш маҳсулотнинг импортига ёки экспортига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлса ҳамда Ўзбекистон Республикаси томонидан чет давлатлар билан икки томонлама ёхуд кўп томонлама шартномалар тузилган бўлса, техник регламентларни ишлаб чиқувчи орган техник регламентларни ишлаб чиқиш сабабларини ушбу давлатларнинг сўровига кўра тушунтириб бериши керак. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар техник регламент лойиҳаси расмий веб-сайтда жойлаштирилган кундан эътиборан икки ой ичида унинг муҳокама қилинишини таъминлайди. Техник регламентни ишлаб чиқувчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиясининг хулосаси олинганидан кейин техник регламент лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади. Техник регламентлар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида олти ой ўтгач амалга киритилади. 16-модда. Техник регламентларни қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар бу регламентларнинг долзарблиги ва ушбу Қонуннинг 13-моддасида белгиланган мақсадларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан уларни қайта кўриб чиқади. Агар техник регламентларнинг қабул қилинишига олиб келган ҳолатлар ёки сабаблар бошқа мавжуд бўлмаса ёхуд ўзгарган ҳолатлар ёки сабаблар савдога нисбатан камроқ чекловчи таъсир кўрсатадиган усуллардан фойдаланишга имкон берса, техник регламентларга тегишли ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ёки техник регламентлар бекор қилинади. Техник регламентлар: кучга кирган кундан эътиборан; техник регламентларни дастлабки тарзда қайта кўриб чиқиш натижаларига кўра уларга киритилган ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар кучга кирган кундан эътиборан; тегишли ваколатли давлат органлари томонидан дастлабки тарзда қайта кўриб чиқиш натижаларига кўра улар ўзгаришсиз қолдирилганлиги тўғрисида ахборот тақдим этилган кундан эътиборан беш йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади. 17-модда. Стандартларнинг техник регламентларга мувофиқлиги презумпцияси Агар маҳсулот, уни ишлаб чиқариш жараёнлари ёки усуллари техник регламентда ҳавола берилган стандартлар талабларига жавоб берса, улар техник регламент талабларига мувофиқ деб топилади. Маҳсулотнинг, уни ишлаб чиқариш жараёнларининг ёки усулларининг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги презумпциясини таъминлайдиган стандартлар рўйхати махсус ваколатли давлат органи томонидан ўз расмий веб-сайтида эълон қилинади. 18-модда. Техник регламентларнинг қўлланилиши ва ўтиш даври Техник регламентлар маҳсулот келиб чиққан мамлакатдан ва (ёки) жойдан, шунингдек маҳсулотни ишлаб чиқарувчининг, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилининг, сотувчининг ёки импорт қилувчининг мулк шаклидан қатъи назар, бир хил тарзда ва тенг қўлланилади. Агар техник регламентда стандартга ёки унинг алоҳида қисмига оид ҳавола мавжуд бўлса, мазкур стандарт ёки унинг алоҳида қисми бажарилиши шарт. Техник регламентда уни амалга киритишнинг ўтиш даври вақтини белгиловчи муддати ва шартлари назарда тутилиши, бу давр мобайнида техник регламентнинг амалга киритилиши ҳамда маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ масалалар ҳисобга олиниши керак. Агар техник регламентга киритилган маҳсулот муомалага чиқариладиган бўлса ва мазкур техник регламент талабларига мувофиқ бўлмаса, ўтиш даври мобайнида маҳсулотдан фойдаланиш тақиқланиши ёки чекланиши мумкин эмас. Агар техник регламентни қайта кўриб чиқиш якунларига кўра маҳсулотга доир техник талаблар ўзгармаган ёки аҳамиятсиз тарзда ўзгарган бўлса, ўтиш даври белгиланмайди. Техник регламентларда ёки улар тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўтиш даврининг техник регламентларни қўллашга оид бошқа шартлари ҳам белгиланиши мумкин. Ишлаб чиқарувчи кучга кирмаган техник регламент талабларини ўтиш даври мобайнида қўллаш, шунингдек маҳсулотнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. 19-модда. Техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар бир вақтнинг ўзида техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқади, ушбу тавсияларда техник регламентларда белгиланган қоидалар тушунтирилади ва улар мазкур регламентларнинг изчил қўлланилишини таъминлайди. Техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар техник регламентларни ишлаб чиқувчиларнинг ва тегишли услубий тавсияларни тасдиқлаган ваколатли давлат бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларига тасдиқланган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай жойлаштирилади. 20-модда. Хабардор қилиш Янги техник регламент ишлаб чиқилган ёки амалдагиларига ўзгартишлар киритилган тақдирда, техник регламентларни ишлаб чиқувчилар манфаатдор тарафларни ахборот маркази орқали қуйидагилар тўғрисида хабардор қилади: техник регламентни ишлаб чиқиш бошланганлиги ҳақида; техник регламент татбиқ этилиши мумкин бўлган маҳсулот тўғрисида, ушбу регламент қайси мақсадга мувофиқ ишлаб чиқилаётган бўлса, ўша мақсад тавсифлаб берилган ва тушунтирилган ҳолда; техник регламентнинг лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазалар олиш учун икки ой муддат берилиши ҳақида. Техник регламентлар, стандартлар, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари тўғрисида хабардор қилиш тартиби ва тартиб-таомиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 4-боб. Мувофиқликни баҳолаш ва тасдиқлаш 21-модда. Мувофиқликни баҳолаш Мувофиқликни баҳолаш маҳсулотнинг, ишлаб чиқариш жараёнларининг, хизматларнинг, менежмент тизимларининг, ходимларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлашга доир фаолиятдир. Мувофиқликни баҳолаш органи мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини бажарадиган юридик шахсдир. Мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомили техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлардаги тегишли талабларга риоя этилишини аниқлаш мақсадида тўғридан-тўғри ёки билвосита қўлланиладиган тартиб-таомилдир. Намуналар олиш, синаш ва текшириш, мувофиқликни баҳолаш ва тасдиқлаш, давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек уларнинг мажмуи мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари жумласига киради. 22-модда. Мувофиқликни баҳолаш объектлари Маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизими ва ходимлар мувофиқликни баҳолаш объектларидир. Мувофиқликни баҳолаш объектлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади. 23-модда. Мувофиқликни тасдиқлаш шакллари Мувофиқликни тасдиқлаш техник регламентларда ёки мувофиқликни баҳолаш қоидаларида белгиланган мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини қўллаш орқали амалга оширилади. Мувофиқликни тасдиқлаш мажбурий ёки ихтиёрий равишда бўлиши мумкин. Техник регламентларда белгиланган мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади: мувофиқликни декларация қилиш; мажбурий сертификатлаштириш. Мувофиқликни ихтиёрий равишда тасдиқлаш ихтиёрий сертификатлаштириш шаклида амалга оширилади. 24-модда. Мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш Мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш орқали таъминланади. Фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқарилаётган маҳсулотгина мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш объекти бўлиши мумкин. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация ва мувофиқлик сертификати тенг юридик кучга эга ҳамда мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг ёки мувофиқлик сертификатининг амал қилиши вақтида муомалага чиқариладиган маҳсулотга нисбатан маҳсулотнинг яроқлилик муддати ёхуд хизмат муддати давомида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади. Мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш ишларининг қиймати маҳсулот келиб чиққан мамлакатдан ва (ёки) жойдан, шунингдек аризачининг мақомидан қатъи назар, мустақил равишда белгиланади. 25-модда. Мувофиқликни ихтиёрий равишда тасдиқлаш Мувофиқликни ихтиёрий равишда тасдиқлаш аризачининг ташаббусига кўра аризачи ва мувофиқликни баҳолаш органи ўртасидаги шартнома шартлари асосида амалга оширилади. Маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизими ҳамда стандартларда ва шартномалар шартларида қайси бошқа объектларга нисбатан талаблар белгиланган бўлса, ўша объектлар мувофиқликни ихтиёрий равишда тасдиқлаш объектлари бўлиши мумкин. Мувофиқликни ихтиёрий равишда тасдиқлаш стандартларга, шартномалар шартларига мувофиқликни белгилаш учун амалга оширилиши мумкин. 26-модда. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация Мувофиқлик тўғрисидаги декларация, агар техник регламентларда назарда тутилган бўлса, мувофиқлиги мажбурий равишда тасдиқланиши лозим бўлган маҳсулотга нисбатан расмийлаштирилади. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация икки нусхада расмийлаштирилади. Мувофиқликни декларация қилиш қуйидаги схемалардан бири бўйича амалга оширилади: мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни ўз далиллари асосида қабул қилиш; мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни ўз далиллари ҳамда мувофиқликни баҳолаш органи ва (ёки) аккредитация қилинган синаш лабораторияси (бундан буён матнда учинчи тараф деб юритилади) иштирокида олинган далиллар асосида қабул қилиш. Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни қабул қилувчи шахслардир. Серияли ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва маҳсулот туркуми учун мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиши мувофиқликни тасдиқлаш схемаси билан белгиланади. Расмийлаштирилган мувофиқлик тўғрисидаги декларация ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган шахсларнинг аризасига кўра, мувофиқлик сертификатларининг ва мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг реестрида аккредитация қилиш доираси маҳсулотнинг мазкур турини ўз ичига олган мувофиқликни баҳолаш органи томонидан рўйхатдан ўтказилиши лозим. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация мувофиқлик сертификатларининг ва мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг реестрида рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан ҳақиқий деб ҳисобланади. Аризачиларнинг доираси тегишли техник регламентда белгиланади. Агар учинчи тарафнинг мавжуд эмаслиги мувофиқликни тасдиқлаш мақсадларига эришилмаслигига олиб келса, техник регламентда мувофиқликни учинчи тараф иштирокида декларация қилиш схемаси белгиланади. Маҳсулотнинг техник регламентларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун асос бўлиб хизмат қилган техник ҳужжатлардан, шахсий синаш ва ўлчаш натижаларидан ва (ёки) бошқа ҳужжатлардан далил сифатида фойдаланилади. Мувофиқликни шахсий далиллар ва мувофиқликни баҳолаш органи иштирокида олинган далиллар асосида декларация қилиш чоғида аризачи ўз танловига кўра шахсий далилларидан ташқари лабораторияда ўтказилган синаш ва ўлчаш баённомаларидан фойдаланишга, сифат менежменти тизимининг сертификатини тақдим этишга ҳақли. Сифат менежменти тизимининг сертификатидан мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш чоғида далиллар таркибида фойдаланилиши мумкин, бундан шундай маҳсулот учун техник регламентларда мувофиқликни тасдиқлашнинг бошқача шакли назарда тутилган ҳол мустасно. Мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиш муддати техник регламентда белгиланади. Мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг бир нусхаси ва далиллар сифатида фойдаланилган материаллар аризачида, бошқа нусхаси эса уни рўйхатдан ўтказган мувофиқликни баҳолаш органида беш йил давомида сақланади. Мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларни рўйхатдан ўтказиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. 27-модда. Мувофиқлик сертификати Мувофиқлик сертификати мувофиқликни баҳолаш объектларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатдир. Мувофиқликни баҳолаш органи сертификатлаштиришни аризачи билан тузилган шартномага асосан амалга оширади. Сертификатлаштириш мувофиқликни баҳолаш органи томонидан мувофиқликни баҳолаш объектларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш тартиб-таомилидир. Маҳсулотнинг муайян турларини сертификатлаштириш учун қўлланиладиган сертификатлаштириш схемалари, аризачиларнинг доираси тегишли техник регламентларда белгиланади. Мувофиқлик сертификати, башарти танланган мувофиқликни тасдиқлаш схемасига биноан барча тартиб-таомилларнинг бажарилиши ижобий натижалар берган бўлса, мувофиқликни баҳолаш органи томонидан аризачига берилади. Мувофиқлик сертификатини олишда ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи аризачи бўлиши мумкин. Мувофиқлик сертификатининг шакллари ва уларни расмийлаштириш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади. Мувофиқлик сертификати мувофиқлик сертификатларининг ва мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати техник регламентларда ёки мувофиқликни тасдиқлаш схемаларидан келиб чиққан ҳолда, мувофиқликни баҳолаш қоидаларида белгиланади. 28-модда. Мувофиқлик белгиси Мувофиқлик белгиси мувофиқликни баҳолаш объектлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқликни тасдиқлаш тартиб-таомилидан ўтганлиги тўғрисида харидорларни хабардор қилиш учун хизмат қилади. Мувофиқлик белгиси мувофиқликни тасдиқлаш тартиб-таомилидан ўтган маҳсулотни тамғалашда қўлланилади. Мувофиқлик белгисининг шакли, унга доир техник талаблар ва тамғалаш тартиби миллий стандартларда белгиланади. Мувофиқлик сертификатига эга бўлган ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи мувофиқлик белгисини миллий стандартларда белгиланган, ўзи учун қулай бўлган ҳар қандай усулларда қўллашга ҳақли. Мувофиқлиги мажбурий тасдиқланиши лозим бўлган ва техник регламентларда белгиланган талаблар бўйича мувофиқлиги тасдиқланишдан ўтмаган маҳсулотни мувофиқлик белгиси билан тамғалашга йўл қўйилмайди. Маҳсулот маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан сертификатлаштирилганда мувофиқлик сертификатини берган сертификатлаштириш органи билан тузилган келишув асосида ушбу ишлаб чиқарувчиларга ва импорт қилувчиларга мувофиқлик белгисини қўллаш ҳуқуқи берилади ҳамда мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун тўлов ундирилади. 29-модда. Аризачининг мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш чоғидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Аризачи қуйидаги ҳуқуқларга эга: маҳсулотнинг муайян турлари учун тегишли техник регламентда назарда тутилган мувофиқликни тасдиқлаш шаклини ва схемасини танлаш; аккредитация қилиш доираси аризачи сертификатлаштиришни мўлжаллаган маҳсулотга нисбатан татбиқ этиладиган ҳар қандай мувофиқликни баҳолаш органига мажбурий сертификатлаштиришни амалга ошириш учун мурожаат қилиш; маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш учун техник ҳужжатлардан фойдаланиш; ўзига мувофиқлик сертификатини берган мувофиқликни баҳолаш органидан сертификатлаштириш натижаларини тасдиқлайдиган ҳамда тақдим этиш шартлари, муддати сертификатлаштириш тўғрисидаги шартномада белгиланадиган ҳужжатларни ҳамда материалларни олиш. Аризачи: маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини таъминлаши; мувофиқлиги мажбурий тасдиқланиши лозим бўлган маҳсулотни мувофиқликни тасдиқлаш ишлари амалга оширилганидан кейин муомалага чиқариши; маҳсулотга илова қилинадиган ҳужжатларда мувофиқлик сертификати ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларация ҳақидаги маълумотларни кўрсатиши; давлат назорати органларига, шунингдек манфаатдор шахсларга маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланганлиги тўғрисида далолат берувчи ҳужжатларни (мувофиқлик сертификатини, мувофиқлик ҳақидаги декларацияни ёки уларнинг кўчирма нусхаларини) ёхуд мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг рўйхатга олиш рақами ҳақидаги ахборотни тақдим этиши; агар мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиши тўхтатиб турилган ёхуд тугатилган бўлса, маҳсулотнинг реализация қилинишини тўхтатиб туриши ёки тугатиши; сертификатлаштирилган маҳсулотни ишлаб чиқаришнинг техник ҳужжатларига ёки технологик жараёнларига киритиладиган ўзгартишлар тўғрисида мувофиқликни баҳолаш органини хабардор қилиши; мувофиқлиги тасдиқланишдан ўтган ва техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулотни ишлаб чиқаришни давлат назорати органларининг қарорлари асосида ўн иш кунига тўхтатиб туриши; мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиш муддати тугаган тақдирда, маҳсулотнинг реализация қилинишини тўхтатиб туриши ёки тугатиши шарт, бундан маҳсулотнинг қонунчиликка мувофиқ белгиланган яроқлилик муддати ёхуд хизмат муддати давомида мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиши вақтида чиқарилган маҳсулот мустасно. 30-модда. Маҳсулотни синаш мақсадлари Маҳсулотни синаш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади: техник регламентларда ва стандартларда кўрсатилган маҳсулот намунасининг мувофиқлигини тасдиқлаш тавсифларини аниқлаш; агар синаш мувофиқликни тасдиқлаш доирасидаги тартиб-таомил бўлса, мувофиқликни тасдиқлаш амалга оширилишини таъминлаш. Синаш, агар бу мувофиқликни сертификатлаштириш ёки декларация қилишда қўлланиладиган мувофиқликни тасдиқлаш схемасида назарда тутилган бўлса, мувофиқликни баҳолаш доирасидаги тартиб-таомилдир. Синаш, агар бу техник регламентларда назарда тутилган бўлса, мувофиқликни баҳолашнинг мустақил шаклидир. Синаш, агар бу мувофиқликни сертификатлаштириш ёки декларация қилиш чоғида қўлланиладиган мувофиқликни тасдиқлаш схемасида назарда тутилган бўлса, аккредитация соҳасига мувофиқ аккредитация қилинган лаборатория томонидан амалга оширилади. 31-модда. Мувофиқликни баҳолаш органларига қўйиладиган талаблар ва уларнинг мажбуриятлари Мувофиқликни баҳолаш органи ва унинг ходимлари ўзи баҳолайдиган маҳсулотни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, етказиб бериш, ўрнатиш, ишлатиш ёки унга техник хизмат кўрсатиш учун жавобгар бўлмаслиги керак. Мажбурий сертификатлаштиришни амалга ошириш чоғида маҳсулотни синаш ва ўлчаш аккредитация қилинган синаш лабораториялари томонидан ўтказилиши керак ҳамда уларнинг натижалари баённомалар тарзида расмийлаштирилади. Мувофиқликни баҳолаш органлари синаш лабораторияларига аризачи тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишга ҳақли эмас. Мувофиқликни баҳолаш органи синаш лабораторияси томонидан берилган баённомалар асосида мувофиқлик сертификатини бериш тўғрисида ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. 32-модда. Чет давлатларнинг мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан берилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини тан олиш Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ўтказилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини Ўзбекистон Республикасида тан олиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. 33-модда. Маҳсулотни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажбурий равишда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган, хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларнинг рўйхатини тасдиқлайди. Маҳсулотни давлат рўйхатидан ўтказишга фақат, агар маҳсулот Ўзбекистон Республикасида истеъмол қилиш (фойдаланиш) учун хавфсиз бўлса, рухсат берилади. Махсус ваколатли давлат органи маҳсулотни давлат рўйхатидан ўтказишга ва мазкур маҳсулотдан хавфсиз фойдаланиш бўйича йўриқномани давлат тилида ишлаб чиқишга доир талабларни белгилайди. 34-модда. Мувофиқликни баҳолаш органини тайинлаш (нотификация қилиш) Тайинлаш (нотификация қилиш) соҳаси мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларининг ва маҳсулот турларининг рўйхати бўлиб, тегишли техник регламентга мувофиқ уларга нисбатан мувофиқликни баҳолаш органи тайинланади. Мувофиқликни баҳолаш органлари қуйидаги ҳолларда мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини тегишли техник регламентларга биноан учинчи тараф сифатида бажариш учун тайинланиши (нотификация қилиниши) мумкин, башарти улар: мулк шаклларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — юридик шахслар бўлса; сўнгги уч йил давомида маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш ишларини бажариш тажрибасига эга бўлса; белгиланган соҳа доирасида маҳсулотни синашни амалга ошириш учун аккредитация қилинган ўз синаш лабораторияларига эга бўлса; мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини тайинланган (нотификация қилинган) органларни жалб этган ҳолда қўллаш назарда тутилган тегишли техник регламентларда белгиланган махсус талабларга, бундай талаблар техник регламентларда белгиланмаган тақдирда эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган махсус талабларга мувофиқ бўлса. Тайинловчи орган: мувофиқликни баҳолаш органлари билан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлмаслигини таъминлаши; ўзининг тайинлаш тўғрисидаги қарорлари беғаразлигини кафолатлаши; мувофиқликни баҳолаш органини тайинлашга тааллуқли бўлган ҳар бир қарорнинг мувофиқликни баҳолаш органи билан аффилланмаган ваколатли шахслар ва мувофиқликни баҳолашни амалга ошираётган шахслар томонидан қабул қилинишини таъминлаши; олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаши керак. 5-боб. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш 35-модда. Давлат назорати органлари Техник регламентлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати давлат назорати органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади. Давлат назорати органларининг ваколатлари, уларнинг техник регламентлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратига доир фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби, шунингдек давлат назорати органларининг аккредитация органи билан ҳамкорлиги тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Давлат назоратини амалга ошириш чоғида текширишлар қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилади. Назорат чоралари техник регламентларда белгиланган талаблар асосида, маҳсулот муомалага чиқарилаётган (истеъмолчига реализация қилинаётган) босқичда амалга оширилади, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Агар техник регламентларда маҳсулотни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, монтаж қилиш, ишга тушириш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш, ташиш, реализация ҳамда утилизация қилиш билан боғлиқ жараёнларга доир талаблар мавжуд бўлса, ушбу талабларнинг бажарилишини таъминлашга доир назорат чоралари ҳам қабул қилиниши керак. Намуналарни олиш, текшириш, синаш ва (ёки) ўлчаш тарзидаги назоратни амалга оширишда давлат назорати органлари тегишли техник регламентларда белгиланган синаш ва ўлчаш усулларидан фойдаланади. Хавфни баҳолашнинг аниқ мезонлари, давлат назорати органлари тегишли чекловчи чораларни танлайдиган шартлар ва ҳолатлар белгиланиши керак бўлган чекловчи чораларни кўриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. 36-модда. Давлат назорати органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Давлат назорати органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга: ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, сотувчидан ва импорт қилувчидан мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг рўйхатдан ўтказиш рақами ҳақида ахборот тақдим этилишини, агар бундай ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши тегишли техник регламентда назарда тутилган бўлса, талаб қилиш; қонунчиликда белгиланган тартибда назорат тадбирларини амалга ошириш; техник регламентлар талабларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида ишлаб чиқарувчига, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилига, сотувчига ва импорт қилувчига кўрсатмалар бериш; мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш зарурлиги тўғрисидаги ахборотни сертификатни берган мувофиқликни баҳолаш органига ва махсус ваколатли давлат органига юбориш; мувофиқликни баҳолаш органига мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида, декларацияни қабул қилган шахсга мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида кўрсатма бериш ҳамда мувофиқлик сертификатининг, мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёхуд тугатиш ҳақида кўрсатма берилганлиги тўғрисидаги ахборотни аккредитация органига юбориш; ишлаб чиқарувчини, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилини, сотувчини ва импорт қилувчини ушбу Қонунда ҳамда қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликка тортиш; ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, сотувчидан ва импорт қилувчидан маҳсулотнинг техник регламент талабларига мувофиқлигини мажбурий тасдиқлашни амалга ошириш чоғида фойдаланилган далиллар ҳамда бошқа ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилиш; мувофиқлик сертификатининг, мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриш, тугатиш ҳақида қарор қабул қилиш; техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни муомалага чиқаришни тақиқлаш ёки тўхтатиб туриш, муомаладан чиқариш ёки чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳамда ушбу қарор ҳақида ўз ваколатларига мувофиқ тегишли давлат назорати органларини хабардор қилиш ва (ёки) ушбу маҳсулотдан фойдаланишни қоидабузарликлар бартараф этилгунига қадар тақиқлаш; қонунчиликда назарда тутилган бошқа чораларни зарар етказилишига йўл қўймаслик мақсадида қўллаш. Давлат назорати органлари: назорат тадбирлари давомида техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш бўйича тушунтириш ишларини амалга ошириши, мавжуд техник регламентлар ҳақида хабардор қилиши; тижорат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этмаслиги; қонунчиликда белгиланган назорат тадбирларини амалга ошириш ва бундай тадбирлар натижаларини расмийлаштириш тартибига риоя этиши; техник регламентлар талабларининг бузилишлари оқибатларини бартараф этиш юзасидан назорат тадбирлари натижаларига асосан чоралар кўриши; маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотни ишлаб чиқарувчига, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилига, сотувчига ва импорт қилувчига юбориши шарт. 37-модда. Давлат назорати органларининг ва улар мансабдор шахсларининг жавобгарлиги Давлат назорати органлари ва уларнинг мансабдор шахслари назорат тадбирлари ўтказилаётганда ўз ваколатларини (хизмат вазифаларини) бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ёки ғайриҳуқуқий ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этган тақдирда, белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Давлат назорати органлари айбдор бўлган ўз мансабдор шахсларига нисбатан кўрилган чоралар тўғрисида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тадбиркорлик субъектларига бир ой ичида хабар қилиши шарт. 38-модда. Маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборот Муомалага чиқарилган маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи ёки ижрочи мазкур ахборот олинган пайтдан эътиборан ўн кун ичида бу ҳақда давлат назорати органига хабар қилиши шарт. Муомалага чиқарилган маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотни олган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи ёки ижрочи уни ишлаб чиқарувчига ўн кун ичида етказиши шарт. Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи ёки ижрочи ҳисобланмайдиган ва муомалага чиқарилган маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган шахс ушбу ахборотни давлат назорати органига юборишга ҳақли. Давлат назорати органи муомалага чиқарилган маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотни олгач, ахборот келиб тушганлиги ҳақида ишлаб чиқарувчини, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилини, сотувчини, импорт қилувчини ёки ижрочини беш кун ичида хабардор қилиши шарт. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ эмас деб топилган маҳсулотлар реестридан маҳсулотни у мазкур реестрга киритилган кундан эътиборан олти ой ичида чиқариш, шунингдек мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ва импорт қилувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва эркин муомалага чиқариш тақиқланади. 39-модда. Маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ахборот олинган тақдирда ишлаб чиқарувчининг, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилининг, сотувчининг ва импорт қилувчининг мажбуриятлари Агар амалга ошириладиган тадбирлар мазмунидан узоқроқ муддатни белгилаш зарурати келиб чиқмаса, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборот олинган пайтдан эътиборан ўн кун ичида ушбу ахборотнинг ишончлилигини текшириши шарт. Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи мазкур текширув материалларини давлат назорати органининг талабига кўра ушбу органга тақдим этиши шарт. Маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотнинг ишончлилиги тасдиқланган тақдирда, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи зарар етказилишининг олдини олиш бўйича тадбирлар дастурини бундай ахборотнинг ишончлилиги тасдиқланган пайтдан эътиборан ўн кун ичида ишлаб чиқиши ва ушбу дастурни ўз ваколатларига мувофиқ давлат назорати органи билан келишиши шарт. Зарар етказилишининг олдини олиш бўйича тадбирлар дастури харидорларни (истеъмолчиларни) зарар етказилиши хавфи мавжудлиги ва уни бартараф этиш усуллари, шунингдек бундай тадбирларни амалга ошириш муддатлари тўғрисида хабардор қилишга доир тадбирларни ўз ичига олади. Агар зарар етказилишини бартараф этиш учун қўшимча харажатларни амалга ошириш зарур бўлса, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи зарар етказилишини бартараф этишга доир барча тадбирларни ўз ҳисобидан амалга ошириши шарт, уларни амалга ошириш мумкин бўлмаган тақдирда эса, маҳсулотнинг чақириб олиниши тўғрисида эълон қилиши ва харидорларга маҳсулот чақириб олиниши муносабати билан етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаши шарт. Маҳсулотнинг нуқсонларини бартараф этиш, шунингдек уни нуқсонлар бартараф этиладиган жойга етказиш ҳамда харидорларга ва (ёки) истеъмолчиларга қайтариш ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи томонидан ўз ҳисобидан амалга оширилади. Маҳсулотни муомаладан чиқариш сотувчилар томонидан ўз тасарруфидаги тегишли маҳсулотнинг ушбу маҳсулотни ишлаб чиқарувчига қайтарилишини ва харидорларга (истеъмолчиларга) бундай маҳсулотни таклиф этиш тугатилишини назарда тутади. Маҳсулотни чақириб олиш харидорларга (истеъмолчиларга) сотиб бўлинган тегишли маҳсулотнинг уни ишлаб чиқарувчига қайтарилишини назарда тутади. Агар зарар етказилиши хавфини белгиланган тадбирларни амалга ошириш орқали бартараф этиш мумкин бўлмаса, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва реализация қилишни дарҳол тўхтатиши, маҳсулотни чақириб олиши ҳамда маҳсулот чақириб олиниши муносабати билан юзага келган зарарларнинг ўрнини харидорларга (истеъмолчиларга) қоплаши, маҳсулотга доир мувофиқлик тўғрисидаги сертификатнинг ёки мувофиқлик ҳақидаги декларациянинг амал қилишини дарҳол тугатиши шарт. Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурининг бутун амалга оширилиш даврида харидорларга (истеъмолчиларга) зарур ҳаракатлар тўғрисида тезкор ахборот олиш имкониятини ўз ҳисобидан таъминлаши шарт. 40-модда. Маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ахборот олинган тақдирда давлат назорати органларининг ҳаракатлари Маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ахборот олинган тақдирда давлат назорати органлари олинган ахборотнинг ишончлилигини текширишни мумкин қадар қисқа муддатларда амалга оширади. Олинган ахборотнинг ишончлилигини текширишни амалга ошириш чоғида давлат назорати органлари: маҳсулот тўғрисидаги ёки маҳсулотга доир талаблар билан боғлиқ бўлган маҳсулотни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, монтаж қилиш, ишга тушириш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш, ташиш, реализация ҳамда утилизация қилиш жараёнлари тўғрисидаги қўшимча ахборотни, шу жумладан мажбурий мувофиқликни тасдиқлашни амалга ошириш чоғида ўтказилган тадқиқотлар (синаш) ва ўлчаш натижаларини ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, ижрочидан, сотувчидан, импорт қилувчидан ва бошқа шахслардан сўраб олишга; давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига сўровлар юборишга; зарур бўлганда, мутахассисларни олинган материалларни таҳлил қилиш учун жалб этишга; ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, сотувчидан, импорт қилувчидан маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини мажбурий равишда тасдиқлашни амалга ошириш чоғида фойдаланилган далилларни ва бошқа ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли. Маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотнинг ишончлилиги тасдиқланган тақдирда, давлат назорати органи ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи томонидан зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурини ўн кун ичида ишлаб чиқиш ҳақида ўз ваколатларига мувофиқ кўрсатма беради, уни бажаришга кўмаклашади ва унинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади. Давлат назорати органи зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш чоғида: зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари ва тартиби тўғрисидаги ахборотни тарқатишга кўмаклашади; ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, сотувчидан, импорт қилувчидан ва бошқа шахслардан зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурида кўрсатилган тадбирлар амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб олади; зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурида кўрсатилган муддатларга риоя этилишини текширади. Техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулотдан фойдаланиш чоғида фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилишини ёхуд шундай зарар етказилиши хавфини бартараф этиш бўйича зудлик билан чоралар кўриш зарур бўлган тақдирда, давлат назорати органи: ушбу маҳсулотнинг реализация қилинишини тўхтатиб туриш тўғрисида кўрсатма беради; бу маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги ва ушбу маҳсулотдан фойдаланиш чоғида фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказилиши хавфи тўғрисида харидорларни (истеъмолчиларни) оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилади; ушбу маҳсулотни мажбурий равишда чақириб олиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳақида қарор қабул қилади. Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи давлат назорати органининг ҳаракатлари устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли. Давлат назорати органи ҳаракатларининг ғайриқонунийлиги тўғрисида суд қарори қабул қилинган тақдирда, давлат назорати органининг ҳаракатлари туфайли ишлаб чиқарувчига, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилига, сотувчига, импорт қилувчига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши лозим. 41-модда. Маҳсулотни мажбурий равишда чақириб олиш Ушбу Қонунда назарда тутилган кўрсатма бажарилмаган тақдирда, давлат назорати органи ўз ваколатларига мувофиқ, шунингдек зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастури ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи томонидан бажарилмаганлиги ҳақида ўзига маълум бўлиб қолган бошқа шахслар маҳсулотни мажбурий равишда чақириб олиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Маҳсулотни мажбурий равишда чақириб олиш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилган тақдирда, суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай жавобгар томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқача усулда харидорлар (истеъмолчилар) эътиборига етказилади. Жавобгар суднинг қарорини суд томонидан белгиланган муддатда бажармаган тақдирда, суднинг қарорини бажариш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда даъвогар маҳсулотнинг мажбурий равишда чақириб олиниши тўғрисида харидорларни (истеъмолчиларни) оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқача усулда хабардор қилишга ҳақли. 6-боб. Ишлаб чиқарувчининг, сотувчининг, импорт қилувчининг мажбуриятлари 42-модда. Ишлаб чиқарувчининг мажбуриятлари Ишлаб чиқарувчилар: хавфсиз маҳсулотни муомалага чиқариши; мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилининг амалга оширилишини техник регламентга мувофиқ таъминлаши; техник ҳужжатларни тузиши ва муайян вақт давомида уларни сақлаши; мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни техник регламентга мувофиқ тузиши ва тақдим этиши ҳамда уни кўрсатилган вақт давомида сақлаши; агар техник регламентда назарда тутилган бўлса, ушбу Қонун талабларига биноан мувофиқлик белгисини қўйиши шарт. Ишлаб чиқарувчи маҳсулотга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ маҳсулотни идентификация қилиш имконини берувчи туркум ёки серия рақамини қўйиши шарт. Агар маҳсулотнинг ўлчами ёки бошқа хусусиятлари туфайли ишлаб чиқарувчи туркум ёки серия рақамини қўя олмаса, у ўровда ёки маҳсулотга илова қилинадиган ҳужжатларда кўрсатилиши керак. Ишлаб чиқарувчининг айрим мажбуриятлари шартномага мувофиқ ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили зиммасига юклатилиши мумкин. Ишлаб чиқарувчининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин. 43-модда. Сотувчининг мажбуриятлари Сотувчи: маҳсулотга техник регламентга мувофиқ мувофиқлик белгиси қўйилганлигини текшириши; техник регламентга мувофиқ давлат тилидаги қўшимча ҳужжатлар ва маҳсулот хавфсизлиги тўғрисидаги ахборот мавжудлигини текшириши; сақлаш ва транспортда ташиш шарт-шароитлари маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини хавф остига қўймаслигини маҳсулот реализация қилингунига қадар кафолатлаши шарт. Агар сотувчи маҳсулот техник регламентлар талабларига жавоб бермайди деб ҳисобласа, у маҳсулотни техник регламент талабларига мувофиқлаштириш мақсадида тузатиш чораларини кўриши шарт. Агар кўрилган тузатиш чораларидан кейин маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги бартараф этилмаса, сотувчи ишлаб чиқарувчини, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилини ёки импорт қилувчини, шунингдек давлат назорати органларини бу ҳақда хабардор қилиши шарт. 44-модда. Импорт қилувчининг мажбуриятлари Импорт қилувчи: техник регламент талабларига жавоб берадиган маҳсулотни бозорда жойлаштириши; маҳсулотни муомалага чиқаришда ишлаб чиқарувчи назарда тутилган мувофиқликни тасдиқлаш тартиб-таомилини амалга оширганлигини, техник ҳужжатларни ишлаб чиққанлигини, техник регламент талабларига мувофиқ маҳсулотга мувофиқлик белгисини қўйганлигини кафолатлаши; маҳсулотнинг техник регламент талабларига мувофиқ эмаслигини бартараф этиш учун сақлаш ёки транспортда ташиш шарт-шароитларини назорат қилиши шарт. Агар импорт қилувчи маҳсулот техник регламент талабларига жавоб бермайди деб ҳисобласа, у маҳсулот бозорга жойлаштирилгунига қадар унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тузатиш чораларини кўриши шарт. Агар кўрилган тузатиш чораларидан кейин маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги бартараф этилмаса, импорт қилувчи бу ҳақда ишлаб чиқарувчини ва давлат назорати органларини хабардор қилиши шарт. 45-модда. Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизими Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисида ахборот алмашиш мақсадида давлат назорати органлари ўртасида юқори хавф туғдирадиган маҳсулот ҳақида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизими яратилади ва фаолият кўрсатади. Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизими давлат назорати органлари юқори хавф туғдирадиган маҳсулотни аниқлаган тақдирда, улар томонидан тақдим этиладиган хабарлардан шакллантирилади. Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисидаги хабар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак: тегишли маҳсулотни идентификация қилиш имконини берувчи маълумотларни; маҳсулот келтириб чиқарадиган хавфнинг тавсифини, бундай маҳсулот намуналарини синаш натижасини; хавфни бартараф этиш учун кўрилган чораларнинг (агар бундай чоралар кўрилган бўлса), шу жумладан ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ва (ёки) импорт қилувчи томонидан ўз ташаббусига кўра кўрилган чораларнинг хусусияти ва давомийлиги тўғрисидаги ахборотни; ушбу маҳсулотнинг келиб чиқиши ва бозорга етказиб берилиши занжири ҳақидаги ахборотни; халқаро, минтақавий ва чет эл хабар қилиш тизимлари ёрдамида ёки бошқа давлатларнинг ваколатли органларидан бошқача тарзда олинган маълумотларни. Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизимидаги маълумотлар давлат назорати органлари, божхона органлари, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назорати соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари фойдаланиши учун очиқ бўлиши керак. Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот ҳақида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизимининг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. 7-боб. Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик 46-модда. Қонунчиликда ва техник регламентда белгиланган мажбурий талабларга риоя этилмаган тақдирда ишлаб чиқарувчининг, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилининг, сотувчининг, импорт қилувчининг жавобгарлиги Белгиланган тартибда огоҳлантириш олганидан кейин техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликни давом эттирганлик ёки бартараф этмаганлик учун жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилади. Белгиланган тартибда огоҳлантириш олганидан кейин техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликни давом эттирганлик ёки бартараф этмаганлик учун юридик шахсларга нисбатан ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади. Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи томонидан қонунчиликда ва техник регламентда маҳсулотга доир назарда тутилган мажбурий талабларга риоя этилмаган тақдирда, уларга нисбатан: ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда — мажбурий талабларга мувофиқ бўлмаган, реализация қилинган маҳсулот қийматининг эллик фоизигача миқдорда жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади; худди шундай ҳуқуқбузарлик ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилган кундан эътиборан бир йил давомида такроран содир этилганда — мажбурий талабларга мувофиқ бўлмаган, реализация қилинган маҳсулот қийматининг юз фоизигача миқдорда жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган жарима тарзидаги молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади, бундан маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакиллари, сотувчилар ёки импорт қилувчилар содир этилган ҳуқуқбузарликда айбдорлигини тан олган ва молиявий санкциялар суммаси бир ой муддатда ихтиёрий равишда тўланган ҳоллар мустасно. Техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотнинг камида етмиш фоизини қонунчиликда белгиланган тартибда чақириб олган ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган молиявий санкциялардан озод қилинади. (46-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 17 октябрдаги ЎРҚ-1088-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.10.2025 й., 03/25/1088/0948-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 19 январь) Ундирилган жарима суммасининг эллик фоизи Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига, қолган қисми эса Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади. Агар маҳсулотга, уни ишлаб чиқариш жараёнларига ёки усулларига нисбатан қонунчиликда ва техник регламентда белгиланган мажбурий талабларга ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи томонидан риоя этилмаганлиги натижасида фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига, жисмоний ёки юридик шахсларнинг мол-мулкига, давлат мулкига, атроф-муҳитга, ҳайвонларга ёки ўсимликларга зарар етказилса ёки шундай зарар етказилиши хавфи юзага келса, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи, ижрочи етказилган зарарнинг ўрнини қонунчиликка мувофиқ қоплаши ҳамда бошқа шахсларга, уларнинг мол-мулкига, атроф-муҳитга зарар етказилишига йўл қўймаслик мақсадида чоралар кўриши шарт. Зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти шартнома ёки тарафлардан бирининг аризаси билан чекланиши мумкин эмас. Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун жарима тарзидаги молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги қарор устидан ушбу Қонунга мувофиқ шикоят қилиниши мумкин. Жаримани тўлаш юридик шахсларни маҳсулот харидорларига (истеъмолчиларига) етказилган зарар учун жавобгарликдан озод этмайди. 47-модда. Мувофиқликни баҳолаш органларининг жавобгарлиги Мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузган мувофиқликни баҳолаш органи ва унинг мансабдор шахслари қонунга ҳамда сертификатлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ жавобгар бўлади. (47-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 17 октябрдаги ЎРҚ-1088-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.10.2025 й., 03/25/1088/0948-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 19 январь) Аккредитация қилинган синаш лабораториялари (марказлари) тадқиқотларнинг (синашнинг) ва ўлчаш натижаларининг ишончсизлиги ёки нотўғрилиги учун қонунга ҳамда шартномага мувофиқ жавобгар бўлади. Мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолларда ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги тўғрисида давлат назорати органларининг мансабдор шахслари томонидан баённома тузилади, баённома маъмурий жазони ва жарима тарзидаги молиявий санкцияларни қўллаш учун асос бўлиб, раҳбарнинг, бошқа масъул мансабдор шахсларнинг тушунтиришлари ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги билан боғлиқ ҳужжатлар билан бирга уч иш куни ичида судга топширилади. Ҳуқуқбузарликлар учун жарима тарзидаги молиявий санкциялар миқдори ҳуқуқбузарликнинг хавф даражасига ва давомийлигига қараб қуйидагича белгиланади: маҳсулотнинг мувофиқлиги нотўғри декларация қилинганлиги, мувофиқлиги тасдиқланиши шарт бўлган, илк бор муомалага чиқарилаётган маҳсулотнинг мувофиқлиги нотўғри декларация қилинганлиги ёки стандартлар мавжуд эмаслиги натижасида ёки ушбу маҳсулотга нисбатан техник регламентлар талаблари қўлланилганлиги учун мавжуд стандартларни қўллаб бўлмаслиги натижасида маҳсулот шахсий далиллар асосида нотўғри декларация қилинганлиги аниқланганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар; мувофиқлик сертификатини беришни асоссиз равишда рад этганлик, мувофиқлик сертификатининг ёхуд мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини асоссиз равишда тўхтатиб турганлик ёки тугатганлик учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар; сертификатлаштириш ишларини бажаришда белгиланган тартиб-таомиллар бузилган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар; синаш лабораторияси томонидан маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш мақсадида амалга оширилган синаш натижаларининг нотўғри тақдим этилганлиги ва холисликни таъминламаслиги аниқланганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар. Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун жарима тарзидаги молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин. Жарима тарзидаги молиявий санкцияларни тўлаш юридик шахсни маҳсулот истеъмолчиларига етказилган зарар учун жавобгарликдан озод этмайди. 8-боб. Якунловчи қоидалар 48-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишларни молиялаштириш Техник регламентларни ишлаб чиқишни, қайта кўриб чиқишни, техник регламентларни қўллашга доир услубий тавсияларни ишлаб чиқишни, давлат назоратини амалга оширишни, шунингдек ваколатли давлат органларининг стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этишини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурида назарда тутилмаган техник регламентларни ишлаб чиқишга оид ишларни бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга йўл қўйилмайди. 49-модда. Низоларни ҳал этиш Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади. 50-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилсин: 1. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган «Метрология тўғрисида»ги 1004-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 7 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-614-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 4, 254-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) 28-моддасига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин: биринчи қисмдаги «техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг» деган сўзлар «ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилсин; иккинчи қисмдаги «техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг» деган сўзлар «ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилсин. 2. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 221-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 5-6, 59-модда; 2002 йил, № 4-5, 74-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 413-модда; 2006 йил, № 10, 536-модда; 2008 йил, № 4, 183-модда; 2010 йил, № 10, 380-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 1-модда; 2019 йил, № 12, 891-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 1, 4-модда) 1-моддасининг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «норматив ҳужжатлар — техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда бошқа ҳужжатлар (шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, давлат фармакопеяси ҳамда фармакопея мақолалари), техник тавсифлар, рецептуралар, шунингдек товарнинг (ишнинг, хизматнинг) сифатига ва хавфсизлигига доир мажбурий талабларни ўз ичига олган бошқа ҳужжатлар». Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин: 1) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги 1006-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, № 2, 50-модда); 2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги 1007-XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, № 2, 51-модда); 3) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 31 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 125-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, № 7-8, 217-модда.) IV бўлими; 4) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 482-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 5, 67-модда) IX бўлими; 5) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 6 апрелда қабул қилинган «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-31-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 157-модда) 1-моддаси; 6) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 10, 536-модда) 6-моддаси; 7) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 23 апрелда қабул қилинган «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги ЎРҚ-213-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 4, 140-модда); 8) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 4 октябрда қабул қилинган «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги ЎРҚ-354-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 10, 262-модда); 9) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-355-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 10, 263-модда) 6-моддаси; 10) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-381-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 12, 343-модда) 5-моддаси; 11) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, № 8, 312-модда) 43-моддаси; 12) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-401-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 1, 2-модда) 1-моддаси; 13) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-405-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 4, 125-модда) 22-моддаси; 14) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-416-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 12, 383-модда) 20 ва 24-моддалари; 15) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-436-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 6, 300-модда) 32-моддаси; 16) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-446-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 9, 510-модда) 68 ва 72-моддалари; 17) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 24 декабрда қабул қилинган «Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-597-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 12, 891-модда) 15 ва 18-моддалари; 18) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-666-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 1, 13-модда) 9-моддаси; 19) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 38, 194 ва 219-моддалари. 51-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин. 52-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин; давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин. 53-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ Тошкент ш., 2023 йил 27 февраль, ЎРҚ-819-сон (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.02.2023 й., 03/23/819/0113-сон; 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон; 18.10.2025 й., 03/25/1088/0948-сон) |
Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisida Qonunchilik palatasi tomonidan 2022-yil 15-iyulda qabul qilingan Senat tomonidan 2022-yil 27-dekabrda maʼqullangan 1-bob. Umumiy qoidalar 1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi Ushbu Qonunning maqsadi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat. 2-modda. Ushbu Qonunning qoʻllanilish sohasi Ushbu Qonunning amal qilishi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi texnik reglamentlarni ishlab chiqish, qabul qilish va qoʻllash, muvofiqlikni baholash hamda davlat nazoratini amalga oshirish chogʻida yuzaga keladigan munosabatlarga nisbatan tatbiq etiladi. Ushbu Qonunning amal qilishi: sanitariya, fitosanitariya va veterinariya choralari; mehnatni muhofaza qilish sohasidagi choralar; buxgalteriya hisobi standartlari; qimmatli qogʻozlar emissiyasi standartlari va qimmatli qogʻozlar emissiyasi risolalari, baholash faoliyati standartlari; tibbiy yordam standartlari; davlat taʼlim standartlari bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi. 3-modda. Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisidagi qonunchilik Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir. Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Oʻzbekiston Respublikasining texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisidagi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi. 4-modda. Asosiy tushunchalar Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi: arizachi — muvofiqlikni baholashni amalga oshirish uchun mahsulot taqdim etgan jismoniy yoki yuridik shaxs; davlat nazorati organi — texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazoratini amalga oshirishga vakolatli boʻlgan davlat boshqaruvi organi; ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili — ishlab chiqaruvchi (chet el ishlab chiqaruvchisi) bilan tuzilgan shartnoma asosida Oʻzbekiston Respublikasi hududida mahsulotning muvofiqligini baholashda va uni muomalaga chiqarishda ushbu ishlab chiqaruvchi nomidan harakatlarni amalga oshiradigan tadbirkorlik subyekti; mahsulot — faoliyatning moddiy-ashyoviy shaklda taqdim etilgan va xoʻjalik maqsadida hamda boshqa maqsadlarda foydalanish uchun moʻljallangan natijasi; mahsulotni muomalaga chiqarish — tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish doirasida mahsulotni Oʻzbekiston Respublikasi hududida tarqatish maqsadida yetkazib berish (realizatsiya qilish) yoki olib kirish (ishlab chiqaruvchining omboridan joʻnatish yoki omborga joylamasdan yuklab joʻnatish); muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya — ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi yoki import qiluvchi muomalaga chiqariladigan mahsulotning texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini tasdiqlaydigan hujjat; muvofiqlikni deklaratsiyalash — mahsulotning texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini majburiy ravishda tasdiqlash shakli; savdodagi texnik toʻsiq — mahsulot kelib chiqqan mamlakatga (joyga) qarab mahsulotga va muvofiqlikni baholash tartib-taomillariga doir majburiy talablarning turlicha qoʻllanilishi oqibatida mamlakatlar oʻrtasidagi savdoda yuzaga keladigan toʻsiq; sinash laboratoriyasi — sinashni amalga oshiruvchi yuridik shaxs yoki uning tarkibiy boʻlinmasi; sotuvchi — mahsulotni realizatsiya qiladigan, Oʻzbekiston Respublikasining rezidenti boʻlgan tadbirkorlik subyekti; texnik jihatdan tartibga solish — mahsulotning xavfsizligiga, uni ishlab chiqarish jarayonlariga va usullariga doir talablarni belgilash, qoʻllash hamda bajarish, shuningdek ularga rioya etilishini muvofiqlikni baholash va davlat nazoratini amalga oshirish orqali tekshirish; texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar — texnik reglamentlar va standartlar; texnik reglament — mahsulot xavfsizligining qoʻllanilishi majburiy boʻlgan tavsiflari yoki ular bilan bogʻliq boʻlgan ishlab chiqarish jarayonlari va usullari, qoidalar belgilangan hujjat; xizmat — jismoniy va yuridik shaxslarning ehtiyojlarini qanoatlantirishga qaratilgan, natijalari ashyoviy shaklga ega boʻlmagan faoliyat. 5-modda. Texnik jihatdan tartibga solishning asosiy prinsiplari Texnik jihatdan tartibga solishning asosiy prinsiplari quyidagilardan iborat: texnik reglamentlarni qoʻllashning birligi; texnik jihatdan tartibga solish sohasida tadbirkorlik subyektlarining kamsitilishiga va insofsiz raqobatga yoʻl qoʻyilmasligi; texnik jihatdan tartibga solishning hamda muvofiqlikni baholashning birligi va yaxlitligi; muvofiqlikni baholash organlarining ishlab chiqaruvchilardan, sotuvchilardan va xaridorlardan (isteʼmolchilardan) mustaqilligi; muvofiqlikni majburiy baholash tartib-taomillarini amalga oshirishda sinash hamda oʻlchash qoidalarining va usullarining birligi; davlat nazoratiga va muvofiqlikni baholashga doir vakolatlarning bir organ tomonidan birga qoʻshib bajarilishiga yoʻl qoʻyilmasligi; ikki va undan ortiq davlat nazorati organida ayni bir vakolatlarning takrorlanishiga yoʻl qoʻyilmasligi. 2-bob. Texnik jihatdan tartibga solish sohasini davlat tomonidan tartibga solish 6-modda. Texnik jihatdan tartibga solish davlat tizimi Texnik jihatdan tartibga solish davlat tizimini quyidagilar tashkil etadi: Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi; Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi; texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi vakolatli davlat boshqaruvi organlari; texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi faoliyatni amalga oshiruvchi davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari; standartlashtirish boʻyicha milliy organ; akkreditatsiya organi; texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyalari; muvofiqlikni baholash organlari, sinash laboratoriyalari. 7-modda. Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi davlat siyosatining asosiy yoʻnalishlari Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi davlat siyosatining asosiy yoʻnalishlari quyidagilardan iborat: texnik jihatdan tartibga solishning iqtisodiyotni, moddiy-texnika bazasini rivojlantirish darajasiga, shuningdek ilmiy-texnik jihatdan rivojlantirish darajasiga muvofiqligini taʼminlash; mazkur sohani rivojlantirish dasturlarini ishlab chiqish va amalga oshirish; mazkur sohani xalqaro (mintaqaviy) standartlar bilan uygʻunlashtirish; ilgʻor innovatsion va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish; kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini takomillashtirish; xalqaro hamkorlikni rivojlantirish. 8-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi vakolatlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi: texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi vakolatli davlat boshqaruvi organlarini belgilaydi va ularning faoliyatini muvofiqlashtiradi; davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlarining muvofiqlikni baholashga doir faoliyatini muvofiqlashtiradi; texnik reglamentlarni ishlab chiqish dasturini tasdiqlaydi; texnik reglamentlarni tasdiqlaydi, ularga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritadi, shuningdek mazkur reglamentlarni bekor qiladi; muvofiqlikni baholash organini tayinlovchi (notifikatsiya qiluvchi) organni belgilaydi, uning faoliyati sohasini va vazifalarini tasdiqlaydi; axborot markazini tashkil etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi, texnik reglamentlar, standartlar, muvofiqlikni baholash tartib-taomillari toʻgʻrisida xabardor qilish tartibini belgilaydi; Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida amalga oshirilgan muvofiqlikni baholash natijalarining Oʻzbekiston Respublikasida tan olinishi tartibini tasdiqlaydi; majburiy davlat roʻyxatidan oʻtkazilishi lozim boʻlgan, xavf darajasi yuqori boʻlgan mahsulotlar roʻyxatini tasdiqlaydi; muvofiqlikni baholash qoidalarini, muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyalarni roʻyxatdan oʻtkazish, ularning amal qilishini toʻxtatib turish, qayta tiklash, tugatish tartibini belgilaydi; texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyalarining faoliyat yuritish tartibini belgilaydi; davlat nazorati organlarining vakolatlarini, ularning davlat nazoratiga doir faoliyatini muvofiqlashtirish tartibini, shuningdek davlat nazorati organlarining akkreditatsiya organi bilan hamkorligi tartibini tasdiqlaydi; tegishli cheklovchi choralarni koʻrish tartibini, xavfni baholash mezonlarini tasdiqlaydi; yuqori xavf tugʻdiradigan mahsulot toʻgʻrisida tezkor ravishda oʻzaro xabar berish tizimining faoliyat koʻrsatish tartibini tasdiqlaydi. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin. 9-modda. Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi vakolatlari Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi maxsus vakolatli davlat organidir (bundan buyon matnda maxsus vakolatli davlat organi deb yuritiladi). Maxsus vakolatli davlat organi: texnik reglamentlarni ishlab chiqish dasturlarining loyihalari yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga umumlashtirilgan takliflar kiritadi; davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlarining texnik reglamentlarni ishlab chiqishga doir faoliyatini muvofiqlashtiradi; texnik reglamentlarni tasdiqlash, ularga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek mazkur reglamentlarni bekor qilish toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritadi; texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyasini tashkil etadi; davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari tomonidan ishlab chiqilgan tegishli texnik reglamentlarni ekspertizadan oʻtkazadi; texnik reglamentlar talablariga rioya etilishini taʼminlaydigan hamda texnik reglamentlarda belgilangan mahsulotning muvofiqligini baholash uchun zarur boʻlgan, namunalar olish, sinash va oʻlchash usullarini belgilaydigan standartlar roʻyxatlarini tasdiqlaydi; majburiy davlat roʻyxatidan oʻtkazilishi lozim boʻlgan, xavf darajasi yuqori boʻlgan mahsulotlar roʻyxatini shakllantiradi, shuningdek mazkur mahsulotlarning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlaydi; xalqaro (mintaqaviy) standartlarning hamda texnik reglamentlarning vazirliklar va idoralar tomonidan joriy etilishini muvofiqlashtirishni amalga oshiradi; (9-modda ikkinchi qismining toʻqqizinchi xatboshisi Oʻzbekiston Respublikasining 2023-yil 28-noyabrdagi OʻRQ-880-sonli Qonuni tahririda — Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.11.2023-y., 03/23/880/0905-son) texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazoratini amalga oshiradi; texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarning majburiy talablarini buzganlikda aybdor boʻlgan ishlab chiqaruvchilarga, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakiliga, sotuvchilarga, import qiluvchilarga yoki ijrochilarga nisbatan moliyaviy sanksiyalarni qoʻllash yuzasidan sudga murojaat qiladi; texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq emas deb topilgan mahsulotlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar reyestrini yuritadi; muvofiqlik sertifikatlarining va muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyalarning reyestrini yuritadi; mahsulotning, uni ishlab chiqarish jarayonlarining yoki usullarining texnik reglamentlar talablariga muvofiqligi prezumpsiyasini taʼminlaydigan standartlar roʻyxatini tasdiqlaydi; texnik reglamentlarni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalarni tasdiqlaydi; texnik reglamentlarning maʼlumotlar bazasini shakllantiradi va yuritadi; Oʻzbekiston Respublikasining muvofiqlikni baholash natijalarini oʻzaro tan olish toʻgʻrisidagi va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi boshqa masalalarga doir xalqaro shartnomalarini tuzish boʻyicha takliflar tayyorlaydi; texnik jihatdan tartibga solish sohasida xalqaro hamkorlikni amalga oshiradi. Maxsus vakolatli davlat organi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin. 10-modda. Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi vakolatli davlat boshqaruvi organlari Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi vakolatli davlat boshqaruvi organlari (bundan buyon matnda vakolatli davlat boshqaruvi organlari deb yuritiladi) oʻz vakolatlari doirasida: maxsus vakolatli davlat organiga texnik reglamentlarni ishlab chiqish dasturlarining loyihalari boʻyicha takliflar kiritadi; texnik reglamentlarning ishlab chiqilishini taʼminlaydi; texnik reglamentlarni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalar ishlab chiqilishini taʼminlaydi va ularni belgilangan tartibda tasdiqlaydi; texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyalarini tashkil etadi; davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari tomonidan ishlab chiqilgan texnik reglamentlarni ekspertizadan oʻtkazadi; texnik reglamentlarga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek mazkur reglamentlarni bekor qilish boʻyicha takliflar tayyorlaydi; texnik reglamentlar talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazoratini amalga oshiradi; texnik reglamentlarning maʼlumotlar bazasini shakllantirishda ishtirok etadi; texnik jihatdan tartibga solish sohasida xalqaro hamkorlikni amalga oshiradi. Vakolatli davlat boshqaruvi organlari qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin. 11-modda. Davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlarining texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi vakolatlari Davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari oʻz vakolatlari doirasida: maxsus vakolatli davlat organiga texnik reglamentlarni ishlab chiqish dasturlarining loyihalari boʻyicha takliflar kiritadi; texnik reglamentlar va ularni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalar ishlab chiqilishini amalga oshiradi; texnik reglamentlarga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida, shuningdek mazkur reglamentlarni bekor qilish haqida takliflar tayyorlaydi; texnik reglamentlarning maʼlumotlar bazasini shakllantirishda ishtirok etadi; texnik reglamentlarga rioya etilishi ustidan nazoratni qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiradi. Davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin. 12-modda. Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyalari Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyalari maxsus vakolatli davlat organi va vakolatli davlat boshqaruvi organlari huzurida shakllantiriladi. Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyasining tarkibiga davlat organlarining, iqtisodiyotning tegishli tarmoqlaridagi tadbirkorlik subyektlarining vakillari, ilmiy-tadqiqot institutlarining, laboratoriyalarning mutaxassislari, shuningdek texnik reglamentlar ekspertizasi uchun zarur boʻlgan boshqa mutaxassislar kiradi. Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyalari texnik reglamentlar loyihalarini, ularga doir oʻzgartish va qoʻshimchalarni ekspertizadan oʻtkazadi, shuningdek amaldagi texnik reglamentlarni bekor qilish boʻyicha takliflar hamda ularga oid xulosalar tayyorlaydi. Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyalarining faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda amalga oshiriladi. 3-bob. Texnik reglamentlar 13-modda. Texnik reglamentlarning maqsadlari Texnik reglamentlar quyidagi maqsadlarda qabul qilinadi: mahsulot xavfsizligi talablarini belgilash orqali fuqarolarning hayotini yoki sogʻligʻini muhofaza qilish; atrof-muhitni, hayvonot va oʻsimlik dunyosini muhofaza qilish; xaridorlarni (isteʼmolchilarni) chalgʻitadigan harakatlarning oldini olish; energiya jihatdan samaradorlikni va tabiiy resurslardan oqilona foydalanishni taʼminlash; savdodagi texnik toʻsiqlarni bartaraf etish; ichki va tashqi bozorlarda mahsulotning raqobatbardoshliligini oshirish. 14-modda. Texnik reglamentlarning mazmuni Texnik reglamentlarda mahsulotning zarar yetkazish xavfi va xatari darajasi hisobga olingan holda: biologik xavfsizlikni; mexanik xavfsizlikni; kimyoviy xavfsizlikni; yadroviy va radiatsiyaviy xavfsizlikni; yongʻin xavfsizligini; elektr xavfsizligini; mashinalarni va asbob-uskunalarni ishlatish (ulardan foydalanish) hamda utilizatsiya qilish xavfsizligini; elektromagnit mosligini; ekologik xavfsizlikni; sanoat va ishlab chiqarish xavfsizligini; portlash xavfsizligini; axborot xavfsizligini; sinash va oʻlchash usullarining birligini taʼminlovchi talablar, shuningdek mahsulot xavfsizligini taʼminlashga doir boshqa talablar belgilanishi mumkin. Texnik reglamentlar quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak: qaysi mahsulotlarga nisbatan xavfsizlik talablari belgilanayotgan boʻlsa, oʻsha mahsulotlarning toʻliq roʻyxatini; xavf darajasi hisobga olingan holda aniqlanadigan muvofiqlikni baholash qoidalari, shakllari va tartib-taomillarini. Texnik reglamentlar muvofiqlikni tasdiqlash sxemalarini, berilgan muvofiqlik sertifikatining amal qilish muddatini uzaytirish tartibini, atamalarga, oʻrovga, tamgʻalashga yoki yorliqlarga doir talablarni va ularni qoʻllash qoidalarini oʻz ichiga olishi mumkin. Texnik reglamentlarda mahsulotning konstruksiyasiga va bajarilishiga doir talablar boʻlmasligi kerak, bundan mahsulotning konstruksiyasiga va bajarilishiga nisbatan insonning hayotiga va sogʻligʻiga zarar yetkazilishi xavfi darajasi hisobga olingan holdagi talablar mavjud emasligi sababli mahsulot xavfsizligi taʼminlanmaydigan hollar mustasno. Texnik reglamentlarda xaridorlarni (isteʼmolchilarni) ehtimol tutilgan zarar toʻgʻrisida hamda insonning hayoti va sogʻligʻiga, atrof-muhitga, hayvonot va oʻsimlik dunyosiga zarar yetkazilishi xavfi qaysi omillarga bogʻliq boʻlsa, oʻsha omillar haqida xabardor qilishga taalluqli talablar mavjud boʻlishi mumkin. Texnik reglamentlarda mahsulot xavfsizligiga doir quyidagi maxsus talablar boʻlishi mumkin: qonunchilikda belgilangan ayrim toifadagi fuqarolarning hayoti va sogʻligʻini muhofaza qilishga doir talablar; tabiiy hamda texnogen xususiyatga ega favqulodda vaziyatlarda insonning hayoti va sogʻligʻini saqlashga, atrof-muhitga yetkaziladigan zararni hamda moddiy zararni kamaytirishga doir talablar, shuningdek jismoniy va yuridik shaxslarning mol-mulkiga, davlat mulkiga tahdid soluvchi transchegaraviy xavfli ishlab chiqarish obyektlariga taalluqli talablar. Davlat sirlarini va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan texnik reglamentlar qonunchilikda belgilangan tartibda ishlab chiqiladi hamda qabul qilinadi. Texnik reglamentlar tugal boʻlib, Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida toʻgʻridan-toʻgʻri amal qiladi hamda faqat ularga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish yoʻli bilan oʻzgartirilishi hamda toʻldirilishi mumkin. 15-modda. Texnik reglamentlarni ishlab chiqish va qabul qilish tartibi Texnik reglamentlar texnik reglamentlarni ishlab chiqishning tasdiqlangan dasturiga muvofiq ishlab chiqiladi. Xalqaro (mintaqaviy) standartlardan texnik reglamentlar loyihalarini ishlab chiqishda toʻliq yoki qisman asos sifatida foydalanilishi kerak, bundan xalqaro (mintaqaviy) standartlar yoki ularning boʻlimlari texnik reglamentlarning ushbu Qonunning 13-moddasida belgilangan maqsadlariga erishish uchun samarasiz yoxud nomuvofiq boʻlgan hollar, shu jumladan iqlimga oid va geografik oʻziga xos xususiyatlar tufayli samarasiz yoki nomuvofiq boʻlgan hollar mustasno. Xalqaro (mintaqaviy) standartlar bilan uygʻunlashtirilgan milliy standartlardan texnik reglamentlar loyihalarini ishlab chiqishda toʻliq yoki qisman foydalanilishi ham mumkin. Texnik reglamentlar talablari ushbu Qonunning 13-moddasida belgilangan texnik reglament maqsadlariga nisbatan koʻproq texnik toʻsiqlarni yuzaga keltirmasligi kerak. Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar oʻz rasmiy veb-saytlarida texnik reglamentlar ishlab chiqilishi toʻgʻrisidagi xabarlarni ushbu reglamentlar ishlab chiqilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kunidan kechiktirmay eʼlon qiladi va manfaatdor taraflarni bu haqda xabardor qiladi. Agar texnik reglamentlarni ishlab chiqish yoki texnik reglamentlarga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish mahsulotning importiga yoki eksportiga sezilarli taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlsa hamda Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan chet davlatlar bilan ikki tomonlama yoxud koʻp tomonlama shartnomalar tuzilgan boʻlsa, texnik reglamentlarni ishlab chiquvchi organ texnik reglamentlarni ishlab chiqish sabablarini ushbu davlatlarning soʻroviga koʻra tushuntirib berishi kerak. Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar texnik reglament loyihasi rasmiy veb-saytda joylashtirilgan kundan eʼtiboran ikki oy ichida uning muhokama qilinishini taʼminlaydi. Texnik reglamentni ishlab chiquvchi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyasining xulosasi olinganidan keyin texnik reglament loyihasini Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga tasdiqlash uchun kiritadi. Texnik reglamentlar rasmiy eʼlon qilingan paytdan eʼtiboran kamida olti oy oʻtgach amalga kiritiladi. 16-modda. Texnik reglamentlarni qayta koʻrib chiqish yoki bekor qilish Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar bu reglamentlarning dolzarbligi va ushbu Qonunning 13-moddasida belgilangan maqsadlarga muvofiqligi nuqtai nazaridan ularni qayta koʻrib chiqadi. Agar texnik reglamentlarning qabul qilinishiga olib kelgan holatlar yoki sabablar boshqa mavjud boʻlmasa yoxud oʻzgargan holatlar yoki sabablar savdoga nisbatan kamroq cheklovchi taʼsir koʻrsatadigan usullardan foydalanishga imkon bersa, texnik reglamentlarga tegishli oʻzgartishlar va (yoki) qoʻshimchalar kiritiladi yoki texnik reglamentlar bekor qilinadi. Texnik reglamentlar: kuchga kirgan kundan eʼtiboran; texnik reglamentlarni dastlabki tarzda qayta koʻrib chiqish natijalariga koʻra ularga kiritilgan oʻzgartishlar va (yoki) qoʻshimchalar kuchga kirgan kundan eʼtiboran; tegishli vakolatli davlat organlari tomonidan dastlabki tarzda qayta koʻrib chiqish natijalariga koʻra ular oʻzgarishsiz qoldirilganligi toʻgʻrisida axborot taqdim etilgan kundan eʼtiboran besh yilda kamida bir marta qayta koʻrib chiqiladi. 17-modda. Standartlarning texnik reglamentlarga muvofiqligi prezumpsiyasi Agar mahsulot, uni ishlab chiqarish jarayonlari yoki usullari texnik reglamentda havola berilgan standartlar talablariga javob bersa, ular texnik reglament talablariga muvofiq deb topiladi. Mahsulotning, uni ishlab chiqarish jarayonlarining yoki usullarining texnik reglamentlar talablariga muvofiqligi prezumpsiyasini taʼminlaydigan standartlar roʻyxati maxsus vakolatli davlat organi tomonidan oʻz rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi. 18-modda. Texnik reglamentlarning qoʻllanilishi va oʻtish davri Texnik reglamentlar mahsulot kelib chiqqan mamlakatdan va (yoki) joydan, shuningdek mahsulotni ishlab chiqaruvchining, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilining, sotuvchining yoki import qiluvchining mulk shaklidan qatʼi nazar, bir xil tarzda va teng qoʻllaniladi. Agar texnik reglamentda standartga yoki uning alohida qismiga oid havola mavjud boʻlsa, mazkur standart yoki uning alohida qismi bajarilishi shart. Texnik reglamentda uni amalga kiritishning oʻtish davri vaqtini belgilovchi muddati va shartlari nazarda tutilishi, bu davr mobaynida texnik reglamentning amalga kiritilishi hamda mahsulotning ishlab chiqarilishi bilan bogʻliq masalalar hisobga olinishi kerak. Agar texnik reglamentga kiritilgan mahsulot muomalaga chiqariladigan boʻlsa va mazkur texnik reglament talablariga muvofiq boʻlmasa, oʻtish davri mobaynida mahsulotdan foydalanish taqiqlanishi yoki cheklanishi mumkin emas. Agar texnik reglamentni qayta koʻrib chiqish yakunlariga koʻra mahsulotga doir texnik talablar oʻzgarmagan yoki ahamiyatsiz tarzda oʻzgargan boʻlsa, oʻtish davri belgilanmaydi. Texnik reglamentlarda yoki ular tasdiqlangan normativ-huquqiy hujjatlarda oʻtish davrining texnik reglamentlarni qoʻllashga oid boshqa shartlari ham belgilanishi mumkin. Ishlab chiqaruvchi kuchga kirmagan texnik reglament talablarini oʻtish davri mobaynida qoʻllash, shuningdek mahsulotning muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlardan foydalanish huquqiga ega. 19-modda. Texnik reglamentlarni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalar Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar bir vaqtning oʻzida texnik reglamentlarni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalarni ishlab chiqadi, ushbu tavsiyalarda texnik reglamentlarda belgilangan qoidalar tushuntiriladi va ular mazkur reglamentlarning izchil qoʻllanilishini taʼminlaydi. Texnik reglamentlarni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalar texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilarning va tegishli uslubiy tavsiyalarni tasdiqlagan vakolatli davlat boshqaruvi organlarining rasmiy veb-saytlariga tasdiqlangan kundan eʼtiboran besh ish kunidan kechiktirmay joylashtiriladi. 20-modda. Xabardor qilish Yangi texnik reglament ishlab chiqilgan yoki amaldagilariga oʻzgartishlar kiritilgan taqdirda, texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar manfaatdor taraflarni axborot markazi orqali quyidagilar toʻgʻrisida xabardor qiladi: texnik reglamentni ishlab chiqish boshlanganligi haqida; texnik reglament tatbiq etilishi mumkin boʻlgan mahsulot toʻgʻrisida, ushbu reglament qaysi maqsadga muvofiq ishlab chiqilayotgan boʻlsa, oʻsha maqsad tavsiflab berilgan va tushuntirilgan holda; texnik reglamentning loyihasi boʻyicha fikr-mulohazalar olish uchun ikki oy muddat berilishi haqida. Texnik reglamentlar, standartlar, muvofiqlikni baholash tartib-taomillari toʻgʻrisida xabardor qilish tartibi va tartib-taomillari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi. 4-bob. Muvofiqlikni baholash va tasdiqlash 21-modda. Muvofiqlikni baholash Muvofiqlikni baholash mahsulotning, ishlab chiqarish jarayonlarining, xizmatlarning, menejment tizimlarining, xodimlarning texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini aniqlashga doir faoliyatdir. Muvofiqlikni baholash organi muvofiqlikni baholash tartib-taomillarini bajaradigan yuridik shaxsdir. Muvofiqlikni baholash tartib-taomili texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlardagi tegishli talablarga rioya etilishini aniqlash maqsadida toʻgʻridan-toʻgʻri yoki bilvosita qoʻllaniladigan tartib-taomildir. Namunalar olish, sinash va tekshirish, muvofiqlikni baholash va tasdiqlash, davlat roʻyxatidan oʻtkazish, shuningdek ularning majmui muvofiqlikni baholash tartib-taomillari jumlasiga kiradi. 22-modda. Muvofiqlikni baholash obyektlari Mahsulot, ishlab chiqarish jarayonlari, xizmatlar, menejment tizimi va xodimlar muvofiqlikni baholash obyektlaridir. Muvofiqlikni baholash obyektlari texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilanadi. 23-modda. Muvofiqlikni tasdiqlash shakllari Muvofiqlikni tasdiqlash texnik reglamentlarda yoki muvofiqlikni baholash qoidalarida belgilangan muvofiqlikni baholash tartib-taomillarini qoʻllash orqali amalga oshiriladi. Muvofiqlikni tasdiqlash majburiy yoki ixtiyoriy ravishda boʻlishi mumkin. Texnik reglamentlarda belgilangan muvofiqlikni majburiy ravishda tasdiqlash quyidagi shakllarda amalga oshiriladi: muvofiqlikni deklaratsiya qilish; majburiy sertifikatlashtirish. Muvofiqlikni ixtiyoriy ravishda tasdiqlash ixtiyoriy sertifikatlashtirish shaklida amalga oshiriladi. 24-modda. Muvofiqlikni majburiy ravishda tasdiqlash Muvofiqlikni majburiy ravishda tasdiqlash mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini tasdiqlash orqali taʼminlanadi. Faqat Oʻzbekiston Respublikasi hududida muomalaga chiqarilayotgan mahsulotgina muvofiqlikni majburiy ravishda tasdiqlash obyekti boʻlishi mumkin. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya va muvofiqlik sertifikati teng yuridik kuchga ega hamda muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning yoki muvofiqlik sertifikatining amal qilishi vaqtida muomalaga chiqariladigan mahsulotga nisbatan mahsulotning yaroqlilik muddati yoxud xizmat muddati davomida Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida amal qiladi. Muvofiqlikni majburiy ravishda tasdiqlash ishlarining qiymati mahsulot kelib chiqqan mamlakatdan va (yoki) joydan, shuningdek arizachining maqomidan qatʼi nazar, mustaqil ravishda belgilanadi. 25-modda. Muvofiqlikni ixtiyoriy ravishda tasdiqlash Muvofiqlikni ixtiyoriy ravishda tasdiqlash arizachining tashabbusiga koʻra arizachi va muvofiqlikni baholash organi oʻrtasidagi shartnoma shartlari asosida amalga oshiriladi. Mahsulot, ishlab chiqarish jarayonlari, xizmatlar, menejment tizimi hamda standartlarda va shartnomalar shartlarida qaysi boshqa obyektlarga nisbatan talablar belgilangan boʻlsa, oʻsha obyektlar muvofiqlikni ixtiyoriy ravishda tasdiqlash obyektlari boʻlishi mumkin. Muvofiqlikni ixtiyoriy ravishda tasdiqlash standartlarga, shartnomalar shartlariga muvofiqlikni belgilash uchun amalga oshirilishi mumkin. 26-modda. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya, agar texnik reglamentlarda nazarda tutilgan boʻlsa, muvofiqligi majburiy ravishda tasdiqlanishi lozim boʻlgan mahsulotga nisbatan rasmiylashtiriladi. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya ikki nusxada rasmiylashtiriladi. Muvofiqlikni deklaratsiya qilish quyidagi sxemalardan biri boʻyicha amalga oshiriladi: muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyani oʻz dalillari asosida qabul qilish; muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyani oʻz dalillari hamda muvofiqlikni baholash organi va (yoki) akkreditatsiya qilingan sinash laboratoriyasi (bundan buyon matnda uchinchi taraf deb yuritiladi) ishtirokida olingan dalillar asosida qabul qilish. Ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi yoki import qiluvchi muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyani qabul qiluvchi shaxslardir. Seriyali ishlab chiqariladigan mahsulot va mahsulot turkumi uchun muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilishi muvofiqlikni tasdiqlash sxemasi bilan belgilanadi. Rasmiylashtirilgan muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya ushbu moddaning beshinchi qismida nazarda tutilgan shaxslarning arizasiga koʻra, muvofiqlik sertifikatlarining va muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyalarning reyestrida akkreditatsiya qilish doirasi mahsulotning mazkur turini oʻz ichiga olgan muvofiqlikni baholash organi tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilishi lozim. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya muvofiqlik sertifikatlarining va muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyalarning reyestrida roʻyxatdan oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran haqiqiy deb hisoblanadi. Arizachilarning doirasi tegishli texnik reglamentda belgilanadi. Agar uchinchi tarafning mavjud emasligi muvofiqlikni tasdiqlash maqsadlariga erishilmasligiga olib kelsa, texnik reglamentda muvofiqlikni uchinchi taraf ishtirokida deklaratsiya qilish sxemasi belgilanadi. Mahsulotning texnik reglamentlarda belgilangan talablarga muvofiqligini tasdiqlash uchun asos boʻlib xizmat qilgan texnik hujjatlardan, shaxsiy sinash va oʻlchash natijalaridan va (yoki) boshqa hujjatlardan dalil sifatida foydalaniladi. Muvofiqlikni shaxsiy dalillar va muvofiqlikni baholash organi ishtirokida olingan dalillar asosida deklaratsiya qilish chogʻida arizachi oʻz tanloviga koʻra shaxsiy dalillaridan tashqari laboratoriyada oʻtkazilgan sinash va oʻlchash bayonnomalaridan foydalanishga, sifat menejmenti tizimining sertifikatini taqdim etishga haqli. Sifat menejmenti tizimining sertifikatidan muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyani qabul qilish chogʻida dalillar tarkibida foydalanilishi mumkin, bundan shunday mahsulot uchun texnik reglamentlarda muvofiqlikni tasdiqlashning boshqacha shakli nazarda tutilgan hol mustasno. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilish muddati texnik reglamentda belgilanadi. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilish muddati tugaganidan keyin muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning bir nusxasi va dalillar sifatida foydalanilgan materiallar arizachida, boshqa nusxasi esa uni roʻyxatdan oʻtkazgan muvofiqlikni baholash organida besh yil davomida saqlanadi. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyalarni roʻyxatdan oʻtkazish, ularning amal qilishini toʻxtatib turish, qayta tiklash, tugatish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda amalga oshiriladi. 27-modda. Muvofiqlik sertifikati Muvofiqlik sertifikati muvofiqlikni baholash obyektlarining texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatdir. Muvofiqlikni baholash organi sertifikatlashtirishni arizachi bilan tuzilgan shartnomaga asosan amalga oshiradi. Sertifikatlashtirish muvofiqlikni baholash organi tomonidan muvofiqlikni baholash obyektlarining texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarga muvofiqligini tasdiqlash tartib-taomilidir. Mahsulotning muayyan turlarini sertifikatlashtirish uchun qoʻllaniladigan sertifikatlashtirish sxemalari, arizachilarning doirasi tegishli texnik reglamentlarda belgilanadi. Muvofiqlik sertifikati, basharti tanlangan muvofiqlikni tasdiqlash sxemasiga binoan barcha tartib-taomillarning bajarilishi ijobiy natijalar bergan boʻlsa, muvofiqlikni baholash organi tomonidan arizachiga beriladi. Muvofiqlik sertifikatini olishda ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi yoki import qiluvchi arizachi boʻlishi mumkin. Muvofiqlik sertifikatining shakllari va ularni rasmiylashtirish tartibi maxsus vakolatli davlat organi tomonidan tasdiqlanadi. Muvofiqlik sertifikati muvofiqlik sertifikatlarining va muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyalarning reyestrida roʻyxatdan oʻtkazilishi lozim. Muvofiqlik sertifikatining amal qilish muddati texnik reglamentlarda yoki muvofiqlikni tasdiqlash sxemalaridan kelib chiqqan holda, muvofiqlikni baholash qoidalarida belgilanadi. 28-modda. Muvofiqlik belgisi Muvofiqlik belgisi muvofiqlikni baholash obyektlari texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarga muvofiqlikni tasdiqlash tartib-taomilidan oʻtganligi toʻgʻrisida xaridorlarni xabardor qilish uchun xizmat qiladi. Muvofiqlik belgisi muvofiqlikni tasdiqlash tartib-taomilidan oʻtgan mahsulotni tamgʻalashda qoʻllaniladi. Muvofiqlik belgisining shakli, unga doir texnik talablar va tamgʻalash tartibi milliy standartlarda belgilanadi. Muvofiqlik sertifikatiga ega boʻlgan ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi yoki import qiluvchi muvofiqlik belgisini milliy standartlarda belgilangan, oʻzi uchun qulay boʻlgan har qanday usullarda qoʻllashga haqli. Muvofiqligi majburiy tasdiqlanishi lozim boʻlgan va texnik reglamentlarda belgilangan talablar boʻyicha muvofiqligi tasdiqlanishdan oʻtmagan mahsulotni muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalashga yoʻl qoʻyilmaydi. Mahsulot mahalliy ishlab chiqaruvchilar va import qiluvchilar tomonidan sertifikatlashtirilganda muvofiqlik sertifikatini bergan sertifikatlashtirish organi bilan tuzilgan kelishuv asosida ushbu ishlab chiqaruvchilarga va import qiluvchilarga muvofiqlik belgisini qoʻllash huquqi beriladi hamda muvofiqlik belgisidan foydalanganlik uchun toʻlov undiriladi. 29-modda. Arizachining muvofiqlikni majburiy ravishda tasdiqlash chogʻidagi huquq va majburiyatlari Arizachi quyidagi huquqlarga ega: mahsulotning muayyan turlari uchun tegishli texnik reglamentda nazarda tutilgan muvofiqlikni tasdiqlash shaklini va sxemasini tanlash; akkreditatsiya qilish doirasi arizachi sertifikatlashtirishni moʻljallagan mahsulotga nisbatan tatbiq etiladigan har qanday muvofiqlikni baholash organiga majburiy sertifikatlashtirishni amalga oshirish uchun murojaat qilish; mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini tasdiqlash uchun texnik hujjatlardan foydalanish; oʻziga muvofiqlik sertifikatini bergan muvofiqlikni baholash organidan sertifikatlashtirish natijalarini tasdiqlaydigan hamda taqdim etish shartlari, muddati sertifikatlashtirish toʻgʻrisidagi shartnomada belgilanadigan hujjatlarni hamda materiallarni olish. Arizachi: mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini taʼminlashi; muvofiqligi majburiy tasdiqlanishi lozim boʻlgan mahsulotni muvofiqlikni tasdiqlash ishlari amalga oshirilganidan keyin muomalaga chiqarishi; mahsulotga ilova qilinadigan hujjatlarda muvofiqlik sertifikati yoki muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya haqidagi maʼlumotlarni koʻrsatishi; davlat nazorati organlariga, shuningdek manfaatdor shaxslarga mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiqligi tasdiqlanganligi toʻgʻrisida dalolat beruvchi hujjatlarni (muvofiqlik sertifikatini, muvofiqlik haqidagi deklaratsiyani yoki ularning koʻchirma nusxalarini) yoxud muvofiqlik sertifikatining yoki muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning roʻyxatga olish raqami haqidagi axborotni taqdim etishi; agar muvofiqlik sertifikatining yoki muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilishi toʻxtatib turilgan yoxud tugatilgan boʻlsa, mahsulotning realizatsiya qilinishini toʻxtatib turishi yoki tugatishi; sertifikatlashtirilgan mahsulotni ishlab chiqarishning texnik hujjatlariga yoki texnologik jarayonlariga kiritiladigan oʻzgartishlar toʻgʻrisida muvofiqlikni baholash organini xabardor qilishi; muvofiqligi tasdiqlanishdan oʻtgan va texnik reglamentlar talablariga muvofiq boʻlmagan mahsulotni ishlab chiqarishni davlat nazorati organlarining qarorlari asosida oʻn ish kuniga toʻxtatib turishi; muvofiqlik sertifikatining yoki muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilish muddati tugagan taqdirda, mahsulotning realizatsiya qilinishini toʻxtatib turishi yoki tugatishi shart, bundan mahsulotning qonunchilikka muvofiq belgilangan yaroqlilik muddati yoxud xizmat muddati davomida muvofiqlik sertifikatining yoki muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilishi vaqtida chiqarilgan mahsulot mustasno. 30-modda. Mahsulotni sinash maqsadlari Mahsulotni sinash quyidagi maqsadlarda amalga oshiriladi: texnik reglamentlarda va standartlarda koʻrsatilgan mahsulot namunasining muvofiqligini tasdiqlash tavsiflarini aniqlash; agar sinash muvofiqlikni tasdiqlash doirasidagi tartib-taomil boʻlsa, muvofiqlikni tasdiqlash amalga oshirilishini taʼminlash. Sinash, agar bu muvofiqlikni sertifikatlashtirish yoki deklaratsiya qilishda qoʻllaniladigan muvofiqlikni tasdiqlash sxemasida nazarda tutilgan boʻlsa, muvofiqlikni baholash doirasidagi tartib-taomildir. Sinash, agar bu texnik reglamentlarda nazarda tutilgan boʻlsa, muvofiqlikni baholashning mustaqil shaklidir. Sinash, agar bu muvofiqlikni sertifikatlashtirish yoki deklaratsiya qilish chogʻida qoʻllaniladigan muvofiqlikni tasdiqlash sxemasida nazarda tutilgan boʻlsa, akkreditatsiya sohasiga muvofiq akkreditatsiya qilingan laboratoriya tomonidan amalga oshiriladi. 31-modda. Muvofiqlikni baholash organlariga qoʻyiladigan talablar va ularning majburiyatlari Muvofiqlikni baholash organi va uning xodimlari oʻzi baholaydigan mahsulotni loyihalashtirish, ishlab chiqarish, yetkazib berish, oʻrnatish, ishlatish yoki unga texnik xizmat koʻrsatish uchun javobgar boʻlmasligi kerak. Majburiy sertifikatlashtirishni amalga oshirish chogʻida mahsulotni sinash va oʻlchash akkreditatsiya qilingan sinash laboratoriyalari tomonidan oʻtkazilishi kerak hamda ularning natijalari bayonnomalar tarzida rasmiylashtiriladi. Muvofiqlikni baholash organlari sinash laboratoriyalariga arizachi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etishga haqli emas. Muvofiqlikni baholash organi sinash laboratoriyasi tomonidan berilgan bayonnomalar asosida muvofiqlik sertifikatini berish toʻgʻrisida yoki uni berishni rad etish haqida qaror qabul qiladi. 32-modda. Chet davlatlarning muvofiqlikni baholash organlari tomonidan berilgan muvofiqlikni baholash natijalarini tan olish Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida oʻtkazilgan muvofiqlikni baholash natijalarini Oʻzbekiston Respublikasida tan olish Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari hisobga olingan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda amalga oshiriladi. 33-modda. Mahsulotni davlat roʻyxatidan oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi majburiy ravishda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishi lozim boʻlgan, xavf darajasi yuqori boʻlgan mahsulotlarning roʻyxatini tasdiqlaydi. Mahsulotni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga faqat, agar mahsulot Oʻzbekiston Respublikasida isteʼmol qilish (foydalanish) uchun xavfsiz boʻlsa, ruxsat beriladi. Maxsus vakolatli davlat organi mahsulotni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga va mazkur mahsulotdan xavfsiz foydalanish boʻyicha yoʻriqnomani davlat tilida ishlab chiqishga doir talablarni belgilaydi. 34-modda. Muvofiqlikni baholash organini tayinlash (notifikatsiya qilish) Tayinlash (notifikatsiya qilish) sohasi muvofiqlikni baholash tartib-taomillarining va mahsulot turlarining roʻyxati boʻlib, tegishli texnik reglamentga muvofiq ularga nisbatan muvofiqlikni baholash organi tayinlanadi. Muvofiqlikni baholash organlari quyidagi hollarda muvofiqlikni baholash tartib-taomillarini tegishli texnik reglamentlarga binoan uchinchi taraf sifatida bajarish uchun tayinlanishi (notifikatsiya qilinishi) mumkin, basharti ular: mulk shakllaridan qatʼi nazar, Oʻzbekiston Respublikasining rezidentlari — yuridik shaxslar boʻlsa; soʻnggi uch yil davomida mahsulotning muvofiqligini baholash ishlarini bajarish tajribasiga ega boʻlsa; belgilangan soha doirasida mahsulotni sinashni amalga oshirish uchun akkreditatsiya qilingan oʻz sinash laboratoriyalariga ega boʻlsa; muvofiqlikni baholash tartib-taomillarini tayinlangan (notifikatsiya qilingan) organlarni jalb etgan holda qoʻllash nazarda tutilgan tegishli texnik reglamentlarda belgilangan maxsus talablarga, bunday talablar texnik reglamentlarda belgilanmagan taqdirda esa Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan maxsus talablarga muvofiq boʻlsa. Tayinlovchi organ: muvofiqlikni baholash organlari bilan manfaatlar toʻqnashuvi mavjud boʻlmasligini taʼminlashi; oʻzining tayinlash toʻgʻrisidagi qarorlari begʻarazligini kafolatlashi; muvofiqlikni baholash organini tayinlashga taalluqli boʻlgan har bir qarorning muvofiqlikni baholash organi bilan affillanmagan vakolatli shaxslar va muvofiqlikni baholashni amalga oshirayotgan shaxslar tomonidan qabul qilinishini taʼminlashi; olingan axborotning maxfiyligini taʼminlashi kerak. 5-bob. Texnik jihatdan tartibga solish sohasida davlat nazoratini amalga oshirish 35-modda. Davlat nazorati organlari Texnik reglamentlar talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazorati davlat nazorati organlari tomonidan oʻz vakolatlari doirasida amalga oshiriladi. Davlat nazorati organlarining vakolatlari, ularning texnik reglamentlar talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazoratiga doir faoliyatini muvofiqlashtirish tartibi, shuningdek davlat nazorati organlarining akkreditatsiya organi bilan hamkorligi tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi. Davlat nazoratini amalga oshirish chogʻida tekshirishlar qonunchilikda belgilangan tartibda oʻtkaziladi. Nazorat choralari texnik reglamentlarda belgilangan talablar asosida, mahsulot muomalaga chiqarilayotgan (isteʼmolchiga realizatsiya qilinayotgan) bosqichda amalga oshiriladi, bundan ushbu moddaning beshinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno. Agar texnik reglamentlarda mahsulotni loyihalashtirish, ishlab chiqarish, montaj qilish, ishga tushirish, undan foydalanish, uni saqlash, tashish, realizatsiya hamda utilizatsiya qilish bilan bogʻliq jarayonlarga doir talablar mavjud boʻlsa, ushbu talablarning bajarilishini taʼminlashga doir nazorat choralari ham qabul qilinishi kerak. Namunalarni olish, tekshirish, sinash va (yoki) oʻlchash tarzidagi nazoratni amalga oshirishda davlat nazorati organlari tegishli texnik reglamentlarda belgilangan sinash va oʻlchash usullaridan foydalanadi. Xavfni baholashning aniq mezonlari, davlat nazorati organlari tegishli cheklovchi choralarni tanlaydigan shartlar va holatlar belgilanishi kerak boʻlgan cheklovchi choralarni koʻrish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi. 36-modda. Davlat nazorati organlarining huquq va majburiyatlari Davlat nazorati organlari quyidagi huquqlarga ega: ishlab chiqaruvchidan, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilidan, sotuvchidan va import qiluvchidan muvofiqlik sertifikatining yoki muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning roʻyxatdan oʻtkazish raqami haqida axborot taqdim etilishini, agar bunday hujjatlarning mavjud boʻlishi tegishli texnik reglamentda nazarda tutilgan boʻlsa, talab qilish; qonunchilikda belgilangan tartibda nazorat tadbirlarini amalga oshirish; texnik reglamentlar talablarining aniqlangan buzilishlarini bartaraf etish toʻgʻrisida ishlab chiqaruvchiga, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakiliga, sotuvchiga va import qiluvchiga koʻrsatmalar berish; muvofiqlik sertifikatining amal qilishini toʻxtatib turish yoki tugatish zarurligi toʻgʻrisidagi axborotni sertifikatni bergan muvofiqlikni baholash organiga va maxsus vakolatli davlat organiga yuborish; muvofiqlikni baholash organiga muvofiqlik sertifikatining amal qilishini toʻxtatib turish yoki tugatish toʻgʻrisida, deklaratsiyani qabul qilgan shaxsga muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilishini toʻxtatib turish yoki tugatish haqida koʻrsatma berish hamda muvofiqlik sertifikatining, muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilishini toʻxtatib turish yoxud tugatish haqida koʻrsatma berilganligi toʻgʻrisidagi axborotni akkreditatsiya organiga yuborish; ishlab chiqaruvchini, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilini, sotuvchini va import qiluvchini ushbu Qonunda hamda qonunchilikda nazarda tutilgan javobgarlikka tortish; ishlab chiqaruvchidan, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilidan, sotuvchidan va import qiluvchidan mahsulotning texnik reglament talablariga muvofiqligini majburiy tasdiqlashni amalga oshirish chogʻida foydalanilgan dalillar hamda boshqa hujjatlar taqdim etilishini talab qilish; muvofiqlik sertifikatining, muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilishini qonunchilikda belgilangan tartibda toʻxtatib turish, tugatish haqida qaror qabul qilish; texnik reglamentlar talablariga javob bermaydigan mahsulotni muomalaga chiqarishni taqiqlash yoki toʻxtatib turish, muomaladan chiqarish yoki chaqirib olish toʻgʻrisida qaror qabul qilish hamda ushbu qaror haqida oʻz vakolatlariga muvofiq tegishli davlat nazorati organlarini xabardor qilish va (yoki) ushbu mahsulotdan foydalanishni qoidabuzarliklar bartaraf etilguniga qadar taqiqlash; qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa choralarni zarar yetkazilishiga yoʻl qoʻymaslik maqsadida qoʻllash. Davlat nazorati organlari: nazorat tadbirlari davomida texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisidagi qonunchilikni qoʻllash boʻyicha tushuntirish ishlarini amalga oshirishi, mavjud texnik reglamentlar haqida xabardor qilishi; tijorat sirini va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni oshkor etmasligi; qonunchilikda belgilangan nazorat tadbirlarini amalga oshirish va bunday tadbirlar natijalarini rasmiylashtirish tartibiga rioya etishi; texnik reglamentlar talablarining buzilishlari oqibatlarini bartaraf etish yuzasidan nazorat tadbirlari natijalariga asosan choralar koʻrishi; mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi axborotni ishlab chiqaruvchiga, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakiliga, sotuvchiga va import qiluvchiga yuborishi shart. 37-modda. Davlat nazorati organlarining va ular mansabdor shaxslarining javobgarligi Davlat nazorati organlari va ularning mansabdor shaxslari nazorat tadbirlari oʻtkazilayotganda oʻz vakolatlarini (xizmat vazifalarini) bajarmagan yoki lozim darajada bajarmagan yoki gʻayrihuquqiy harakatlar (harakatsizlik) sodir etgan taqdirda, belgilangan tartibda javobgar boʻladi. Davlat nazorati organlari aybdor boʻlgan oʻz mansabdor shaxslariga nisbatan koʻrilgan choralar toʻgʻrisida huquqlari va qonuniy manfaatlari buzilgan tadbirkorlik subyektlariga bir oy ichida xabar qilishi shart. 38-modda. Mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi axborot Muomalaga chiqarilgan mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisida oʻziga maʼlum boʻlib qolgan ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi yoki ijrochi mazkur axborot olingan paytdan eʼtiboran oʻn kun ichida bu haqda davlat nazorati organiga xabar qilishi shart. Muomalaga chiqarilgan mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi axborotni olgan ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi yoki ijrochi uni ishlab chiqaruvchiga oʻn kun ichida yetkazishi shart. Ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi yoki ijrochi hisoblanmaydigan va muomalaga chiqarilgan mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisida oʻziga maʼlum boʻlib qolgan shaxs ushbu axborotni davlat nazorati organiga yuborishga haqli. Davlat nazorati organi muomalaga chiqarilgan mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi axborotni olgach, axborot kelib tushganligi haqida ishlab chiqaruvchini, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilini, sotuvchini, import qiluvchini yoki ijrochini besh kun ichida xabardor qilishi shart. Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq emas deb topilgan mahsulotlar reyestridan mahsulotni u mazkur reyestrga kiritilgan kundan eʼtiboran olti oy ichida chiqarish, shuningdek mazkur mahsulotni ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi va import qiluvchi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirish va erkin muomalaga chiqarish taqiqlanadi. 39-modda. Mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisida axborot olingan taqdirda ishlab chiqaruvchining, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilining, sotuvchining va import qiluvchining majburiyatlari Agar amalga oshiriladigan tadbirlar mazmunidan uzoqroq muddatni belgilash zarurati kelib chiqmasa, ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi axborot olingan paytdan eʼtiboran oʻn kun ichida ushbu axborotning ishonchliligini tekshirishi shart. Ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi mazkur tekshiruv materiallarini davlat nazorati organining talabiga koʻra ushbu organga taqdim etishi shart. Mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi axborotning ishonchliligi tasdiqlangan taqdirda, ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi zarar yetkazilishining oldini olish boʻyicha tadbirlar dasturini bunday axborotning ishonchliligi tasdiqlangan paytdan eʼtiboran oʻn kun ichida ishlab chiqishi va ushbu dasturni oʻz vakolatlariga muvofiq davlat nazorati organi bilan kelishishi shart. Zarar yetkazilishining oldini olish boʻyicha tadbirlar dasturi xaridorlarni (isteʼmolchilarni) zarar yetkazilishi xavfi mavjudligi va uni bartaraf etish usullari, shuningdek bunday tadbirlarni amalga oshirish muddatlari toʻgʻrisida xabardor qilishga doir tadbirlarni oʻz ichiga oladi. Agar zarar yetkazilishini bartaraf etish uchun qoʻshimcha xarajatlarni amalga oshirish zarur boʻlsa, ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi zarar yetkazilishini bartaraf etishga doir barcha tadbirlarni oʻz hisobidan amalga oshirishi shart, ularni amalga oshirish mumkin boʻlmagan taqdirda esa, mahsulotning chaqirib olinishi toʻgʻrisida eʼlon qilishi va xaridorlarga mahsulot chaqirib olinishi munosabati bilan yetkazilgan zararlarning oʻrnini qoplashi shart. Mahsulotning nuqsonlarini bartaraf etish, shuningdek uni nuqsonlar bartaraf etiladigan joyga yetkazish hamda xaridorlarga va (yoki) isteʼmolchilarga qaytarish ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi tomonidan oʻz hisobidan amalga oshiriladi. Mahsulotni muomaladan chiqarish sotuvchilar tomonidan oʻz tasarrufidagi tegishli mahsulotning ushbu mahsulotni ishlab chiqaruvchiga qaytarilishini va xaridorlarga (isteʼmolchilarga) bunday mahsulotni taklif etish tugatilishini nazarda tutadi. Mahsulotni chaqirib olish xaridorlarga (isteʼmolchilarga) sotib boʻlingan tegishli mahsulotning uni ishlab chiqaruvchiga qaytarilishini nazarda tutadi. Agar zarar yetkazilishi xavfini belgilangan tadbirlarni amalga oshirish orqali bartaraf etish mumkin boʻlmasa, ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi mahsulotni ishlab chiqarishni va realizatsiya qilishni darhol toʻxtatishi, mahsulotni chaqirib olishi hamda mahsulot chaqirib olinishi munosabati bilan yuzaga kelgan zararlarning oʻrnini xaridorlarga (isteʼmolchilarga) qoplashi, mahsulotga doir muvofiqlik toʻgʻrisidagi sertifikatning yoki muvofiqlik haqidagi deklaratsiyaning amal qilishini darhol tugatishi shart. Ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi zarar yetkazilishini bartaraf etishga doir tadbirlar dasturining butun amalga oshirilish davrida xaridorlarga (isteʼmolchilarga) zarur harakatlar toʻgʻrisida tezkor axborot olish imkoniyatini oʻz hisobidan taʼminlashi shart. 40-modda. Mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisida axborot olingan taqdirda davlat nazorati organlarining harakatlari Mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisida axborot olingan taqdirda davlat nazorati organlari olingan axborotning ishonchliligini tekshirishni mumkin qadar qisqa muddatlarda amalga oshiradi. Olingan axborotning ishonchliligini tekshirishni amalga oshirish chogʻida davlat nazorati organlari: mahsulot toʻgʻrisidagi yoki mahsulotga doir talablar bilan bogʻliq boʻlgan mahsulotni loyihalashtirish, ishlab chiqarish, montaj qilish, ishga tushirish, undan foydalanish, uni saqlash, tashish, realizatsiya hamda utilizatsiya qilish jarayonlari toʻgʻrisidagi qoʻshimcha axborotni, shu jumladan majburiy muvofiqlikni tasdiqlashni amalga oshirish chogʻida oʻtkazilgan tadqiqotlar (sinash) va oʻlchash natijalarini ishlab chiqaruvchidan, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilidan, ijrochidan, sotuvchidan, import qiluvchidan va boshqa shaxslardan soʻrab olishga; davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlariga, shuningdek mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga soʻrovlar yuborishga; zarur boʻlganda, mutaxassislarni olingan materiallarni tahlil qilish uchun jalb etishga; ishlab chiqaruvchidan, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilidan, sotuvchidan, import qiluvchidan mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini majburiy ravishda tasdiqlashni amalga oshirish chogʻida foydalanilgan dalillarni va boshqa hujjatlarni soʻrab olishga haqli. Mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi axborotning ishonchliligi tasdiqlangan taqdirda, davlat nazorati organi ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi tomonidan zarar yetkazilishini bartaraf etishga doir tadbirlar dasturini oʻn kun ichida ishlab chiqish haqida oʻz vakolatlariga muvofiq koʻrsatma beradi, uni bajarishga koʻmaklashadi va uning bajarilishi ustidan nazoratni amalga oshiradi. Davlat nazorati organi zarar yetkazilishini bartaraf etishga doir tadbirlar dasturining bajarilishi ustidan nazoratni amalga oshirish chogʻida: zarar yetkazilishini bartaraf etishga doir tadbirlarni amalga oshirish muddatlari va tartibi toʻgʻrisidagi axborotni tarqatishga koʻmaklashadi; ishlab chiqaruvchidan, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilidan, sotuvchidan, import qiluvchidan va boshqa shaxslardan zarar yetkazilishini bartaraf etishga doir tadbirlar dasturida koʻrsatilgan tadbirlar amalga oshirilganligini tasdiqlovchi hujjatlarni soʻrab oladi; zarar yetkazilishini bartaraf etishga doir tadbirlar dasturida koʻrsatilgan muddatlarga rioya etilishini tekshiradi. Texnik reglamentlar talablariga muvofiq boʻlmagan mahsulotdan foydalanish chogʻida fuqarolarning hayotiga va sogʻligʻiga zarar yetkazilishini yoxud shunday zarar yetkazilishi xavfini bartaraf etish boʻyicha zudlik bilan choralar koʻrish zarur boʻlgan taqdirda, davlat nazorati organi: ushbu mahsulotning realizatsiya qilinishini toʻxtatib turish toʻgʻrisida koʻrsatma beradi; bu mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi va ushbu mahsulotdan foydalanish chogʻida fuqarolarning hayotiga yoki sogʻligʻiga zarar yetkazilishi xavfi toʻgʻrisida xaridorlarni (isteʼmolchilarni) ommaviy axborot vositalari orqali xabardor qiladi; ushbu mahsulotni majburiy ravishda chaqirib olish toʻgʻrisidagi daʼvo arizasi bilan sudga murojaat qilish haqida qaror qabul qiladi. Ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi davlat nazorati organining harakatlari ustidan sud tartibida shikoyat qilishga haqli. Davlat nazorati organi harakatlarining gʻayriqonuniyligi toʻgʻrisida sud qarori qabul qilingan taqdirda, davlat nazorati organining harakatlari tufayli ishlab chiqaruvchiga, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakiliga, sotuvchiga, import qiluvchiga yetkazilgan zararning oʻrni qoplanishi lozim. 41-modda. Mahsulotni majburiy ravishda chaqirib olish Ushbu Qonunda nazarda tutilgan koʻrsatma bajarilmagan taqdirda, davlat nazorati organi oʻz vakolatlariga muvofiq, shuningdek zarar yetkazilishini bartaraf etishga doir tadbirlar dasturi ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi tomonidan bajarilmaganligi haqida oʻziga maʼlum boʻlib qolgan boshqa shaxslar mahsulotni majburiy ravishda chaqirib olish toʻgʻrisidagi daʼvo arizasi bilan sudga murojaat qilishga haqli. Mahsulotni majburiy ravishda chaqirib olish toʻgʻrisidagi daʼvo arizasi qanoatlantirilgan taqdirda, sudning qarori qonuniy kuchga kirgan kundan eʼtiboran bir oydan kechiktirmay javobgar tomonidan ommaviy axborot vositalari orqali yoki boshqacha usulda xaridorlar (isteʼmolchilar) eʼtiboriga yetkaziladi. Javobgar sudning qarorini sud tomonidan belgilangan muddatda bajarmagan taqdirda, sudning qarorini bajarish qonunda belgilangan tartibda amalga oshiriladi. Bunda daʼvogar mahsulotning majburiy ravishda chaqirib olinishi toʻgʻrisida xaridorlarni (isteʼmolchilarni) ommaviy axborot vositalari orqali yoki boshqacha usulda xabardor qilishga haqli. 6-bob. Ishlab chiqaruvchining, sotuvchining, import qiluvchining majburiyatlari 42-modda. Ishlab chiqaruvchining majburiyatlari Ishlab chiqaruvchilar: xavfsiz mahsulotni muomalaga chiqarishi; muvofiqlikni baholash tartib-taomilining amalga oshirilishini texnik reglamentga muvofiq taʼminlashi; texnik hujjatlarni tuzishi va muayyan vaqt davomida ularni saqlashi; muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyani texnik reglamentga muvofiq tuzishi va taqdim etishi hamda uni koʻrsatilgan vaqt davomida saqlashi; agar texnik reglamentda nazarda tutilgan boʻlsa, ushbu Qonun talablariga binoan muvofiqlik belgisini qoʻyishi shart. Ishlab chiqaruvchi mahsulotga texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq mahsulotni identifikatsiya qilish imkonini beruvchi turkum yoki seriya raqamini qoʻyishi shart. Agar mahsulotning oʻlchami yoki boshqa xususiyatlari tufayli ishlab chiqaruvchi turkum yoki seriya raqamini qoʻya olmasa, u oʻrovda yoki mahsulotga ilova qilinadigan hujjatlarda koʻrsatilishi kerak. Ishlab chiqaruvchining ayrim majburiyatlari shartnomaga muvofiq ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili zimmasiga yuklatilishi mumkin. Ishlab chiqaruvchining zimmasida qonunchilikka muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin. 43-modda. Sotuvchining majburiyatlari Sotuvchi: mahsulotga texnik reglamentga muvofiq muvofiqlik belgisi qoʻyilganligini tekshirishi; texnik reglamentga muvofiq davlat tilidagi qoʻshimcha hujjatlar va mahsulot xavfsizligi toʻgʻrisidagi axborot mavjudligini tekshirishi; saqlash va transportda tashish shart-sharoitlari mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini xavf ostiga qoʻymasligini mahsulot realizatsiya qilinguniga qadar kafolatlashi shart. Agar sotuvchi mahsulot texnik reglamentlar talablariga javob bermaydi deb hisoblasa, u mahsulotni texnik reglament talablariga muvofiqlashtirish maqsadida tuzatish choralarini koʻrishi shart. Agar koʻrilgan tuzatish choralaridan keyin mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi bartaraf etilmasa, sotuvchi ishlab chiqaruvchini, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilini yoki import qiluvchini, shuningdek davlat nazorati organlarini bu haqda xabardor qilishi shart. 44-modda. Import qiluvchining majburiyatlari Import qiluvchi: texnik reglament talablariga javob beradigan mahsulotni bozorda joylashtirishi; mahsulotni muomalaga chiqarishda ishlab chiqaruvchi nazarda tutilgan muvofiqlikni tasdiqlash tartib-taomilini amalga oshirganligini, texnik hujjatlarni ishlab chiqqanligini, texnik reglament talablariga muvofiq mahsulotga muvofiqlik belgisini qoʻyganligini kafolatlashi; mahsulotning texnik reglament talablariga muvofiq emasligini bartaraf etish uchun saqlash yoki transportda tashish shart-sharoitlarini nazorat qilishi shart. Agar import qiluvchi mahsulot texnik reglament talablariga javob bermaydi deb hisoblasa, u mahsulot bozorga joylashtirilguniga qadar uning xavfsizligini taʼminlash boʻyicha tuzatish choralarini koʻrishi shart. Agar koʻrilgan tuzatish choralaridan keyin mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiq emasligi bartaraf etilmasa, import qiluvchi bu haqda ishlab chiqaruvchini va davlat nazorati organlarini xabardor qilishi shart. 45-modda. Yuqori xavf tugʻdiradigan mahsulot toʻgʻrisida tezkor ravishda oʻzaro xabar berish tizimi Yuqori xavf tugʻdiradigan mahsulot toʻgʻrisida axborot almashish maqsadida davlat nazorati organlari oʻrtasida yuqori xavf tugʻdiradigan mahsulot haqida tezkor ravishda oʻzaro xabar berish tizimi yaratiladi va faoliyat koʻrsatadi. Yuqori xavf tugʻdiradigan mahsulot toʻgʻrisida tezkor ravishda oʻzaro xabar berish tizimi davlat nazorati organlari yuqori xavf tugʻdiradigan mahsulotni aniqlagan taqdirda, ular tomonidan taqdim etiladigan xabarlardan shakllantiriladi. Yuqori xavf tugʻdiradigan mahsulot toʻgʻrisidagi xabar quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak: tegishli mahsulotni identifikatsiya qilish imkonini beruvchi maʼlumotlarni; mahsulot keltirib chiqaradigan xavfning tavsifini, bunday mahsulot namunalarini sinash natijasini; xavfni bartaraf etish uchun koʻrilgan choralarning (agar bunday choralar koʻrilgan boʻlsa), shu jumladan ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi va (yoki) import qiluvchi tomonidan oʻz tashabbusiga koʻra koʻrilgan choralarning xususiyati va davomiyligi toʻgʻrisidagi axborotni; ushbu mahsulotning kelib chiqishi va bozorga yetkazib berilishi zanjiri haqidagi axborotni; xalqaro, mintaqaviy va chet el xabar qilish tizimlari yordamida yoki boshqa davlatlarning vakolatli organlaridan boshqacha tarzda olingan maʼlumotlarni. Yuqori xavf tugʻdiradigan mahsulot toʻgʻrisida tezkor ravishda oʻzaro xabar berish tizimidagi maʼlumotlar davlat nazorati organlari, bojxona organlari, iqtisodiy va ijtimoiy rivojlanish sohasidagi davlat siyosatini amalga oshiruvchi davlat boshqaruvi organlari, isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisidagi qonunchilikka rioya etilishi ustidan davlat nazorati sohasidagi davlat siyosatini amalga oshiruvchi davlat boshqaruvi organlari foydalanishi uchun ochiq boʻlishi kerak. Yuqori xavf tugʻdiradigan mahsulot haqida tezkor ravishda oʻzaro xabar berish tizimining faoliyat koʻrsatish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi. 7-bob. Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik 46-modda. Qonunchilikda va texnik reglamentda belgilangan majburiy talablarga rioya etilmagan taqdirda ishlab chiqaruvchining, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakilining, sotuvchining, import qiluvchining javobgarligi Belgilangan tartibda ogohlantirish olganidan keyin texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi huquqbuzarlikni davom ettirganlik yoki bartaraf etmaganlik uchun jismoniy shaxslar qonunchilikka muvofiq maʼmuriy javobgarlikka tortiladi. Belgilangan tartibda ogohlantirish olganidan keyin texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi huquqbuzarlikni davom ettirganlik yoki bartaraf etmaganlik uchun yuridik shaxslarga nisbatan ushbu moddaning ikkinchi qismiga muvofiq jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar qoʻllaniladi. Ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi yoki import qiluvchi tomonidan qonunchilikda va texnik reglamentda mahsulotga doir nazarda tutilgan majburiy talablarga rioya etilmagan taqdirda, ularga nisbatan: huquqbuzarlik birinchi marta sodir etilganda — majburiy talablarga muvofiq boʻlmagan, realizatsiya qilingan mahsulot qiymatining ellik foizigacha miqdorda jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar qoʻllaniladi; xuddi shunday huquqbuzarlik ushbu modda ikkinchi qismining ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan jarima tarzidagi moliyaviy sanksiya qoʻllanilgan kundan eʼtiboran bir yil davomida takroran sodir etilganda — majburiy talablarga muvofiq boʻlmagan, realizatsiya qilingan mahsulot qiymatining yuz foizigacha miqdorda jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar qoʻllaniladi. Ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilgan jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar sud tartibida qoʻllaniladi, bundan mahsulotni ishlab chiqaruvchilar, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakillari, sotuvchilar yoki import qiluvchilar sodir etilgan huquqbuzarlikda aybdorligini tan olgan va moliyaviy sanksiyalar summasi bir oy muddatda ixtiyoriy ravishda toʻlangan hollar mustasno. Texnik reglamentlar talablariga javob bermaydigan mahsulotning kamida yetmish foizini qonunchilikda belgilangan tartibda chaqirib olgan ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi yoki import qiluvchi ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilgan moliyaviy sanksiyalardan ozod qilinadi. (46-modda Oʻzbekiston Respublikasining 2025-yil 17-oktabrdagi OʻRQ-1088-sonli Qonuniga asosan toʻrtinchi qism bilan toʻldirilgan — Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.10.2025-y., 03/25/1088/0948-son. Kuchga kirish sanasi — 2026-yil 19-yanvar) Undirilgan jarima summasining ellik foizi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga, qolgan qismi esa Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga yoʻnaltiriladi. Agar mahsulotga, uni ishlab chiqarish jarayonlariga yoki usullariga nisbatan qonunchilikda va texnik reglamentda belgilangan majburiy talablarga ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi yoki import qiluvchi tomonidan rioya etilmaganligi natijasida fuqarolarning hayotiga yoki sogʻligʻiga, jismoniy yoki yuridik shaxslarning mol-mulkiga, davlat mulkiga, atrof-muhitga, hayvonlarga yoki oʻsimliklarga zarar yetkazilsa yoki shunday zarar yetkazilishi xavfi yuzaga kelsa, ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili, sotuvchi, import qiluvchi, ijrochi yetkazilgan zararning oʻrnini qonunchilikka muvofiq qoplashi hamda boshqa shaxslarga, ularning mol-mulkiga, atrof-muhitga zarar yetkazilishiga yoʻl qoʻymaslik maqsadida choralar koʻrishi shart. Zararning oʻrnini qoplash majburiyati shartnoma yoki taraflardan birining arizasi bilan cheklanishi mumkin emas. Ushbu moddada nazarda tutilgan huquqbuzarliklar uchun jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyani qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror ustidan ushbu Qonunga muvofiq shikoyat qilinishi mumkin. Jarimani toʻlash yuridik shaxslarni mahsulot xaridorlariga (isteʼmolchilariga) yetkazilgan zarar uchun javobgarlikdan ozod etmaydi. 47-modda. Muvofiqlikni baholash organlarining javobgarligi Muvofiqlikni baholash qoidalarini buzgan muvofiqlikni baholash organi va uning mansabdor shaxslari qonunga hamda sertifikatlashtirish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomaga muvofiq javobgar boʻladi. (47-moddaning birinchi qismi Oʻzbekiston Respublikasining 2025-yil 17-oktabrdagi OʻRQ-1088-sonli Qonuni tahririda — Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.10.2025-y., 03/25/1088/0948-son. Kuchga kirish sanasi — 2026-yil 19-yanvar) Akkreditatsiya qilingan sinash laboratoriyalari (markazlari) tadqiqotlarning (sinashning) va oʻlchash natijalarining ishonchsizligi yoki notoʻgʻriligi uchun qonunga hamda shartnomaga muvofiq javobgar boʻladi. Muvofiqlikni baholash natijalari boʻyicha huquqbuzarliklar aniqlangan hollarda huquqbuzarlik aniqlanganligi toʻgʻrisida davlat nazorati organlarining mansabdor shaxslari tomonidan bayonnoma tuziladi, bayonnoma maʼmuriy jazoni va jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalarni qoʻllash uchun asos boʻlib, rahbarning, boshqa masʼul mansabdor shaxslarning tushuntirishlari hamda huquqbuzarlik sodir etilganligi bilan bogʻliq hujjatlar bilan birga uch ish kuni ichida sudga topshiriladi. Huquqbuzarliklar uchun jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar miqdori huquqbuzarlikning xavf darajasiga va davomiyligiga qarab quyidagicha belgilanadi: mahsulotning muvofiqligi notoʻgʻri deklaratsiya qilinganligi, muvofiqligi tasdiqlanishi shart boʻlgan, ilk bor muomalaga chiqarilayotgan mahsulotning muvofiqligi notoʻgʻri deklaratsiya qilinganligi yoki standartlar mavjud emasligi natijasida yoki ushbu mahsulotga nisbatan texnik reglamentlar talablari qoʻllanilganligi uchun mavjud standartlarni qoʻllab boʻlmasligi natijasida mahsulot shaxsiy dalillar asosida notoʻgʻri deklaratsiya qilinganligi aniqlanganda — bazaviy hisoblash miqdorining yuz baravari miqdorida jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar; muvofiqlik sertifikatini berishni asossiz ravishda rad etganlik, muvofiqlik sertifikatining yoxud muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning amal qilishini asossiz ravishda toʻxtatib turganlik yoki tugatganlik uchun — bazaviy hisoblash miqdorining ikki yuz baravari miqdorida jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar; sertifikatlashtirish ishlarini bajarishda belgilangan tartib-taomillar buzilgan taqdirda — bazaviy hisoblash miqdorining uch yuz baravari miqdorida jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar; sinash laboratoriyasi tomonidan mahsulotning muvofiqligini baholash maqsadida amalga oshirilgan sinash natijalarining notoʻgʻri taqdim etilganligi va xolislikni taʼminlamasligi aniqlanganda — bazaviy hisoblash miqdorining uch yuz baravari miqdorida jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar. Ushbu moddada nazarda tutilgan huquqbuzarliklar uchun jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalarni qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror ustidan belgilangan tartibda shikoyat qilinishi mumkin. Jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalarni toʻlash yuridik shaxsni mahsulot isteʼmolchilariga yetkazilgan zarar uchun javobgarlikdan ozod etmaydi. 8-bob. Yakunlovchi qoidalar 48-modda. Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ishlarni moliyalashtirish Texnik reglamentlarni ishlab chiqishni, qayta koʻrib chiqishni, texnik reglamentlarni qoʻllashga doir uslubiy tavsiyalarni ishlab chiqishni, davlat nazoratini amalga oshirishni, shuningdek vakolatli davlat organlarining standartlashtirish va texnik jihatdan tartibga solish boʻyicha xalqaro tashkilotlar faoliyatida ishtirok etishini moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti hisobidan amalga oshiriladi. Texnik reglamentlarni ishlab chiqish dasturida nazarda tutilmagan texnik reglamentlarni ishlab chiqishga oid ishlarni budjet mablagʻlari hisobidan moliyalashtirishga yoʻl qoʻyilmaydi. 49-modda. Nizolarni hal etish Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi. 50-modda. Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish Oʻzbekiston Respublikasining quyidagi qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritilsin: 1. Oʻzbekiston Respublikasining 1993-yil 28-dekabrda qabul qilingan “Metrologiya toʻgʻrisida”gi 1004-XII-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasining 2020-yil 7-aprelda qabul qilingan OʻRQ-614-sonli Qonuni tahririda) (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2020-yil, № 4, 254-modda; 2021-yil, 4-songa ilova) 28-moddasiga quyidagi oʻzgartishlar kiritilsin: birinchi qismdagi “texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarning” degan soʻzlar “oʻlchashlarning yagona birlikda boʻlishini taʼminlashga doir normativ hujjatlarning” degan soʻzlar bilan almashtirilsin; ikkinchi qismdagi “texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarning” degan soʻzlar “oʻlchashlarning yagona birlikda boʻlishini taʼminlashga doir normativ hujjatlarning” degan soʻzlar bilan almashtirilsin. 2. Oʻzbekiston Respublikasining 1996-yil 26-aprelda qabul qilingan “Isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi 221-I-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1996-yil, № 5-6, 59-modda; 2002-yil, № 4-5, 74-modda; 2003-yil, № 5, 67-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2005-yil, № 12, 413-modda; 2006-yil, № 10, 536-modda; 2008-yil, № 4, 183-modda; 2010-yil, № 10, 380-modda; 2013-yil, № 10, 263-modda; 2014-yil, № 1, 2-modda; 2016-yil, № 4, 125-modda; 2017-yil, № 6, 300-modda, № 9, 510-modda; 2018-yil, № 1, 1-modda; 2019-yil, № 12, 891-modda; 2021-yil, 4-songa ilova; 2022-yil, № 1, 4-modda) 1-moddasining sakkizinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin: “normativ hujjatlar — texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar hamda boshqa hujjatlar (shaharsozlik normalari va qoidalari, davlat farmakopeyasi hamda farmakopeya maqolalari), texnik tavsiflar, retsepturalar, shuningdek tovarning (ishning, xizmatning) sifatiga va xavfsizligiga doir majburiy talablarni oʻz ichiga olgan boshqa hujjatlar”. Quyidagilar oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin: 1) Oʻzbekiston Respublikasining 1993-yil 28-dekabrda qabul qilingan “Mahsulotlar va xizmatlarni sertifikatlashtirish toʻgʻrisida”gi 1006-XII-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Kengashining Axborotnomasi, 1994-yil, № 2, 50-modda); 2) Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Kengashining 1993-yil 28-dekabrda qabul qilingan “Mahsulotlar va xizmatlarni sertifikatlashtirish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunini amalga kiritish haqida”gi 1007-XII-sonli Qarori (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Kengashining Axborotnomasi, 1994-yil, № 2, 51-modda); 3) Oʻzbekiston Respublikasining 2000-yil 31-avgustda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi 125-II-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2000-yil, № 7-8, 217-modda.) IV boʻlimi; 4) Oʻzbekiston Respublikasining 2003-yil 25-aprelda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi 482-II-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2003-yil, № 5, 67-modda) IX boʻlimi; 5) Oʻzbekiston Respublikasining 2006-yil 6-aprelda qabul qilingan “Mahsulotlar va xizmatlarni sertifikatlashtirish tartib-taomillari soddalashtirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-31-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2006-yil, № 4, 157-modda) 1-moddasi; 6) Oʻzbekiston Respublikasining 2006-yil 10-oktabrda qabul qilingan “Tadbirkorlik subyektlarini huquqiy himoya qilish tizimi takomillashtirilganligi hamda ularning moliyaviy javobgarligi erkinlashtirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-59-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2006-yil, № 10, 536-modda) 6-moddasi; 7) Oʻzbekiston Respublikasining 2009-yil 23-aprelda qabul qilingan “Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-213-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2009-yil, № 4, 140-modda); 8) Oʻzbekiston Respublikasining 2013-yil 4-oktabrda qabul qilingan “Muvofiqlikni baholash toʻgʻrisida”gi OʻRQ-354-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2013-yil, № 10, 262-modda); 9) Oʻzbekiston Respublikasining 2013-yil 7-oktabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-355-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2013-yil, № 10, 263-modda) 6-moddasi; 10) Oʻzbekiston Respublikasining 2014-yil 11-dekabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-381-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2014-yil, № 12, 343-modda) 5-moddasi; 11) Oʻzbekiston Respublikasining 2015-yil 20-avgustda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga xususiy mulkni, tadbirkorlik subyektlarini ishonchli himoya qilishni yanada kuchaytirishga, ularni jadal rivojlantirish yoʻlidagi toʻsiqlarni bartaraf etishga qaratilgan oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-391-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2015-yil, № 8, 312-modda) 43-moddasi; 12) Oʻzbekiston Respublikasining 2016-yil 20-yanvarda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining Bojxona kodeksi qabul qilinishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-401-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2016-yil, № 1, 2-modda) 1-moddasi; 13) Oʻzbekiston Respublikasining 2016-yil 25-aprelda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-405-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2016-yil, № 4, 125-modda) 22-moddasi; 14) Oʻzbekiston Respublikasining 2016-yil 26-dekabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-416-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2016-yil, № 12, 383-modda) 20 va 24-moddalari; 15) Oʻzbekiston Respublikasining 2017-yil 13-iyunda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-436-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2017-yil, № 6, 300-modda) 32-moddasi; 16) Oʻzbekiston Respublikasining 2017-yil 14-sentabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-446-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2017-yil, № 9, 510-modda) 68 va 72-moddalari; 17) Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 24-dekabrda qabul qilingan “Baʼzi davlat organlarining faoliyati takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-597-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 12, 891-modda) 15 va 18-moddalari; 18) Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 14-yanvarda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-666-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, № 1, 13-modda) 9-moddasi; 19) Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 21-aprelda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-683-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, 4-songa ilova) 38, 194 va 219-moddalari. 51-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin. 52-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi: hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin; davlat boshqaruvi organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin. 53-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy oʻtgach kuchga kiradi. Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV Toshkent sh., 2023-yil 27-fevral, OʻRQ-819-son (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.02.2023-y., 03/23/819/0113-son; 29.11.2023-y., 03/23/880/0905-son; 18.10.2025-y., 03/25/1088/0948-son) |