Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИНИНГ ТАКЛИФЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Банк тизимини юқори малакали мутахассислар ва тажрибали раҳбарлар билан янада мустаҳкамлаш, банк ахборотларини ҳимоя қилиш, маблағларнинг ўғирланишига олиб келувчи ижозат берилмаган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, шунингдек, бу соҳадаги коррупция, порахўрлик ва таъмагирликларга қарши курашни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг:
республика барча банк тизимининг вилоят, шаҳар ва туман бўлим (филиал)лари раҳбарларининг фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан вазифага тайинланишлари ва вазифадан бўшатилишлари тартибини белгилаш тўғрисидаги;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки аппарати таркибида Ички хавфсизлик махсус бошқармасини ташкил этиш ва унинг зиммасига коррупция, порахўрлик, таъмагирлик ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга қарши кураш масалаларини юклаш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил19 январь,
15-сон