Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Сурхон» профессионал футбол клуби» масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги давлат улушини «FC-Surhan» масъулияти чекланган жамиятига сотиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5887-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, профессионал футбол клублари фаолиятига хусусий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг «Сурхон» профессионал футбол клуби» масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги давлат улушини «FC-Surhan» масъулияти чекланган жамиятига номинал (баланс) қийматда тўғридан-тўғри сотиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
2. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:
бир ҳафта муддатда «Сурхон» профессионал футбол клуби» масъулияти чекланган жамиятининг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан тезкор мустақил аудит текширувини ўтказиб, аниқланган клубнинг кредитор қарздорлиги 2023 йил 10 январга қадар бартараф этилишини;
бир ой муддатда «Сурхон» профессионал футбол клуби» масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги давлат улушининг белгиланган тартибда «FC-Surhan» масъулияти чекланган жамиятига номинал (баланс) қийматда берилишини таъминласин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Устав капиталидаги давлат улушлари давлат органлари ва хўжалик жамиятларига ўтказиладиган футбол клублари рўйхатининг 13-позицияси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Давлат активларини бошқариш агентлиги Спорт вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда профессионал футбол клублари устав фондидаги давлат улушларини салоҳиятли хусусий инвесторларга сотиш бўйича таклифларни Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясига киритсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси У.Б. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 6 январь,
4-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.01.2023 й., 09/23/4/0008-сон; 05.04.2023 й., 09/23/142/0197-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)